Қалбларни яйратган миллий куй-наво
Ҳафта давомида қаттиқ ишлаб, жума куни кечки пайт табиат қўйнида, миллийликка бурканган муҳитда, яна жонли ижрода куй-қўшиқлар тинглаб, рақслар томоша қилиб ҳордиқ чиқаришга нима етсин?!
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ишчи-ходимларга ана шундай имкониятни тақдим этди.
Ўтган ҳафта кенгаш ташаббуси билан Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан ҳафталик ташкил этилганди. Мазкур тадбирлар “Қадриятлар қадр топган уюшма” бадиий-мусиқали кеча билан якунига етди. Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи музейида бўлиб ўтган байрамона дастур меҳмонлар ва иштирокчилар учун ўзига хос туҳфа бўлди.
Унда санъатнинг анъанавий йўналишидан тортиб, миллий ва замонавий рақс, мақом, эстрада, халқ чолғулари йўналишидаги бир-биридан жозибали чиқишлар намойиш этилди. Айниқса, баҳаво табиат бағрида, жонли ижрода янграган куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Тадбирда касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Баҳтиёр Маҳмадалиев бошчилигидаги бир гуруҳ меҳмонлар иштирок этди. Тадбирга ташриф буюрганлар дастлаб узоқ йиллик тарихга эга бўлган амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи музейини томоша қилишди. 13 та кўргазмалар залига эга ушбу масканда юртимиз ҳудудларида аҳоли кенг шуғулланиб, ривожлантириб, санъат даражасига етказган ҳунармандчилик ишларининг намуналарини кўришингиз мумкин. Масалан, Чуст дўппилари ва пичоқлари, Марғилон атласлари, Риштоннинг сопол идишлари, зардўзлик, каштачилик, гиламчилик намуналари…Улар билан танишар экансиз, халқимизнинг бой маданий мероси ва ижоди борлигини, аждодларимиз азалдан ижодкор халқ бўлганини тушуниб етасиз.
Музей биносининг шарқона услубдаги кўриниши алоҳида бир тарих. Бу ерга келган туристлар нақшларни, улардаги ранглар уйғунлигини соатлаб томоша қилишади. Бухоро ва Хоразм услубидаги ноёб заргарлик ишлари кўргазмалар қаторидан жой олган бўлишига қарамасдан, нафис дид билан ишлангани боис жозибасини ҳали-ҳамон йўқотмаган. Музейда, шунингдек, ўлкамизнинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган кийиниш маданияти, анъаналарини ҳам кўришингиз мумкин.
– Тўғрисини айтсам, бугунги миллий руҳдаги кеча, жонли ижродаги чиқишлар менга жуда ёқди, маза қилиб дам олдим, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Ташкилий ишлар бўлими мудири Шоҳида Бегимқулова. – Ижрочиларнинг кўпчилигини танимасак-да, аммо истеъдодли ёшлар экан. Уларни кўпроқ саҳнага олиб чиқиш керак, деган фикр ўтди хаёлимдан.
Ҳа, ташкилотчилар бадиий-мусиқали кечани касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишлаб, ушбу нодавлат жамоатчилик уюшмаси барча санъат турларини қадрлаб келаётгани, йиллар давомида маданиятимиз қанчалик ривож топганини кўрсатиб беришни мақсад қилганди. Меҳмонлар олқишлари, юз-кўзида порлаб турган қувонч ва ҳаяжонларидан ана шу мақсадга эришилганини сездик. Зеро, ўзлигимиз, миллийлигимиз бизнинг бир қисмимиз, ҳамроҳимиз. Биз усиз, у бизсиз мукаммал бўлолмайди. Тадбир иштирокчиларининг ҳар бир чиқишдан дилдан яйраб ўтирганларини кўриб буни яна бир бор ҳис қилдик.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0