Қурилиш материаллари корхоналари реестри ташкил қилинади
Йил якунигача қурилиш материаллари саноатида 2,4 млрд долларлик 312 та лойиҳани бажариб, 16 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш миқдорини 53 триллион сўмга, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.
Президент Мирзиёевга қилинган соҳага доир тақдимотда мутасаддилар ушбу кўрсаткичларга эришиш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.
Давлат раҳбари соҳада сифат, таннарх ва қурилиш маданияти энг долзарб масала эканини таъкидлади. Замонавий технологияларни жорий этиб, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, юртимиздаги бунёдкорлик ишларида улардан кенгроқ фойдаланиш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Бунга эришишда илм-фан ва амалий ишланмалар муҳим. Шу мақсадда соҳа бўйича “R&D” тадқиқотлар маркази очилди, Германиядан маслаҳатчи жалб қилинди.
Мисол учун, ариқ ва канал юзалари учун ўрамли бетон қопламаси тайёрлаш технологияси бўйича иш бошланган. Натижада бетонлашга кетадиган вақт ва харажат 10 фоизга, сув сарфи 3-5 фоизга камайиши ҳисоб-китоб қилинган.
Президент геология ва илмга катта эътибор қаратиб, ички ва ташқи бозорлар учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш зарурлигини таъкидлади. Энергия ва ресурс сарфи юқори йўналишларни таҳлил қилиб, тежамкор инновацион ечимларни қўллаш муҳимлиги қайд этилди.
Ўтган йили тармоқдаги йирик корхоналар энергия аудитидан ўтказилганда 300 миллион киловатт соат иқтисод қилиш имконияти аниқланган. Бундай корхоналарда технологияни янгилаш ҳамда иш тартибини оқилона ташкил этиш орқали харажатларни камайтириш мумкинлиги айтилди.
“Шаффоф қурилиш” платформасида қурилиш материаллари корхоналари реестрини ташкил қилиб, у орқали сифат назоратини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 10 мингга яқин корхона фаолият юритмоқда.
Бу йил биринчи чоракда ишлаб чиқариш 8 фоизга, экспорт эса 11 фоизга ўсган, инвестиция дастури доирасида 500 миллион долларлик 9 та йирик лойиҳа ишга туширилган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0