Ўтган йили юртимизда 12 миллиондан ортиқ киберҳужумга уриниш ҳолатлари қайд этилган–маъсул
Конференция давомида мутахассислар кибержиноятларнинг тобора кўпайиб бораётганига алоҳида тўхталишди. Шу нарсани ёдда тутиш керакки, кибержиноятлар анъанавий жиноятларга қараганда ўта тезкор, кўлами кенг, масофа билмайдиган, ҳудуд ва вақт танламайдиган, аниқлаш мушкул бўлган жиноятлар турига киради.
Шундай экан, савол туғилади. Хўш, биз бугун шундай жиноятларга қарши курашишга тайёрмизми? Давлат органларимиз, мутахассисларимиз билим ва малакаси етарлими? Уларни талабга жавоб берадиган моддий-техник базаси борми? Идоралар ва банклар ўртасида ўзаро ҳамкорлик етарлими?
Энг асосийси, бизнинг қонунларимиз талабга жавоб берадими, улар бундай иллатга қарши тура оладими?
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов бу ҳақда шундай рақамларни очиқлади.
– Бугун жамиятимизда биргина кибержиноятлар кўлами қолган барча бошқа анъанавий жиноятлар сонига етиб бормокда. Статистик маълумотларга кура дунёда кунига бир ярим миллионга яқин кибержиноятлар содир этилар экан.
Маълумотларга кўра, ўтган йили юртимизда 12 миллиондан ортиқ киберҳужумга уриниш ҳолатлари қайд этилган.
Энг ёмони уларни фош этишдаги муаммолар, айрим нопок шахсларни жазодан қутулиб қолишига, жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминланмасдан қолишига ва охир-оқибат жабрланган аҳолида масъул давлат органларидан норозилик кайфиятини шаклланишига сабаб бўлади.
Бугун биз ҳатто “киберкоррупция” деган атамадан фойдаланишни бошладик.
Албатта, бугунги кунда Ўзбекистонда ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу масалада, Давлат Раҳбарининг алоҳида қарор ва фармонлари ҳам қабул қилинди. Банклар томонидан шубҳали молиявий амалиётлар ҳақида тезкор хабар бериш, сохта қўнғироқларни чеклаш тизимини жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда биз парламент вакилларини ташвишга солиб турган муҳим масалалардан бири – бу сунъий интеллект! Аниқроғи, сунъий интеллектни қўллашни ҳуқуқий тартибга солиш масаласи!
Ҳаммамиз жуда яхшигина фойдалана бошладик, анча ишимизни енгиллаштириб олдик. Лекин, сунъий интеллектдан фойдаланиш жиловини қўлга олмасак, эртага ундан ғаразли мақсадда фойдаланмоқчи бўлганлар учун жуда катта имконият яратиб қўямиз.
Конференция давом этмоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0