Навоийнинг энг гўзал сири – Ангидон бўйлаб фотосаёҳат
Ўзбекистонда иқлим ўзгариши юз бераётган, шаҳарликлар аномал саратонга дош беролмаётган бир пайтда Ангидон ўз чилласини салқин, тўкин-сочинлик ва ҳузур ичида ўтказмоқда. Бугун Ishonch.uz фотоҳикояси орқали Навоий вилояти Хатирчи туманининг яна бир кичик “Швецарияси” билан танишасиз.
Хатирчи туманидан 50-60 км узоқликда жойлашган, Оқтов тоғ тизмалари орасига беркиниб олган Ангидон ўзининг гўзаллиги, боғларию сарҳил мевалари билан ажралиб туради. Узоқ дашту адирларни босиб келганингиздан сўнг қуёшдан пана қилиб қўйилган бу мўжазгина қишлоқ аҳолиси чорвачилик ва туризм орқали даромад қилади.
Ангидонда бир нечта меҳмон уйлари, савдо дўконлари, дам олиш учун сойлар устидан ўтган чорпоялар билан бирга нурайман деб турган этник услубдаги лойсувоқ уйларнию чанг кўчаларни ҳам учратасиз.
Шунингдек, барча чекка ҳудудлардаги муаммолар – сув, газ ва чироқ бу қишлоқни ҳам четлаб ўтмаган. Ҳартугул газ балонлари 45-50 кунда келиб туради бироқ газ 30 кунга қолмай тугаши бор гап.
Ангидоннинг “Фармон бибиси”
Қишлоқда қизиқ воқеалар ва қаҳрамонлар доим топилади. Самимий, содда, рўзғор ташвишидан ортмайдиган лекин ҳузур-ҳаловатда ўзларини бахтли ҳис қиладиган аҳоли доим ҳаётидан рози, доим ҳаракатда.
Ангидон бўйлаб саёҳат қиларканмиз юқорида айтганимдай бугун камдан-кам ўзбек оилаларида кузатиладиган, миллий қадриятларимиз сақланиб қолган ноодатий оила билан танишдик.
Ёнма-ён жойлашган бир уйда 4 ўғли ва келинлари, неваралари билан яшайдиган Имомова Ҳанифа она 70 ёшдалар. 70 йилки Ангидонда истиқомат қилади, фарзандлари, келинларига бош-қош. Шу сабабдан Ҳанифа онани маҳалладошлар “Фармон биби” деб чақиришади.
“Мен майли дейман, келинларимнинг ўзи бир-биридан айрилгиси келмайди, болаларига, уй ишларига қарашади, қачон қарама тўртови йиғилиб тикиш қилган, кулишиб ўтирган бўлади, невараларим ҳовли бўйлаб югуриб юради. Бошқалардан камроқ пулимиз бордир, улардай ҳашаматли яшамасмиз лекин ҳаммадан боймиз деб ўйлайман. Бугун замон оғир, аҳилликдан, соғликдан ортиқ бахт борми, қизим?” –дейди Ҳанифа она.
Хатирчи Навоий вилоятининг энг олис туманларидан, Ангидон эса мана шу олисликнинг энг чиройли сири бўлса керак. Бугунги хулосам Навоий томонга келганлар бу сирни излаб кўрмаса, ҳавосию манзарасига мафтун бўлмаса яшадим демасин экан.
Эъзоза Умурзоқова
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0