Жамият нега асабий?
Урганчга бекатларда тўхтайдиган (эскилари ҳозир ҳам дуч келган жойда тўхтайди), кондиционерли замонавий автобуслар келган. Ҳар томонлама қулай. Айримлар кўниколмаётган жиҳати, автобусга минган заҳоти тўлов қилиш керак. Чиқиш бошқа, тушиш бошқа эшикдан.
Хуллас, бир аёл, тартибдан бехабар шекилли, автобусга тушиш эшигидан чиқди. Ҳайдовчи тўлов қилишни сўраганди, “Оласан шу уч минг сўмингни” дея бошланган гап нақ уч дақиқа давом қилди. Шофернинг ўғрилиги-ю, одамларнинг инсофсизлиги, раҳбарларнинг порахўрлигигача қолмади. Ёши каттароқлар аёлни ҳай-ҳайлашганди, уларни гап билан узиб олди. Шофер ҳам тўлиб турган эканми, “Қачон кўрдинг ўғирлик қилганимни? Пулни тўла” дея овозини баландлатди.
Кейинги пайтларда шундай ҳолатларга сиз ҳам кўп дуч келяпсизми? Одамлар тегма нозик бўлиб қолганга ўхшайди. Ҳаётимизнинг турли жабҳаларида, кўчада, ишда, бозорда, ҳатто уйда ҳам асабийлик тобора соя солаётгандай. Жаҳл қилиб гапирамиз, бир-биримизни тушунишни истамаймиз.
Невропатологлар, психологлар, кўпни кўрган инсонлар билан бу ҳақда суҳбатлашганимизда, иқтисодий қийинчиликлар, маънавий, ижтимоий муаммолар асабларимизга таҳдид солаётганини айтишди.
-Эҳтиёжларимизнинг ошиб бораётгани, юкламаларнинг кўплиги, кредитлар, тўхтовсиз ахборот оқими ва бошқалар кишиларни доимий стрессда юришга мажбур қилмоқда,-дейди невропатолог Элбек Болтаев.- Ҳузуримга келадиган беморларнинг ҳар ўнтадан еттитаси бетоқат. Уларга навбатда туриш, саволларимга жавоб бериш ҳам малол келади. Дорилар тез таъсир қилмаса, янада жаҳл билан келишади. Асабийликни, умуман ҳеч бир касалликни фақат дори-дармон билан даволаб бўлмайди. Яшаш тарзимиз, одатларимиз, ишимиз, овқатланишимиз, ҳамма-ҳаммаси саломатлигимизга таъсир кўрсатади. Атрофимиздаги муҳитни яхшиламасдан туриб, соғлиғимизни мустаҳкамлай олмаймиз.
Асабийлик болаликдан бошланяпти десам, қўшиласизми? Ҳозир боғча боласининг ҳам зиммасида масъулият бор. Ўзини зиёли деб билан ота-оналар фарзандини уч-тўрт ёшдан репититорга беришади. Математикани, хорижий тилларни ўрганиши керак. Уйдагиларнинг у билан ўйнашга вақти йўқ. Кўчага ёлғиз чиқаришга қўрқишади. Боиси, интернетда болалар билан боғлиқ турли ноҳуш хабарлар кўп тарқалади. Кимдир ўғирлаб кетиши, машина қоқиши мумкин деб ўйлашади. Энг қулайи -қўлига телевизор пультини ёки телефон туқазиш. Тинч ўтирса бас. Боланинг асаблари буларга дош беролмаслиги ҳеч кимга қизиқ эмас. Бироқ, ҳозирги болалар жуда инжиқлигидан кўпчилик шикоят қилади.
Мактаб ўқувчилари елкасидаги юк янада оғирлашган. Дарслардан сўнг ёқса ёқмаса, ўқиса ўқимаса репититорга бориши керак. Эрки ўзида бўлганлари (ота-онаси хорижда ёки боласига бепарво) компьютер ўйинлари билан машғул. Кечаси билан ухлаш ўрнига интернетда нималарнидир томоша қилади. Буларнинг ҳаммаси асабни кемиради.
Вояга етган шахс эса кўпроқ пул топиш илинжида ҳам ўқиши, ҳам ишлаши, ҳам ўз устида изланиши керак. Ўқимаган кишилар эса уззу кун жисмоний меҳнат билан банд. Баъзида биз яшаш учун ишлаяпмизми ё ишлаш учун яшаймизми, фарқлай олмай қоламиз.
Бир тарафда эса ахборот оқими тўфон каби ёпириляпти. Керакли-кераксиз, зарарли маълумотлар ҳам онгимизни эгаллаб олмоқда. Соғлом турмуш тарзидан эса тобора узоқлашяпмиз. Китоб мутолааси, табиат бағрида сайр қилишдан кўра, виртуал дунёдаги ўзгаларнинг ҳаётига кўпроқ қизиқиш билдирамиз. Баъзилар шу "виртуал ҳаёт"нинг таъсирида ўз ҳаётидан безади, ўзини ночор, бахтсиз ҳис қилади. Нега бошқалар бой-бадавлат, ялло қилиб юрибди, мен эса турмуш қийинчиликларига чидашга мажбурман дея ич-этини ейди. Бу эса ўз-ўзидан асабларни таранглаштиради. Ҳаловатдан айиради. Айнан ҳаётни бор ҳолича қабул қилмаслик маънавий тушкунликка етакламоқда. Яшашдан мақсадимизни унутиб қўйяпмиз. Мажбуриятларимиз ёдимиздан чиқяпти.
Буларнинг ёнига ишсизлик, миграция, тобора қимматлашаётган коммунал тўловлар, кредит, қарз-ҳавола каби иқтисодий муаммоларни ҳам қўшсак, асабийлашмасликнинг иложи йўқдай туюлади. Оқибатда асабийлик юқумли касаллик каби тарқаляпти.
Яқинда меҳнати қадр тормаётган бир аёлнинг дардларига қулоқ тутиб, адолат мезонларининг заифлашуви ҳам кишини асабийлашишга мажбур қилишини кўрдим. Аёл ногирон ота-онанинг ёлғиз фарзанди. Уларга қарайман дея турмуш қурмаган. Онаси вафот этибди. Ота тўшакка михланган.
-Болалигимдан ота-онамга кўмакчи бўлиб келдим. Мактабда яхши ўқимадим. Ҳозирда фаррош бўлиб ишлайман. Атрофимдагилар, жамоамдагилар мени одам ўрнида кўришмайди. Энг оғир ишларни буюришади. Бир миллион сўм ойлик оламан. Коммунал тўловларимга зўрға етади. Ишдан ташқари вақтимда бировларнинг уйларини тозалаб пул топаман. Чарчаб кетдим,-ҳўнг-ҳўнг йиғлайди аёл.
Тўғриси, унинг муаммоларидан кўра, соғлиғидан ҳавотир олдим. Аёл жуда асабийлашар, қўлларини нуқиб, бақириб гапирарди. У айримларга ўхшаб йўлига йиғламаётганди, дард уни шу даражада эзиб ташлагани кўриниб турарди.
Бу аёлнинг қўни-қўшниси, қариндошлари қанчалик меҳр-оқибатли экан деб ўйлаб қолдим. Умуман, биз атрофимиздагиларга қанчалик эътиборлимиз? Ҳатто бир уйда яшаб туриб ҳам бир-бирига бегоналар бор. Айнан бир-биримиздан узоқлашаётганимиз, ёнимиздаги яқинимиздан виртуал дўстимизни устун қўяётганимиз ҳам тушкун кайфиятни келтириб чиқармаяптими? Ўзаро мулоқот камайиб бораётганлиги туфайли фикримизни тўғри ифодалай олмаймиз. Натижада бизни тушунишмайди. Оқибатда ҳар икки томон асабийлашади.
Бир нарчани унутмайлик, инсон табиатан жамиятда яшашга муҳтож. Буларнинг ҳаммаси жамиятдаги руҳий мувозанатни издан чиқармоқда. Кўпни кўрган, зиёли инсонлар бундан ҳавотирда. “Бу кетишда 20-30 йилдан кейин ҳаёт издан чиқиб кетмайдими?” дегувчилар бор. Жамиятда муносабатларни мустаҳкамлаш, одамларни депрессиядан асраш учун зарур чораларни кўришга тўғри келади. Аввало, ижтимоий тармоқларда маънавий-ахлоқий мавзулардаги чиқишларни кўпайтириш керакка ўхшайди. Боиси, бугун кўпчилик телевизор кўрмайди, газета, китоб ўқимайди. Таълим-тарбия муассасаларида ахлоқий мавзуларда кўпроқ гапириш керак. Такрорланаверса, бола қулоққонди бўлиб улғаяди, биров илмаса, биров илади. Бундан ташқари, таълим муассасаларидаги тўгараклар номига эмас, амалда ишлашига эришишимиз керак. Фақат суратга тушиб, видеога олиб, ҳисоботга тикиб қўйган билан, аҳвол ўнгланмайди. Қолаверса, болаларни меҳнатга ўргатишнинг ҳеч айби йўқ.
Иш жойларида ҳам қоғозбозликни, юкламаларни бироз камайтирган маъқул. Токи ходим оиласи бағрида, болалари билан вақт ўтказишга ҳам вақт топсин.
Бизда аналоги йўқ маҳалла институти бор деб мақтанишни яхши кўрамиз. Маҳалла қўмитаси фақат жанжалкаш оилаларни яраштириш, камбағал оилалар билан ишлашдан ортиб, одамларни жипслаштиришига ҳам имкон бериш керак. Маҳаллаларда спорт тадбирлари, турли танловларни кўпайтириш зарур. Токи, одамлар интернетдан бош кўтариб, қўни-қўшниси билан танишсин.
Яна бир муҳим жиҳатни унутмайлик: кўпинча асабийликка ҳақиқий ҳаётий қийинчиликлар эмас, балки сунъий муаммолар ҳам сабаб бўлади. Дабдабали тўй қилиш, қимматбаҳо кийим кийиш, автомашина олишни асосий мақсадга айлантириш кўпчиликни қарзга ботиряпти, руҳан эзиб қўйяпти. “Кўрпангга қараб оёқ узат” деган халқ нақлини ёдда тутиш керак.
Умуман, асабийликни енгмасдан туриб жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириб бўлмайди. Усиз эса барқарор тараққиётга эриша олмаймиз.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0