Наманганда фельдшерларга 370 миллион сўмдан ортиқ устама пуллар ундирилди
Наманган вилоятида тез тиббий ёрдам марказининг 15 нафар фельдшери фойдасига суд қарори чиқарилди. Унга кўра, тиббиётчиларга умумий ҳисобда 370 миллион 170 минг сўм миқдорида устама пули ундириб бериладиган бўлди.
Маълумотларга кўра, ушбу тиббиёт ходимлари 2022 йил 1 ноябрдан буён Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиалида реанимация бригадаси фельдшерлари сифатида ишлаб келган. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли қарорига мувофиқ, уларнинг лавозим маошига соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароити оғир бўлгани учун 25 фоизли устама тўланиши керак эди.
Бироқ Наманган филиали томонидан бу талаб бажарилмаган. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти кенгаши ушбу ҳолат бўйича судга мурожаат қилди.
Дастлаб туманлараро суд даъвогарнинг талабини рад этган бўлса, апелляция тартибида иш қайта кўриб чиқилиб, адолат қарор топди — фельдшерларга устама пуллари ундириб берилиши ҳақида ажрим чиқарилди.
Касаба уюшмаси маълум қилишича, ташкилот ходимлари ишчи ва хизматчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этишни давом эттирмоқда.
Анваржон ҲАЛИМОВ,
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0