Декрет пули кимга 75 фоиз, кимга 100 фоиз тўланади?
– Университетда ўқитувчи бўлиб ишлайман, ҳозир ишлаётган университетимга 2022 йил 20 декабрда ишга келганман, ундан олдин бошқа университетда ишлаганман. Умумий узлуксиз стажим – 6 йил.
Савол:
2023 йил 1 декабрдан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқаман. Менга университет бухгалтерияси сиз 12 ойдан кам ишлагансиз, шу сабаб 75 фоиз декрет пули чиқади деябди. Янги меҳнат кодекси бўйича 100 фоиз тўланиши керак деб эшитган эдим. Айтинг-чи, қонун бўйича менга декрет пули нечи фоиз тўланиши керак?
Шоҳида Саломова,Тошкент шаҳри
Ушбу саволга Касаба уюшмалари Федерацияси юристи Лола НИШОНОВА жавоб беради:
– Сизга 75 фоиз тўланади. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Презиндентининг ПҚ 2699-сонли қарорига 2018 йил 5 апрелда ПФ – 5398 сонли фармон асосида киритилган ўзгаришга кўра: аёл ходимнинг ишга қабул қилинган кунидан бошлаб 12 ойгача ишлаб, сўнг ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқса ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида, ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан ортиқ вақт меҳнат қилиб, кейин ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқса ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
Эътибор берган бўлсангиз, “аёл ходим ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойгача” жумласи қўлланилган. Мана шу жумла аёл ходимнинг умумий иш стажини эмас, аксинча ўша ташкилотга ишга кирган вақтидан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун иш стажи ҳисобланишини англатмоқда.
Хулоса қиладиган бўлсак, сизнинг ишга кирганингизга 12 ой бўлмаганлиги учун, сизга ўртача иш ҳақининг 75 фоизи миқодирида декрет пули берилади.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 404-моддасига кўра ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0