"Ўзбеккўмир" АЖ масъуллари 200 миллион сўмгача ойлик олиши айтилмоқда
Ижтимоий тармоқда "Ўзбеккўмир" АЖ масъул шахслари ойига 30 миллиондан, 200 миллион сўмгача ойлик маош олиши илова қилинган рўйхат пайдо бўлди.
Илова қилинган рўйхатда "Ўзбеккўмир" АЖ бошқарув компанияси - "Central Asia Energy" МЧЖ XK бош директори Н.К.Назаров бир ойда 175 191 906 сўм; бош директори В.В.Кузнецов - 104 127 742 сўм; Бош директорининг молия ва иқтисод масалалари бўйича ўринбосари Э.О.Якубов - 23 663 291 сўм; бош муҳандиси З.У. Иномхўжаев - 38 451 060 сўм; Коррупцияга қарши курашиш хизмати бошлиғи Э.Э.Аманов - 32 985 689 сўм; ижро аппарати Персоналларни бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Н.М.Юлдашева - 32 259 689 сўм маош олгани кўрсатилган.
Бироқ раҳбарлари ана шундай йирик маош олиши айтилаётган тизимда талон-тарожликлар ҳам етарли. Сўнгги бир ой ичида кўмир маҳсулотлари жойларда тинимсиз талон-тарож қилингани ҳақидаги хабарлар сўзимиз тасдиғи.
Масалан, Андижон вилояти Бош прокуратураси маълумотига кўра, сўнгги ойда Андижонда жами 7 миллиард сўмлик 23 минг тонна кўмир маҳсулотлари ўғирланган. Кўмир таъминоти МЧЖнинг Андижон тумани омбори мудири 362,3 миллион сўмлик 1220 тонна, Булоқбоши тумани мансабдори 178,3 миллион сўмлик 445,5 тонна, Жалақудуқ тумани кўмир омбори мудири 421,7 миллион сўмлик 1419 тонна аҳоли учун арзон нахрларда етказилиши керак бўлган кўмирни талон-тарож қилган.
Жалақудуқ тумани ҳокими ёрдамчиси Д.И. ўз ваколатидан фойдаланиб, 44 та хонадон учун 38,1 тонна кўмирни имтиёзли нархда ажратиб бериш эвазига 600 АҚШ доллари пора талаб қилгани аниқланган.
Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ҳам қарийб бир миллиард сўмлик кўмирни талон-тарож қилганлик ҳолати фош этилган. “Кўмир таъминот” МЧЖнинг вилоят филиали тасарруфидаги
“Мароқанд” ҳудудий кўмир омбори мудири 368,1 млн. сўмлик 1225,6 тонна, “Зиёвуддин” кўмир омбори мудири эса 549,5 млн. сўмлик 915,9 тонна кўмирни ноқонуний йўллар билан сотиб юборган.
Шунингдек, яқинда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Тошкент вилояти филиали бошлиғи қўлга олинганини, бир фуқарони ишга жойлаб қўйиш эвазига 50 минг АҚШ доллари сўрагани хабар қилинган эди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0