Бухоролик ўқувчиларнинг қирувчи самолёти фашистларга қандай зарба берган эди?
Иккинчи жаҳон уруши энг даҳшатли паллага кирган 1942 йил фронтга ҳарбий самолётлар тайёрлаб жўнатиш собиқ СССР учун мушкул масалага айланиб қолади. Шу даврда бутун иттифоқ мамлакатларида мактаб ўқувчилари, пионерлар, умуман меҳнаткашлар томонидан фронт учун пул йиғиш оммавий ҳаракати бошланади.
Ўша даврда бухоролик пионерлар ҳам оёққа қалқиб мазкур тадбирнинг энг фаол қатнашчиларидан бирига айланадилар. Шу йилнинг октябр ойидан фронтга самолёт тайёрланиши учун зарур бўлган маблағни йиғишни бошлаб юборадилар.
Ўша пайтларда Бухоро вилоятининг ҳозирги ҳудудидан ташқари Навоий ва Қашқадарё вилоятларининг бир қатор туманлари ҳам Бухоро таркибида бўлгани боис у ерлик пионерлар ҳам бухороликлар билан бирга ҳаракатни бошлайдилар. Керакли суммани йиғиш учун ўқувчилар асосан метал буюмларни йиғиб топшириш ва ундан олинган маблағ, шунингдек, оила аъзолари томонидан ўқувчиларга мактабдаги кундалик харажатлари учун тақдим этилган пулларни фронт учун тўплай бошладилар. Ва ниҳоят 1943 йил биринчилардан бўлиб Бухоро шаҳри ўқувчилари пул йиғишни якунлаб, мудофаа фондига 10300 сўм пул йиғиб топширганлар. Иккинчи бўлиб ғиждувонлик ўқувчилар фондга ўз ҳиссаларини келтириб бердилар.
Эътиборлиси, ҳозирги кунда ҳам ўта сердаромад саналадиган мазкур туман вакиллари уруш йилларида ҳам 42500 сўм миқдоридаги вилоят миқёсидаги энг кўп маблағни мудофаа фондига топширганлар. Учинчи ўринда шофирконликлар ўттиз бир минг эллик сўм йиғиб берганлар. Тўртинчи ўринда ҳозирда Навоий вилоятига қарашли Қизилтепа тумани ёшлари 9300 сўм тўплаган.
Шундан сўнг Вобкент, Жондор, Ромитан, Пешкў, Олот, Қоракўл ва бошқа районлардан пионерлар ҳам мудофаа фондига ўзларининг маблағларини тақдим этдилар.
Умумий ҳисобда Бухоро ўқувчилари 313550 сўм пул миқдоридаги маблағни мудофаа фондига 1943 йил ўрталаригача йиғиб бердилар.
Ушбу маблағ Анн русумидаги қирувчи самолёт тайёрланишига сарфланди ва бу самолётга Бухоро ўқувчиси номи берилиб фронтга жўнатилди. Ушбу қирувчи учоқ душманнинг бир неча ҳарбий базаларига ҳужум қилгани ва кўплаб ҳарбий танкларни портлатиб йўқ қилиб юборгани ҳақида маълумотлар архив маълумотларида сақлаб қолинган.
Бухоролик ўқувчи ёшлар урушда бевосита қатнаша олмасалар-да, фронт ортида туриб душманга зарба берганларининг ўзи ўша давр ёшлари қаҳрамонлигининг энг юксак кўринишларидан бири эди.
Дилдора Иброҳимова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0