1 ноябрдан ўзбекистонда нималар ўзгаради?

10:37 | 31.10.2026
•
36
1 ноябрдан ўзбекистонда нималар ўзгаради?
Катталаштириш

1 ноябрдан мамлакатимизда бир қатор муҳим қонунчилик ўзгаришлари кучга киради. Хусусан, реклама SMS хабарлари фақат абонент розилиги билан юборилади, айрим фуқароларга пенсия мурожаатсиз тайинланади, тадбиркорлар учун электр ва газ тўловларида енгилликлар жорий этилади.

Реклама SMS ва қўнғироқларига чеклов.

Реклама хабарлари ва қўнғироқлари фақат фуқаронинг олдиндан ёзма ёки электрон розилиги билан амалга оширилади. Бундай хабарларни соат 18:00 дан 09:00 гача юбориш тақиқланади. Абонент истагига кўра, уларни тўлиқ ёки қисман блоклаш имконияти ҳам яратилади.

Айрим фуқароларга пенсия автоматик тайинланади.

Корхона тугатилиши ёки иш ҳажми қисқариши сабабли ишсиз деб эътироф этилган шахсларга умумий пенсия ёшидан икки йил олдин ёшга доир пенсия мурожаатсиз тайинланади. Имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга фуқаролар эса Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz орқали мурожаат қилиши мумкин.

Суюлтирилган газ таъминотининг янги тизими.

«Ҳудудгазтаъминот» ҳузурида LPG-Trade компанияси ташкил этилади. У аҳоли учун суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиш ва етказиб бериш билан шуғулланади. Газ аҳолига давлат томонидан белгиланган чакана нархларда сотилади. Нархлар ўртасидаги фарқ бюджет ҳисобидан қопланади.

Тадбиркорлар учун электр ва газ тўловлари енгиллашади. Автоматлаштирилган ҳисоблагичлардан фойдаланадиган ва масофадан бошқариш имконияти мавжуд тадбиркорлар ойлик истеъмол учун 15 фоиз олдиндан тўлов қилади. Аввал бу кўрсаткич 100 фоиз эди. Шунингдек, ёзма ҳисобот топшириш ва қоғоз шаклида шартнома расмийлаштириш мажбурияти бекор қилинади. Сўнгги икки ойда тўлов интизомини бузганларга имтиёз татбиқ этилмайди.

Иссиқхоналарга электр харажатлари учун субсидия.

2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1 апрелгача махсус иссиқлик сақловчи «кўрпа»дан ёки энергия самарадор «яшил» иситиш ускуналаридан фойдаланадиган иссиқхоналарга октябрь-март ойларида сарфланган электр энергияси қийматининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Патруль хизматлари назорати кенгаяди.

Патруль-пост ва қўриқлаш хизматлари маҳаллаларнинг ички кўчаларида ҳам фаолият олиб боради. «112» орқали хонадонларда содир бўлган ҳодисалар ҳақида келиб тушган хабарлар бўйича ҳам тезкор етиб боришлари белгиланган. Жамоат тартибини бузган шахсларнинг айрим оммавий тадбирларга кириши вақтинча чекланиши мумкин.

Халқаро курьерлик жўнатмалари арзонлашади. Божхона расмийлаштируви учун ҳар бир килограмм брутто вазнига ундириладиган йиғим БҲМнинг 2 фоизидан 1,6 фоизига туширилади. Амалдаги 8 800 сўмлик тўлов 7 040 сўмни ташкил этади.

«Яшил макон» лойиҳаси: кузги кўчат экиш мавсуми.

1 ноябрдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кўчат экиш ишлари бошланади. Республика бўйича кузда жами 140 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Бошқа ҳудудларда экиш ишлари ноябрь ойида босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Apple Pay ва Google Pay хизматлари.

Ўзбекистонда мазкур тўлов хизматларидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. 27 октябрдан iPhone фойдаланувчилари маҳаллий банк карталарини Apple Wallet'га улашни бошлади. Google Pay хизмати ҳам ишга туширилди. Uzcard ва Humo карталарини Apple Pay'га улаш бўйича ишлар давом этмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади