РЕКЛАМА ЭМАС, СИФАТ БИЛАН ЎРНИНИ ТОПАЁТГАН МАКТАБ

Яхши таълим шунчаки дарс ўтиш эмас. У боланинг қобилиятини кашф этиш, билимга қизиқишини уйғотиш ва катта мақсадлар сари дадил қадам ташлашига ёрдам беришдир. Бугун хусусий таълим муассасалари кўпаяётган бир пайтда ота-оналарни ўйлантираётган савол ҳам шу.

«Бу ерда устозлар фарзандимни ўқишга қизиқтира оладими?», «Таълим сифатлими?»
«Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан «Rustam Bosimov International School» (RBIS) хусусий мактабига уюштирилган пресс-турда шундай саволлар билан бир қаторда таълим бозоридаги талаблар, рақобат ва танденциялар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдик. Мактабнинг ўзига хос таълим муҳити, замонавий ёндашуви, ёш ва салоҳиятли педагоглари, қолаверса, олдига аниқ мақсад қўйган ёшлари ОАВ вакилларида илиқ таассурот қолдирди.
RBIS тарихи 2016 йилда ташкил этилган «Rustam Bosimov» ўқув марказидан бошланган. Мактаб асосчиси Рустам Босимовнинг математика олимпиадаларида орттирган тажрибаси ва ҳудудлардаги иқтидорли болаларга сифатли таълим бериш истаги мазкур ғояга туртки бўлган.

– Дастлабки мақсадимиз математикага қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва қобилиятини ривожлантириш эди, – дейди Рустам Босимов. – Вақт ўтиши билан фақат битта фанни чуқур ўргатишнинг ўзи етарли эмаслигини, болаларга чет тиллари, мустақил фикрлаш ва халқаро таълим имкониятларига тайёргарликни ҳам қамраб олган яхлит ўқув муҳити зарурлигини англадик. Шу тариқа ўқув марказини умумтаълим мактабига айлантириш ғояси шаклланди.
Беш йиллик тажриба асосида 2021 йил ноябрда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида умумий ўрта таълим мактаби очилди. Дастлаб 20 нафар ўқувчи ва 7 нафар ходим билан иш бошлаган муассасанинг Гулистон кампусида бугун 630 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, ходимлар сони 100 нафарга етган.

2026-2027 ўқув йилида мактабнинг Тошкент филиали ишга туширилди. Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кампусда 1-11-синфлар учун 19 та синфхона, лаборатория, кутубхона, спорт ва фаоллар заллари ҳамда ошхона мавжуд. Журналистларга ушбу инфратузилманинг ўқув жараёнидаги ўрни ҳақида маълумот берилди.
– Тошкент филиалимиз жорий ўқув йилида фаолият бошлади, – дейди филиал директори Сарвар Қодиралиев. – Ҳозир 300 нафар ўқувчига мўлжалланган мактабда 200 нафар бола таҳсил олмоқда, уларга 30 нафардан ортиқ педагог таълим беряпти. Қисқа вақт ичида дастлабки натижалар ҳам қайд этилди. Хусусан, муассасамиздаги уч нафар ўқувчи IELTS имтиҳонидан 7,5 балл олишга эришди. Яна бир 10 ёшли ўқувчимиз эса инглиз тилидан Республика бўйича ўтказилган олимпиадада мутлақ ғолиб деб топилиб, «Трекер» автомобили ғолиби бўлди.
Мактабнинг асосий мақсади шунчаки билимли ёшларни тарбиялаш билан чекланмайди. У ўзбекистонлик ўқувчиларни дунёнинг нуфузли, хусусан, халқаро рейтингларда ТОП-100 таликка кирувчи университетларда таҳсил олишга тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу мақсаднинг ўзиёқ эътиборга молик. Чунки бугунги ёшлар фақат маҳаллий билим ва имкониятлар билан чекланиб қолмаслиги, дунё билан рақобатлаша оладиган салоҳиятга эга бўлиши керак.
Тўрт соат математика – зерикиш эмас, имконият
Пресс-тур давомида бизни энг кўп қизиқтирган жиҳатлардан бири дарс жараёнлари бўлди.

Синфхоналарга кириб, ўқувчиларнинг қандай таълим олаётганини кузатдик. Айниқса, математика дарси эътиборимни тортди. Маълум бўлишича, ўқувчилар кун давомида тўрт соатгача ҳисоб илми билан шуғулланишар экан. Албатта, беихтиёр савол туғилади, шунча вақт математика ўқиган бола, зерикиб қолмайдими?
Ўқитувчининг жавоби эса янада ўзгача бўлади:
– Математикага қизиқиш бола масаланинг ечимини ўзи топган пайтдан бошланади. Ўқувчи мавзуни тушуниб, мустақил фикрлашга ўрганса, тўрт соатлик машғулот ҳам унга оғирлик қилмайди. Биз оддий мисоллардан мураккаб масалаларга босқичма-босқич ўтамиз, ҳар бир боланинг ўзлаштириш даражасига эътибор қаратамиз. Бизнинг мақсадимиз шунчаки мисол ечишни ўргатиш эмас, болада ўз билими ва имкониятига ишонч уйғотишдир, – дейди математика ўқитувчиси Жўрабек Абдиев.
У ўзи Самарқанд давлат университетида бакалавр ва магистратурани тамомлаб, Хитойда Phd даражасини олган. Халқаро майдонда бўлган устоз-муаллим. Болалар билан ишлашни, уларни қандай қилиб фанга қизиқтиришни ҳам яхши билади. Шу боис дарсда ўтирган мактаб ўқувчиларини саволга тутганимизда ҳам улар ўз фикрларини эркин баён этишди. Педагог Ж.Абдиевнинг мулоҳазасини тинглар эканмиз, қанийди, бошқа устозлар ҳам ўқувчиларга ана шундай ёндошишса, деган хаёлга бордик. Жумладан, у «Болага шунчаки мавзуни ўргатиш эмас, унинг тушунишига эришиш керак. Ўқувчи тушунган сари фанга қизиқади, қизиққан сари эса натижа кўрсатади», – дейди. Дарс жараёнларида ўйин элементлари, қизиқарли топшириқлар ва интерактив методлардан фойдаланилиши ҳам ўқувчиларнинг фаоллигини оширмоқда.

Ёш педагоглар, масъулият ва халқаро мезонлар
Мактабдаги яна бир эътиборимизни тортган жиҳат, педагоглар таркиби бўлди. Дарс бераётган устозларнинг аксарияти ёш, замонавий фикрлайдиган, ўз касбига меҳр қўйган мутахассислар. Уларнинг хорижий тилларни билиши, фанлар бўйича билим даражаси ва педагогик маҳорати алоҳида эътиборга лойиқ. Мактаб раҳбариятининг таъкидлашича, ишга қабул қилишда фақат диплом ёки фан бўйича сертификатларнинг ўзи етарли эмас. Номзодларнинг халқаро даражада педагогик маҳоратни баҳолайдиган сертификатга эга бўлишлари ҳам талаб қилинади. Чунки кучли мактабни замонавий бино, чиройли синфхоналар ёки илғор технологиялар эмас, айнан ўз билимини ўқувчига содда ва қизиқарли усулда етказиб бера оладиган педагоглар яратади. Унинг энг катта бойлиги – ўқитувчилар. Боланинг қалбига йўл топа оладиган, ҳар бир ўқувчининг имкониятини кўра биладиган устозгина ҳақиқий натижага эришади.
Ота-онани ҳам, ўқувчини ҳам ишонтирадиган нарса таълим сифати
Пресс-тур давомида ўқувчилардан бири билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, аввал бошқа бир хусусий мактабда таҳсил олган, бунинг учун ойига 12 миллион сўм тўлаган. Аммо, у ердаги таълим сифати ва дарс жараёнлари кутилганидек бўлмагани сабабли бошқа мактаб излашга мажбур бўлган.“Rustam Bosimov International School” ҳақида эшитгач, бу ерда ўқишни бошлаган. Энг қизиғи, унинг олдига қўйган мақсади ҳам аниқ. Америкада таҳсил олиш. У айнан шу мактабни ўз орзусига элтувчи йўлда тайёргарлик кўриш учун танлаганини айтди.
Шундан ҳам билиш мумкинки, бугун ота-оналарнинг ҳам, ўқувчиларнинг ҳам танлови ўзгарган. Улар 5-10 йил олдингидек шароит ва жиҳозлари билан мақтанган мактабни эмас, сифатли таълим масканини излашмоқда, танлашмоқда.
Демак, юртимизда хусусий секторнинг ривожи ота-оналар учун танлов имкониятини оширибгина қолмай, балки сифатли таълим бозорида кураш ва рақобатни ҳам юзага келтиряпти. Ана шу энг муҳим ва зарур жиҳат, назаримизда.
Бу жараёнда «Ўзсаноатқурилишбанк» каби молия муассасаларининг хусусий таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим. Зеро, тадбиркорлар учун молиявий имкониятларнинг кенгайиши янги мактаблар очилишига, рақобатнинг кучайишига ва пировардида таълим сифатининг ошишига хизмат қилади.
Зебо Намозова
Ishonch.uz
Акмал Миракмалов олган суратлар







