Хатирчи қуёши фойдада ёхуд қуёш панелли икки олис хонадон иқрори

“Бир кунда икки соат, уч соат свет ёнса, 10 соат, тўққиз соат свет бермасди”, деб эслайди Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон маҳалласида яшовчи нафақахўр Шоира хола Қаршиева.


2025 йилда у томига қуёш панели ўрнатган. Энди эса электр учун пул тўламайди, аксинча, ортиқчасини давлатга сотади. Аммо бу фақат оила бюджетига эмас балки томда ишлаб чиқарилган ҳар бир киловатт-соат электр иссиқлик станциясида ёқилмай қолган газ ва ҳавога чиқмаган карбонат ангидрид орқали табиатга ҳам фойда келтирди.


Хатирчилик тадбиркор Дилмурод Холиқовни ҳам қуёш панелини ўрнатишга айнан қишки узилишлар ундаган: “Қиш фаслларида кўп чироқ ўчарди. Ток етишмаслигидан узоқ йиллар жабр кўрдик. Ҳозир набираларимиз, болалар бор, улар дарсини қилиши керак. Уй эса ёруғ ва иссиқ туриши шарт!” 2025 йил августида унинг томига 9 та панелдан иборат 5 кВт тизим ўрнатилди. Оила айтишича, ёзда панель кунига 13–18 кВт· соат электр беради, ортиғи давлатга сотилади. Аввал ойига 40–100 минг сўм тўлаган оила энди электр учун пул тўламайди, аксинча, ҳар ой тушум олади. Аммо кредит тўлови ҳозирча бу тушумдан катта. “Уч йил ўта-кетар, кейин умрбод шу хонадонимга, фарзандларимга, невара-чевараларимга хизмат қилиб беради”, дейди у.



Шоира Қаршиева учун эса панель аллақачон ўзини оқлаяпти. Унинг 8 кВт тизими ёзда ойига 1–1,2 млн сўм, қишда бунинг ярмича тушум келтиради, 800–900 минг сўмлик кредит тўлови эса шу пулдан узилади. “Бемалол ўзини ўзи қоплайди. Уйда ҳар хонада кондиционер, кир ювиш машиналари, телевизорлар бор. Шуларданам ортиб давлатга ҳам сотамиз” дейди Қаршиева.


Иқлим ўзгаришида қандай таъсири бор деган саволимизга “Ўрнатганимдан бери фақат фойда олдим, бирор бир иқлимни ўзгартирганини сезмадим” деб самимийгина жавоб олдик.
Кўрсаткич | 1-оила (Холиқовлар) | 2-оила (Хўжақўрғон МФЙ) |
Тизим | 5 кВт, 9 панель, аккумуляторсиз; 2025-йил август | 8 кВт, аккумуляторсиз; 2025-йил ёзи |
Нарх ва молия | Агробанк: 22 млн сўм, фоизи билан 32 млн сўм, 3 йил | Агробанк: 22 млн сўм, 20 фоиз, бошланғич тўловсиз, 6 ой имтиёз |
Ойлик кредит тўлови | 1,3 млн → 980–990 минг сўм | 200–300 минг (имтиёз) → 800–900 минг сўм |
Электр ҳисоби | 40–100 минг сўм → 0 | 50–100 минг сўм → 0 |
Тармоққа сотишдан | ёзда 480–500 минг, қишда 180–230 минг сўм/ой | ёзда 1–1,2 млн, қишда 500–600 минг сўм/ой |
“Қуёшли хонадон” дастурида тармоққа узатилган ҳар бир кВт·соат учун давлат 1 000 сўм тўлайди.



Суҳбатдошимизнинг фикри табиий, чунки панелнинг иқлимга фойдаси уйда эмас, газ ёнадиган станцияда сезилади. Энергетика вазирлигининг очиқ маълумотларига кўра, кичик қуёш панеллари 2023–2026 йилларда 4,7 млрд кВт·соат электр бериб, 1,27 млрд куб метр газни тежаган ва 2,7 млн тонна иссиқхона газининг олдини олган. Бу ҳар 1 000 кВт·соатга тахминан 270 куб метр газ ва 575 кг чиқинди демак. Холиқовларнинг тизими йилига 4–5 минг кВт·соат берса, у ҳар йили 1,1–1,4 минг куб метр газни тежайди ва 2,3–2,9 тонна чиқиндининг олдини олади. Аммо панелли хонадонлар ҳали 8,2 млн маиший истеъмолчининг атиги 1 фоизи дейди Гидрометеорология илмий тадқиқот институти амалий иқлимшунослик лабораторияси мудири – Эркин Абдулахаров.

Биз суҳбат қурган муҳандис ҳам панелнинг афзалликларини таъкидлайди. НКМК АЖ 2-сонли гидрометаллургия заводи муҳандиси Суҳробжон Носиров “Қуёш панели ёқилғи талаб қилмайди ва хонадон аъзолари учун мутлақо хавфсиз” дейди, унинг фикрича, у электр харажатини 70–90 % гача тежаш имконини беради. Агар аккумуляторли тизимлар ўрнатилса, уйда ҳатто тунда ҳам узлуксиз чироқ, музлатгич ва телевизор ишлаб туради.


Аммо бундай тизим икки оилада ҳам бажарилмаган. Уларда аккумулятор йўқ ва Шоира Қаршиева буни шундай очиқлайди: “Ҳозир бошқаларда свет ўчса, бизда ҳам ўчади. Лекин чироқ қишлоқда яқин 5 йилда олдингидай кўп ўчмаяпти”. Унинг фикрича, аккумулятор бир-икки йилда ишдан чиқади. Иккинчи чеклов эса қиш: “Булут бўлганларда кам ишлайди”, дейди у, иккала оиланинг қишки тушуми ҳам ёздагидан икки баробар ва ундан ҳам кўпроқ камаяди. Муҳандис суҳбат давомида панелни йилига 1–2 марта ювиш керак дейди, лекин иккинчи оила бу ишни кўпроқ ёмғирга топширган. Икки оила ҳам ўрнатган компанияда 3 йиллик кафолат бор.
Муҳими, давлат томонидан ўйлаб чиқилган “Қуёшли хонадон” қуёш панелини ўрнатиш лойиҳаси ечим сифатида ишлаяпти, аммо уни кенгайтириш учун яна уч нарса керак.
Биринчиси, арзон кредит: фоиз Холиқовларнинг 5 кВт тизимини 22 млн сўмдан 32 млн сўмга қимматлаштирган ва унинг тушуми кредит тўловини қопламайди, 8 кВт тизимда эса қоплайди.
Иккинчиси эса ишончли сервис. Ўрнатувчилар тозалаш хизматини йўлга қўйиши керак. Учинчиси, барқарор қоидалар. Масалан, кВт соатига 1 000 сўмлик тўловнинг узоқ муддатли кафолати ва аккумуляторга рағбати бўлиши керак. Бухородаги бир дастурда уйларга панель билан бирга 4,8 кВт соатлик аккумулятор ўрнатилаётгани бунга мисол.
Бу масалалар мамлакат миқёсида ҳам долзарб. Ўзбекистон 2035 йилгача ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газларини 2010 йилга нисбатан 50 фоизга камайтиришни ва 2030 йилгача электрнинг 54 фоизини қайта тикланувчи манбалардан олишни мақсад қилган. Мамлакат бу ташаббусларини 9–20 ноябрда Антальядаги COP31 иқлим саммитида тақдим этади. Хатирчидаги икки оилада кондиционер, сув иситгич ва кир ювиш машинаси аллақачон ўз қуёш электрида ишламоқда. Бу электрлаштиришнинг қишлоқдаги кичик, аммо ҳақиқий кўриниши. Аккумулятор, адолатли кредит ва ишончли сервис билан тўлдирилса, бундай томлар Марказий Осиёнинг энергетика келажагини қувватлантиради.
Эъзоза Умурзоқова
Ishonch.uz







