1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Парвоз ЭЛМИРЗАЕВ: Ўқитувчи касбига қизиқиш ортяпти
– 1995 йилда мактабимизни 56 нафар ўқувчи битирган эди. Синфдошларимиз орасидан мен ва яна бир дўстим олий ўқув юртига ўқишга кирганмиз. Ўшанда бу хабар қишлоқда “шов-шув” бўлгани, ота-онамиз, қариндош-уруғларимиз бу билан фахрлангани ҳамон ёдимда. Ўшанда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси бўлиш масъулиятини унча ҳис қилмаганман. Ўқишни битириб келганимдан сўнг бу касб нақадар оғир ва шарафли эканини англаб етганман, – дея хотирлайди Парвоз Элмирзаев.
Дарҳақиқат, ўқитувчи – халқ маънавий оламининг дурадгори. У маърифат улашувчи, инсонларни эзгулик ва яратувчанликка чорловчи маёқ кабидир. Агар у билимли бўлса ва билганларини ёш авлодга ўргатишдан завқланса, бундан ортиқ бахтни ҳис этолмайди. Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги 50-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Парвоз Элмирзаевни ҳам ана шундай саодатманд, фидойи, меҳнаткаш, халқпарвар ўқитувчилардан бири, дейиш мумкин.
– Ўқитувчи мактабга келар экан барча ғам ташвишларини ортга ташлаб келиши керак. Фақат ёш авлодга сифатли таълим-тарбия беришни ўйлаши лозим, – дейди Парвоз Элмирзаев. – Ўқувчиларим билан доим самимий гаплашаман, лекин қаттиққўллигим ҳам бор. Ўқувчининг юқори кўрсаткичга эришиши унинг оиладаги тарбиясига ҳам боғлиқ. Агар бола тарбияли бўлмас экан, у билан шуғулланиш жуда мураккаблашади. Натижага эришиш қийинлашади. Шу боис тарбия жуда муҳим. Масалан, мактабимизда ўқувчилар 9-синфни тамомлагач, саралаймиз. Касб-ҳунарга қизиқувчиларни ҳунар ўргатадиган ўрта-махсус таълим йўналишларига жўнатамиз, олий таълимда ўқишни давом эттиришни мақсад қилганларни эса олиб қоламиз. Шунинг учун ўқувчиларимизнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи юқори.
Туманнинг олис тоғли қишлоғи бўлмиш Равотда 25 йилдан бери болаларга сабоқ бериб келаётган, устозлик мақомига эришган Парвоз Элмирзаев яқинда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мурабийлар куни арафасида мамлакатимиз Президентининг фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– 15 сентябрь куни Президентимиз ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот ўтказди ва мен ушбу анжуманда бевосита иштирок этдим, – дейди Парвоз Элмирзаев. – Шу жараёнда Президентимиз ташаббуси билан таълимга чексиз имкониятлар яратилаётганини юрак-юрагимдан ҳис қилдим. Ўқитувчи бўлганимдан фахрландим. Мамлакатимиз раҳбари ўқитувчи ва мураббийлар учун қатор имтиёзлар берилиши тўғрисида эслатиб ўтдилар. Янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши, келгуси ўқув йилида давлат олий ўқув юртларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши шулар жумласидандир. Бундай имкониятлар, албатта, педагог ходимларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига муносиб ҳисса қўшади. Президентимиз кўксимга “Шуҳрат” медалини тақаётган лаҳзалардаги ҳаяжонимни, севинчимни эса сўз билан ифодалай олмайман.
Таъкидлаш жоизки, кейинги саккиз йиллик даврда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш борасида халқаро андозаларга мос ислоҳотлар йўлга қўйилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари сезиларли даражада кўтарилди. Уларнинг малакасини ошириш борасида замонавий таълим дастурлари ишлаб чиқилди. Ўқув дарсликлари мазмунан янгиланди. Бир сўз билан айтганда, ўқитувчилар жамиятда обрў топди. Бу эса кўплаб ёшларда ушбу касбга нисбатан меҳр уйғонишига туртки бермоқда.
– 2000 йилда шу мактабда математика фанидан болаларга дарс бера бошлаганман. Ўшанда битирувчи синф ўқувчилари орасида камдан-кам педагогика йўналишини танлашарди, – дейди Парвоз Элмирзаев. – 2015 йилгача тайёрлаган шогирдларимдан бор йўғи 3 нафари ўқитувчи бўлди. Энди бугунги кун билан қиёсласам, масалан, шу йилнинг ўзида 13 нафар битирувчимиз педагогика йўналишига ўқишга кирди. Бу билан нима демоқчиман, бугун ҳукуматимиз томонидан таълим-тарбия соҳасига қаратилаётган эътибор ва имкониятларни нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар ҳам ҳис қилишмоқда, англамоқда. Негаки айни кунда ўз соҳасини мукаммал ўзлаштирган миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлган олий тоифали устоз-мураббийлар бир ставка дарс билан минг доллардан ошиқроқ ойлик маош олиши мумкин. Энг муҳими бу даромад билан бугунги бозор иқтисодиёти даврида яхши яшаши, замонавий уй-жой қуриши, машина миниши мумкин. Масалан, ўзим шундай ўқитувчилар қаторидаман.
Парвоз Элмирзаев ҳам таълим соҳасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган, тажрибали педагоглардан. Ўз соҳасида миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритган, олий тоифага эришган. 25 йиллик фаолияти давомида у тайёрлаган ўқувчилар бугунги кунда мамлакатимиздаги нуфузли олийгоҳларни тамомлаб, жамиятнинг турли жабҳаларида фаолият юритмоқда.
– Математика – фанларнинг шоҳи деб бежиз айтилмаган, – дейди Парвоз ака. – Бу фанни ҳамма билиши керак. Агар тракторчи математикани яхши билса, у ҳайдаган ердан икки марта кўп ҳосил олиш мумкин. Бу факт. Инженер ҳам, дастурчи бўлсангиз ҳам, физик ёки киёгар бўлсангиз ҳам математикани билиш талаб этилади. Шунинг учун ҳар бир соҳада математика керак. Ҳар битта дарсимни ҳаётий мисолларга боғлайман. Математикани яхши билган ўқувчи бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштиради. Ҳаётда қоқилмайди.
Бундан 30 йил олдин қишлоғидан бир ўзи педагогика йўналишида ўқишга кирган Парвоз Элмирзаевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ўтган йиллар давомида маҳаллада олий маълумотлиларнинг сони кескин ортди. Ўқитувчи эса болаларга нафақат таълим-тарбия бериш, балки уларни ҳаётда ўз ўрнини топиши учун ҳам астойдил меҳнат қилмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар эса унинг орзу-мақсадларига уйғун тарзда кечмоқда.
– Сўнгги йилларда мактаб дарсликлари тубдан ислоҳ қилинди, – дейди Парвоз Элмирзаев. – Вариатив ва танлов синфлари ташкил этилди. Яъни мактаб ўқувчилари ўзи танлаган йўналишга қараб фанларни танлаш имконига эга бўлди. Масалан, иқтисод йўналишини танлаган ўқувчига фақат математика ва инглиз тили фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Кейинги йилларда битирувчи ўқувчиларимиз 100 фоиз ўқишга киряпти. Бунинг ортида албатта, меҳнат ётибди. Буни тагида ўқитувчиларга берилаётган имкониятлар турибди. Берилган давлат мукофоти шараф албатта, лекин бу катта масъулият ҳам юклайди. Фаолиятим давомида билдирилган эътибор ва юклатилган масъулиятга, келажак авлодни сифатли ўқитиш ва янада юқори натижаларни қўлга киритиш орқали оқлашга ҳаракат қиламан.
Парвоз Элмирзаевнинг жорий ўқув йилида ҳам 15 нафар ўқувчиси мактабни битиради. Устознинг шогирдларидан кўнгли тўқ. Келгуси йилда ҳам ўқувчилари олий ўқув юртига кириши бўйича 100 фоизлик натижа қайд этишини ишонч билан таъкидламоқда.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0