“Тоҳир ва Зуҳра” фильмидаги Хоразм маликаси: урушда қаҳрамонлик кўрсатган Зебо Ғаниева
1942 йилнинг 23 май куни Ленинград областидаги Врагово қишлоғида Зебо ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатади. У тепаликда мерганлик позициясини эгаллаб турганида немислар қишлоқни ташлаб чиқа бошлайдилар. Қаҳрамонимиз ўз шериклари билан уларни ўққа тутади ва олти фашистни ер тишлатади.
У ўткир кўзли снайпер бўлиб, юздан ошиқ душманни ер тишлатган. Шунингдек, иқтидорли актриса ҳам эди. Бу – Зебо Ғаниева.
Иккинчи жаҳон урушининг энг мураккаб ва қонли жангларидан бири Москва қамалида ҳимоячилар орасида ўзбек халқининг қизлари ҳам жанг қилган.
Қаҳрамонимиз 1923 йилнинг 20 августида туғилган. Уруш бошланганда Зебо ўн олти ёшда бўлиб, Москвадаги театр санъати институтида ўқирди. Даҳшатли воқеалар хавфи туғилгач, институт Шарққа эвакуация қилинадиган бўлди. Aммо кўпчилик талабалар фронтга бориб, қўлга қурол олиб ватанни босқинчилардан ҳимоя қилиш истагини билдирдилар. Улар қаторида Зебо Ғаниева ҳам бор эди.
Ғаниева фронтда бир қатор жасоратлар кўрсатган. 1941 йил октябридаёқ у Москва яқинидаги дивизиялардан бирининг пулемётчилар ротасида жанг қила бошлади. Қизнинг теран ақли, ўткир кўзлари жуда қисқа вақт ичида унга мерганликни ўрганиб олиш ва қирон келтирилган душманлар саноғини ошириш имконини берди.
Зебо Ғаниева снайперликдан ташқари, разведка ҳунарини ҳам қойилмақом тарзда бажарган. У тез-тез разведкага ҳам бориб турди. Кунларнинг бирида Ғаниева билан дугонаси Нина Соловейга очиқ майдонга чиқиш, эмаклаган ҳолда немис ҳандақларига яқинлашиб бориш ҳамда у ерда нималар бўлаётганини билиб қайтиш ҳақида буйруқ берилди. Қиш пайти эди. Қизлар оппоқ халатларга ўралиб ҳеч кимга сездирмасдан майдонга чиқдилар-да, эрталаб соат бешга яқин душман ҳандақларига етиб бордилар. Улар саккиз соат совуқда қимир этмай, овоз чиқармай ётдилар. Дивизияда эса қизлар совуқда қотиб қолишди, деб ўйлашди. Қоронғи тушгач, ҳар иккиси яна эмаклаб ортга қайтиб келишди.
Қизлар жуда кўп муҳим маълумотлардан воқиф бўлишган эди. Бутун вужудни қулоққа айлантириб немисларнинг ҳар бир сўзини эслаб қолишди. Кийим-бошларини, қуроллару, шошилиб тикилган погонларни ҳам назардан қочиришмади, чунки бу белгилар янгилар келиб қўшилганидан далолат берарди.
Ўша қишнинг ўзида Зебо 16 марта разведкага борди, душман ҳақида муҳим маълумотлар олиб келди. Разведкалар оралиғидаги танаффус пайтларида эса қўлга мерган милтиғини олиб очиқ маррага чиқар ва фашистларни қийратарди.
1942 йилнинг апрель-май ойларида ўз ҳисобига 21 нафар фашистни ёзиб қўйган. Ўз сўзларига кўра, бутун уруш давомида у 129 фашистни йўқ қилган.
1942 йилнинг 23 май куни Ленинград областидаги Врагово қишлоғида Зебо ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатади. У тепаликда мерганлик позициясини эгаллаб турганида немислар қишлоқни ташлаб чиқа бошлайдилар. Қаҳрамонимиз ўз шериклари билан уларни ўққа тутади ва олти фашистни ер тишлатади. Бу пайтда қишлоқда жанг олиб бораётган лейтенант Марченко кўмак сўрайди ва Зебо сафдошлари билан қишлоқ томон югуради. Шу пайт панада ўрнашиб олган автоматчи уларни ўққа тутади. Жасур ўзбек қизи жавоб ўқи билан автоматчини тинчитади, лекин шу пайт йўлланган миномёт зарбаларидан кейинги осколькалардан қаттиқ яраланади.
Зебо Ғанивеани дўстлари – Нина Соловей, Федор Кириллов ва Яков Коляколар жанг майдонидан олиб чиқадилар. Мўъжиза туфайли айнан шу пайтда Москвага учаётган самолётга катта юракли қизни чиқариб юборадилар. Москвадаги госпиталда унга энг яхши шифокорлар ғамхўрлик қилишади. Президиум раиси Николай Шверникнинг турмуш ўртоғи Мария Шверник шахсан ўзи қони зарарланган, оғир аҳволдаги Зебони 11 ой давомида парваришлайди. Соғайганида “барча аёллар ўз фарзандларини 9 ой кўтариб юрадилар ва туғадилар, мен эса сени 11 ой кўтардим”, дея ҳазиллашади Мария. Кейинчалик Зебо Шверниклар хонадонининг тутинган қизига айланади.
518-ўқ полкининг собиқ комсомол ташкилотчиси лейтенант Г.Д. Киевскаянинг "Менинг азиз москваликларим" мақоласида (1968 йил) Ғаниева ҳақида шундай дейилади:
“Москва Театр санъати институтининг 1-курс талабаси Зебо Ғаниева билан танишдим. Фронтда у снайперлик маҳоратини пухта эгаллади ва Шимоли-ғарбий фронтнинг энг яхши снайперларидан бирига айланди. Иккинчи жароҳатдан кейин Зебо шифохонада тахминан икки йил ўтказди. Ҳаёт учун, соғлиқ учун узоқ кураш. Кейин билим учун ўжар кураш. Урушдан кейин у институтни, кейин эса аспирантурани тугатди. Диплом олди".
Зебо Ғаниеванинг жасорати ҳақидаги гап-сўзлар бутун Совет мамлакатига тарқалди. Унинг сурати ва аллақачон 20 нафар фашистни снайпер милтиғи билан йўқ қилгани ҳақидаги хабарлар барча марказий ва маҳаллий газеталарда эълон қилинган. Гитлер қўшинлари Кавказ томон ҳаракат қилганда, у оналарга, опа-сингилларни ва дўстларни ўзларининг Ватанини ҳимоя қилишга чақирганди.
Урушдан кейин Зебо Ғаниева яна санъатга қайтади ва Наби Ғаниев томонидан суратган олинган, “Ўзбекфильм” дурдонасига айланган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида Хоразм маликаси ролини ўйнайди.
У Озарбойжон дипломати Тофик Қодировга турмушга чиқади. Турмуш ўртоғи Собиқ Иттифоқнинг Туркиядаги элчихонасида ишлаган. Кейинчалик улар Москвага қайтишади. Оилада бир нафар ўғил туғилади. Унга Марат дея исм қўядилар. Кейинчалик тарих билан шуғулланган Зебо Ғаниева шарқшунослик фанлари доктори, профессор даражасига кўтарилади.
У узоқ умр кўрган ва 2010 йилда вафот этган. Иккинчи жаҳон урушидаги хизматлари учун “Москва мудофааси учун”, “Қизил байроқ” ордени, “Қизил юлдуз” ордени, I даражали ватан уруши орденлари билан мукофотланган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0