Бир оила учун салкам 2 минг доллар: Тошкентда яшаш ростан ҳам жуда қимматми?
Яқинда Numbeo портали дунёнинг қиммат шаҳарлари рейтингини эълон қилди. Улар орасида Ўзбекистон пойтахти Тошкент охирроқдан ўрин эгаллаган. Яъни, жаҳон даражасида солиштирганда, Тошкент унчалик қиммат шаҳар эмас. Олмаота эса Марказий Осиёнинг энг қиммат шаҳри деб топилди. Numbeo томонидан тақдим этилган яна бир маълумот катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Яъни Тошкентда 4 кишилик оиланинг уй-жой ижарасисиз ўртача ойлик харажатлари 23 млн 39 минг сўм деб баҳоланмоқда.
Ёлғиз яшовчи бир кишининг харажатлари эса ўртача 6 млн 437 минг сўмни ташкил қилади. Айримлар мазкур маълумотлар тўғри эканини айтса, бошқалар бироз бўрттирилган дея талқин қилмоқдалар. Хўш, Ўзбекистон пойтахтида бир оила оддий харажатлари учун бир ойда салкам 2 минг доллар керакми? Ёки хорижий портал маълумотларига бироз бўлсада муболаға борми? Қизиғи, бу борада аввал ҳам таҳлиллар ёзилган. Қуйида бугунги кундан келиб чиққан ҳолда нархларни кўриб чиқиб, халқаро рейтинг тақдим этган рақамларни текширамиз.
Тошкентда яшаш йиллар эмас, ойлар ўтган сайин қимматлашиб бормоқда. Айниқса, оилавий яшовчилар учун пойтахт серхажарат маконга айланган. Биринчи навбатда яшаш учун уй керак, уйларнинг нархи пасайган бўлсада, ҳамма бемалол сотиб оладиган даражагача етганимиз йўқ. Демак, энг аввало ижара ҳақида бош қотириш керак бўлади. Ижарачилар бахтига ижара тарифлари анчадан бери кескин ўсмай қўйди. Бундан ташқари, ижара АҚШ долларига тақрибан белгиланади. Доллар қиймати ҳам анча тушди. Демак ижара нархини ўсишдан тўхтаб турган позитив харажатлардан бири дея оламиз. Ҳозирда Тошкентда ўртача шароитдаги, 4 киши яшай оладиган икки хоналик уйни 350 долларга ижарага олиш мумкин. Бу ҳозирги курсда тахминан 4,3 млн сўм атрофида бўлади. Албатта, 250 долларга 1 хона, ёки 500 долларга 3 хона уйда ҳам яшаш мумкин, бу ҳар бир одамнинг ўз танловидир.
Уй-жой масаласи ижара нархи билан чекланиб қолмайди, албатта.
Коммунал харажатлар ҳам ҳаётимизнинг муҳим қисмига айланиб бўлган. Ёзда жуда иссиқ, қиш эса кучли қаҳратон кузатилмоқда
Бундан шароитда ҳаётни электр, газ ва сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Коммунал тарифлар ҳам жойида тургани йўқ. Улар ҳар йили босқичма босқич оширилмоқда. Масалан, 2025 йил май ойидан бошлаб, газ ва электр нархлари қимматлашди. Жумладан, аввал 200 киловатт соат лимитда нархлар аввалги 450 сўмдан 600 сўмгача оширилди. Газда эса ижтимоий норма 100 кубга туширилди (бунда нарх 380 сўмдан 650 сўмгача ошди). Ичимлик суви нархлари ҳам маҳаллий бошқарув органлари қарорига кўра ошириб борилмоқда. Демак, бир йил ичида коммунал тарифлар 50-70 фоизгача қимматлади. Битта ўртача оила учун коммунал тарифларга камида 350-400 минг сўм зарур десак муболаға бўлмайди.
Уй масаласи ҳал этилгач, озиқ-овқатлар нархига юзланамиз
Афсуски, бу соҳада ҳаммаси жойида эмас. Ўзбекистонда озиқ-овқат нархлари тез ўсиб бормоқда. Миллий статистика қўмитасининг ёзишича, ўтган август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,4 % га ошган. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан тарвуз (28,7 %), қовун (11,7 %), карам (11,4 %), картошка (3,5 %), товуқ тухумлари (2,7 %), парранда гўшти (1,9 %), пахта мойи (1,6 %), қўй гўшти (1,4 %) ҳамда мол гўшти (0,2 %) нархларининг ошиши кузатилган. Айниқса, кундалик эҳтиёжда энг кўп ишлатиладиган гўшт, ёғ, тухум нархлари анчагина кўтарилди. Тошкентда бир килограмм лаҳм гўштни 150 минг сўмдан камига сотиб олиш қийин. Четдан музлатилган гўштларнинг олиб кирилиши ҳам маҳаллий гўшт нархига унчалик таъсир этмади. Бизнинг ҳисобимизга кўра, бир оила озиқ-овқатга бир ойда камида 3,5 млн ажратиши зарур.
Транспорт харажатларига келсак
Тўғри жамоат транспорти нархи анча ҳамёнбоп, аммо кўп ҳолатларда кишилар таксида юришга ҳам мажбур бўладилар. Транспортга ҳам камида 800 минг сўм ажратиб қўйиш зарур.
Ҳаётимизни кийим-кечаксиз тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин кийимларнинг нархи ҳам чўнтакбоп дея олмаймаймиз. Бундан ташқари, об-ҳавонинг кескин ўзгарувчанлиги фонида ҳар мавсумда кийиниш зарурат бўлиб қоляпти. Демак, бир киши камида бир йилда 3-4 марта бозорга тушиб, кийиниши лозим. Кийим-кечак учун ҳам ҳар ойда камида 1,2 млн сўм (100 АҚШ доллар эквивалентида) ажратиб қўйиш зарар қилмайди. Август ва ноябр ойларида, яъни мактаб олди ва совуқ мавсум аввалида кийим-кечакка талаб кескин ортади.
Ўқувчилар масаласига тўхталамиз
Тўғри, давлат мактабларида ўқиш текин, аммо мактаб жараённи мутлақо бепул деб бўлмайди. Ўқув қуроллари, тушлик, турли йиғимлар, кутилмаган харажатлар бор. Кўп ўқувчилар ҳозирда қўшимча пуллик дарсларга қатнамоқда. Ўқувчиларга ҳам камида 800 минг сўм зарур бўлади.
“Обед” масаласичи?
Оиладан икки киши ишласа, уларнинг харажатлари ва тушлиги учун яна қўшимча бир ярим миллион сўм зарур бўлади. Масалан, кўчада тушлик қилишнинг ўзи бугун камида 50-55 минг сўмдан тушмоқда. Бу камида 2,5-3 млн дегани.
Бундан ташқари алоқа, интернет каби тўловларга ҳам 300 минг атрофида маблағ ажратиш керак.
Ҳаётда турли вазиятлар бўлади. Даволаниш, сафар харажатлари, турли йиғимлар, кўзда тутилмаган харжлар олдимиздан чиқиши мумкин. Касаллик, шифохонада даволанишга тўғри келиш ҳолатлари бор. Шунинг учун оила фондида камида 2,5 миллион сўм маблағ (200 АҚШ доллар эквивалентида) турса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Демак, биз Тошкентда яшовчи ўртача оиланинг энг зарур харажатларини ҳисоблаб чиқдик. Демак, бир оила учун айни кунларда яшаш учун ойига ҳеч бўлмаганда 15-16 миллион сўмдан ошиқроқ пул керак бўлар экан. Бунда оилада икки киши пул топса,улар камида 7-8 миллион сўмдан ишлаши зарур бўляпти. Балки, биз яна бошқа факторларни кўздан қочирган бўлишимиз мумкин. Ҳисоб-китоблар расмий статистикага эмас, кундалик кузатувлар ва сўровларга асосланган.
Шу ўринда мавзу бўйича аввал ўтказган кузатувларимиз натижаларини ҳам маълум қиламиз. 2022-йилларда тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бир оила учун 9,5 миллион сўм харажат ҳисобланган бўлса, 2023-24 йилларга келиб, бу рақам кескин ортган ва 13 миллион сўмдан ошиқни ташкил этган. Ҳозирда эса эса бу миқдор15 миллион сўмдан кетмоқда. Гарчи, энг асосий харажатлардан бўлган ижара нархининг ошмай туриши кузатилаётган бўлса ҳам. Аввалги кузатувлар билан солиштирганда ижара нархи деярли ўзгармаган, аммо озиқ-овқат, коммунал ва кундалик харажатда кескин қимматлашув кузатилган.
Энди Numbeo тақдим этган маълумотларга қайтамиз. Портал 23 миллион сўмлик бюджетни келтирган эди. Бизнинг кузатувларимизга кўра эса Numbeo харажатларни бироз ошириб юборган. Яъни рақамлар реалликка яқин, лекин нисбий. Биз ўрта қатлам харажатларини ҳисоблаб чиққан бўлсак, портал келтирган рақамлар ўзига тўқ қатлам сарфини кўзда тутади, десак тўғрироқ бўлади.
Албатта, биз ўзимиз келтирган рақамларни мутлақ ҳақиқат дея даъво қилмаймиз. Уни мулоҳаза қилишни ўқувчининг ҳукмига ҳавола қиламиз.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0