11.11.11. Бу санани яхши эслайман

Тошкентда «временний прописка» қилиш учун эзилиб ўтирибман. Уй ўзимники, лекин «дакимент чатағ».

14:49 | 11.11.2026
•
21
11.11.11. Бу санани яхши эслайман
Катталаштириш

Уй яқин танишим номига олинган. Ижара учун шартнома ҳам, ўзимнинг уйимга ўзим «Гендоверенност» ҳам қилдирганман, унда вақтинча пропискага қўйиш, чиқариш ҳам кўрсатилган. Шуларни йиғиб, паспорт столга бордим. Навбаааааат!

Амаллаб кириб, ҳужжатларни топширдим. Бир йигит синчиклаб кўриб чиқдида, «эгасини чақиринг» деди.
– Эгаси ижарага шартнома қилиб берган, ишончномада ҳам кўрсатилган, – дедим ўзимча ақллилик қилиб.
Амалдор йигитча «жиннимисан» дегандек қаради.
– Ака, эгаси келиши керак. Шарт!
– Укажон, уй ўзимники. Шуларни битиргунча эгасини овора қилавериб юзим қолмади. Шуни қилиб беринг, хизматга тайёрман…
Формали йигит папкани шарт ёпиб, олдимга ташлади ва «Следуший» деди.
Эзилиб чиқиб кетаётганимда хонадаги яна бир офицер «Вуйй, бугун 12 та 11 бўлибди. Бугун 11.11.11, соат 11.11.11 бўлди» деди.
Шундан кейин 10 йил яхши хабар кутдим.

Кеча қурилишдаги усталар телефон қилишди:
– Участковой «времений прописка» деб келди. Телефон қиларкансиз.
– Штраф солмадими?
– Йўқ, вақти бўлганда эгаси бир келсин, деди.

Бу ишлар эсимдан ҳам чиқиб кетган экан. Қўнғироқ қилдим. Бир ака чиройли муомала билан тушунтирди:
– Қашқадарёлик йигитлар ҳовлингизда ишлаяпти экан. Вақтинча рўйхатга ўтказиб қўйишимиз керак. Шу атрофда бўлсангиз олдингизга бормоқчи эдим.
– Ҳужжатларни оволайми?
– Шарт эмас, келаверинг.

Кўришадиган бўлдик. Ярим соатда етиб келди. «Нексия» минган ака ўзини «мен маҳалла профилактика инспекториман, исмим Бобомурод» дея таништирди. Усталарни чақирдим. Ҳужжатларни ҳам сўрамади. Ўзимни планшетга туширди, кейин 9 минутда 4 нафар устани рўйхатга олиб қўйди, 8 мингдан тўладим. Бўлди!
– Эҳтиёт бўлиб ишланглар, соғ бўлинглар, – деди кетар чоғи.
– Замонни қаранг. Сизни кўрсак қочиб кетардик, ушласа, штраф соларди ё тиқиб қўярди. Сиз ўзингиз келиб прописка қилиб беряпсиз. Қойилман!
Бобомурод ака кулиб қўйди…

11.11.26. Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади