170 миллион сўмлик сабоқ
Меҳнат муносабатларида баъзан оддий расмиятчиликдек кўринган қонунбузилиш ҳам иш берувчи учун жиддий молиявий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Буни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан судда ҳимоя қилинган навбатдаги меҳнат низоси яққол исботлади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасида бош мутахассис лавозимида ишлаган М.У. билан тузилган меҳнат шартномаси 2025 йил 9 сентябрда бекор қилинган.
Бироқ, иш берувчи ходимга меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси ҳамда меҳнат дафтарчасини белгиланган муддатда тақдим этмаган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 171-моддасига мувофиқ, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга тегишли ҳужжатларни бериши шарт эди.
Федерациянинг Меҳнат инспекцияси мурожаатни атрофлича ўрганиб, иш берувчига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан кўрсатма киритди. Фойдаси бўлмагач, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан ходим фойдасига 73 миллион сўмдан ортиқ компенсация пули ундириш белгиланди.
Бироқ, Федерация мутахассислари компенсация миқдори тўлиқ ва тўғри ҳисобланмаганини билдириб, суд қарори устидан кассация шикояти киритишди. Пировардида биринчи инстанция суди қарори ўзгартирилиб, ходим фойдасига ундириладиган компенсация миқдори 170 миллион 629 минг 964 сўм этиб белгиланди.
Аслида меҳнат шартномасини бекор қилишда қонуний тартиб-таомилларга риоя қилиш қатъий ҳуқуқий мажбуриятдир. Шундай экан, юқоридаги ҳолатдан барча иш берувчилар сабоқ чиқаришлари лозим.
Гузаля РЗАЕВА
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Мурожаатлар билан ишлаш шуъбаси раҳбари







