Қишлоқ боласини орзулар улғайтиради
Доим етишиши керак бўлган бир юлдузи, эришиши керак бўлган бир ҳаёти бўлади. Улар одамларга эмас кўпроқ табиатга, ҳайвонларга дўст. Ҳаётнинг дазмол етмаган жараёнларида катта бўлади. Шу жараёнлар унда курашиш, эришиш инстинктини уйғотади.
Фотоҳикоямиз қаҳрамони Навоий вилоятининг чекка қишлоқларидан бирида истиқомат қилувчи 10 ёшли Исломбек Бобоқулов.
У Хатирчи тумани Олтинсой қишлоғининг 55-мактаб 3-синф ўқувчиси. Ажойиб табиати, шифобахш суви билан машҳур Олтинсой қишлоғи шаҳар марказидан 80 километр узоқликда жойлашган. Аҳолиси асосан чорвачилик, боғдорчилик билан шуғулланади. Ҳар бир оиланинг чорва моллари бўлиб, уларга қараш болалар зиммасига юклатилган. Бу қишлоқларнинг ёзилмаган ва ҳеч ўзгармас қонунидир.
Исломбекнинг ҳам ўз бузоқчаси ва сигири бор. Уларни адирга бойлаб, кун тиғида сойга олиб тушиб суғоради, сўнг сигири турган жойни ўзгартириб ҳам қўйиши керак. Исломбек бу ишларни бир ўзи қилмайди. Ҳар куни бирга бориб келадиган жўралари бор. Тушда ухлашни ёқтирмасликлари ва бу пайт молларга қараш баҳонасида адирда футбол ўйнаш яхшироқ эканлигини айтади.
— Ерга чўп қадаб, соатни билиб олгач, уйдагилар уйғонишига қайтамиз, — дейди у. Исломбек оилада кенжа фарзанд, акаси ва опаси олий таълимда ўқишади. Ҳовлида қолган ёлғиз фарзандлиги сабабли онасига уй ва дала ишларида қарашади. Ҳар куни товуқ ва жўжаларига дон, сув бериб, тухумларини териб олиш ҳам унинг вазифаси. Китоблар ўқиш, инглиз тили ва математикани ўрганиш жон-у дили. Яқинда туманда ўтказилган инглиз тили ва ментал арифметика мусобақасида биринчи ўринни қўлга киритган.
Мактабни ҳар йили 5 баҳога тамомлайди. ”Яхши ўқисам, яхши одам бўламан. Катта жойларда ишлайман” — дейди у. Орзуси шифокор бўлиш.
Исломбекнинг ҳайратлари улкан, янгиликларга қизиқиши баланд, орзуси кичкина, аммо катта юраги бор.
У эртак китоблардан ташқари, 20 дан ортиқ бадиий китоблар ўқиган. Севимли ёзувчиси — Худойберди Тўхтабоев. Куни кеча “Робинзо Крузонинг саргузаштлари” китобини тугатган. Тез ўқиш бўйича синфида биринчи ўринда туради ва бир китобни ярим тунгача ухламасдан ўқий олади. Исломбекнинг ўқиган китобларига қизиқар эканман, орасида “Меҳробдан чаён” ҳам борлигига ҳайратландим.
— Кутубхонамизда шу китобни кўриб, номига қизиқиб олгандим. Бошида тушунмадим. Шундай бўлса ҳам, ўқиш тезлигим ўсади деб, китобни ўқишни тугатиб қўйдим”, — дея изоҳ беради Исломбек.
Бувиси унинг ўйинқароқлиги ва футболдан бери келмаслигини айтаркан, болакайда футболга қизиқиш баландлигини тушундик. Бундан 2 йил аввал аммаси туғилган кунида совға қилган тўпи ҳам бор экан.
— Бошида томорқамизнинг бўш жойида футбол ўйнардик. Кейин экинларни эзиб ташлаяпсан деб, аям уришди. Энди қаерда бўшроқ жой топсак, ўша ерда ўйнаяпмиз. Мактабимизда фақат волейбол майдончаси бор. Тўгарак ташкил этилган. Унга ҳам қатнашаман. Аммо кўпроқ футбол ёқади. Лекин футбол майдончамиз йўқ, — дейди Исломбек Бобоқулов.
Бугун чекка туманларда имкон кутиб эмас, ўзига имкон яратиб яшаётган Исломбек каби минглаб болалар бор. Уларнинг мўл ўйинчоқлари, замонавий мактаби, ўнлаб фан ва спорт тўгаракларига қатнашиш имконияти йўқ. Қишлоғида қайси бўлса ва асосийси пул топилса, ўшанисига қатнашади. Аммо аксариятининг мақсади яхши ўқиб, яхши инсон бўлиш. Индивидуал дарслар олмаса ҳам, оиласи томонидан таълимига алоҳида эътибор қаратилмаса ҳам, Ўзбекистон келажагини шу болакайлар табиатдан тўйинган жасорати, сабри билан яратади. Уларнинг ҳам жажжи юракчаси Ватан учун уряпти…
Эъзоза Умурзоқова
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0