Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига янги раис сайланди

17:52 | 03.11.2026
•
30
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига янги раис сайланди
Катталаштириш

Бугун Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала — Республика кенгаши раисини лавозимидан озод қилиш ва янги раис сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Дастлаб, саломатлиги билан боғлиқ сабаблар туфайли лавозимидан озод этиш ҳақида ариза ёзган раис — Равшан Бедиловнинг кўп йиллик самарали фаолияти эътироф этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев иштирок этиб, амалдаги раиснинг олиб борган 15 йиллик фаолияти самарали ва ташаббусларга бой давр бўлганини таъкидлади.

Кенгаш аъзолари Муяссар Раҳимова, Ғайрат Баҳодиров, Алижон Мамарасулов, Райхон Носирова, Мирзабаҳром Ботировлар эса улардан соҳанинг ўзига хос тажрибасини ўрганганини айтиб ўтди.

Р.Бедиловнинг бошланғич ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва касаба уюшмаси фаолиятини ривожлантириш борасидаги хизматларига юксак баҳо берилди.
Шундан сўнг Кенгаш аъзолари овоз бериш орқали амалдаги раиснинг аризасини қаноатлантириш масаласини қўллаб-қувватлади ва келгусида раис маслаҳатчиси лавозимида унинг бой тажрибасига таянишларини билдирди.

Республика кенгаши раиси лавозимига шу даврга қадар Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси вазифасида ишлаб келган Абдухалил Рахмонов номзоди илгари сурилди.

Унинг кўп йиллик тажрибаси, ташаббускорлиги, ташкилотчилик қобилияти ва соҳани чуқур билиши инобатга олиниб, номзоди очиқ овоз бериш орқали бир овоздан маъқулланди.

Шу тариқа Абдухалил Рахмонов Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси этиб сайланди.

Янги раис билдирилган ишончни оқлаш, касаба уюшмаси фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш йўлида бор билим ва тажрибасини сафарбар этишга ваъда берди.

Шунингдек, касаба уюшмаси Кенгаши ва Кенгаш Ижроия қўмитаси таркибига ўзгартириш киритиш масалалари ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мажлис давомида Равшан Бедилов тизимдаги кўп йиллик фидокорона меҳнати учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Зебо Намозова,
Қувонч Тўраев,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади