200 кВт-соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмас – Энергетика вазирлиги
Энергетика вазирлиги яқин истиқболда истеъмолчиларга қўлланилаётган ойлик 200 кВт-соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмас, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган материалда сўз боради.
Вазирлик сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган аҳоли учун электр энергияси истеъмолининг 200 кВт-соат ойлик базавий меъёри ҳақидаги масалага эътибор қаратиб, жумладан, шундай муносабат билдиради:
“Ҳукумат ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси ўрганишларига кўра, 2024 йилда республика аҳолиси томонидан жами 21,2 млрд кВт-соат электр энергияси истеъмол қилиниши режалаштирилган. Шундан, йил давомида ўртача ойлик истеъмоли 200 кВт-соатгача бўлган истеъмолчилар жами абонентларнинг 60 фоизини ташкил этади.
Бундан келиб чиқиб ҳамда электр энергияси истеъмоли йил давомида кескин ўзгармаслигини инобатга олиб, йил давомида бир хил базавий меъёр жорий қилинган".
Шунингдек, вазирлик расмий маълумотида ҳозирги вақтда 1 кВт-соат электр энергиясининг таннархи 895 сўмни (ҚҚС билан 1 002 сўмни) ташкил этаётгани айтилади.
Аҳолига етказиб берилаётган ҳар бир кВт-соат электр энергия учун базавий меъёр доирасида 552,4 сўм, 201 кВтдан 1000 кВт-соатгача эса 102,1 сўмдавлат томонидан ҳар бир истеъмолчига қоплаб берилмоқда (1 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш харажатлари 741,93 сўмни, транспортировка харажати 57,8 сўмни, тақсимлаш ва сотиш харажатлари 202,4 сўмни ташкил этади).
Таҳлилларга кўра, жорий йил июнь ойида 71 фоиз аҳоли 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилганлиги аниқланди. Бундан кўринадики, истеъмолчиларнинг 71 фоизи белгиланган лимит доирасидан чиқмаган.
Вазирликка кўра, 22 фоиз истеъмолчи 201 кВт-соатдан 1000 кВтгача истеъмол қилган ва 900 сўмдан ҳақ тўлаган бўлса (жумладан, 201 кВт-соатдан 300 кВтгача бўлган истеъмолчилар салмоғи 11 фоиз), 7 фоиз аҳоли 1001 – 10 000 кВт-соат электр энергияси истеъмол қилиб, 1 350 сўмдан тўловларни амалга оширган.
“Қолаверса, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) бир қанча компенсация турлари тақдим этилмоқда.
Хусусан:
– Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги АТ “Халқ банки” билан биргаликда ноябрь ойида 270 минг сўм бир марталик моддий ёрдам ўтказиб беради;
– электр энергияси учун ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт-соатгача истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
Бунда компенсация тўловлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали тўлаб берилади.
Масалан, электр энергияси учун ойлик истеъмоли 350 кВт-соат бўлган эҳтиёжманд хонадон 200 кВт·соатдан ошган 150 кВт·соатгача 67 минг сўм миқдорда компенсация олади”, – дейилади вазирлик изоҳида.
Энергетика вазирлиги, шу билан бирга электр ҳисоблагичлар аҳолига ортиқча истеъмол ва пул ҳисоблаётганлиги тўғрисида маълумотларларга ҳам тушунтириш берган.
Мавзуга доир: Электр энергияси ва табиий газ учун кимларга компенсация берилиши айтилди
Қайд этилишича, ушбу мурожаатларнинг ҳар бири вазирлик ҳамда тизим ташкилотлари томонидан алоҳида назоратга олиниб, ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда муаллифлар иштирокида ўрганилмоқда.
Ўрганиш жараёнида истеъмолчиларга мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берилиб, техник сабабларга кўра юзага келган хатоликлар аниқланганда тўлиқ бартараф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур базавий меъёрнинг амалиётга татбиқ қилиниши Ҳукуматнинг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарори билан жорий йил 1 майдан бошлаб амалиётга татбиқ қилинган эди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0