297 млн сўмлик қалбаки пулларни 148 млн сўмга сотган шахс ушланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар ва Андижон вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида уй шароитида қалбаки пул тайёрлаш ва уларни муомалага киритиш билан шуғулланган шахс фош этилди.
Маълум қилинишича, Асака туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро 100 ва 200 минг сўмлик қалбаки банкнотлардан иборат, жами 297 млн сўмлик пулларни шартли харидорга 148 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилган.
Натижада қалбаки банкнотларни тайёрлашда фойдаланилган компьютер, “Epson” русумли принтер, А4 ҳажмдаги махсус қоғозларга чоп этилган 50 ва 100 минг сўмлик купюраларнинг ярим тайёр нусхалари ҳамда қоғоз кесиш ускуналари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси томонидан мазкур фуқаро ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.







