Энергетика вазирининг кўнгли нозик эканда…
Айни кунларда интернет сарҳадларида вазир ва иқтисодчи-блогер ўртасидаги қарама-қаршилик бўйича хабар тарқалди. Айтилишича, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг иқтисодчи Отабек Бакиров устидан берган шикояти қайта кўриб чиқилади.
Бакировнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ИИББ аввал жиноят иши қўзғатишни рад этган, аммо 2026 йил 25 мартда шаҳар прокуратураси бу қарорни бекор қилган. Иш ҳозир Яшнобод ИИБга юборилган. Ушбу воқеа Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти 2026 йил учун матбуот эркинлиги индексини эълон қилгани фонида юз берди. Унда Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 147-ўринда қайд этилган ва матбуот эркинлиги бўйича вазият “жуда жиддий” давлатлар қаторида қолмоқда…
Келинг, ҳаммасига батафсил тўхталамиз: Отабек Бакиров мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид долзарб постлари ва мақолалари билан ўқувчига таниш. Ҳаётимизда энергетика соҳасининг ўрни жуда муҳим, шу сабабли унинг фикрлари кўпинча айнан шу соҳага ҳам оид бўлади. Маълум бўлишича, шикоятга Энергетика вазирлиги томонидан яратилган, автомобилларга бензин ва метан қуйиш шохобчаларининг очиқ-ёпиқлиги тўғрисидаги маълумот берувчи Avto24 иловасини танқид қилиб ёзилган постлар сабаб бўлган. Қизиқ томони, вазир жаноблари бир ёки икки марта мурожаат қилмаган, аммо кўпинча ариза жиноят аломатли йўқ деган сабаб рад этилаверган. Бироқ энг сўнгги аризага кўра, Прокуратура қарори билан иш яна тикланган. Бунга экспертлар ниҳоят “обрўсизлантириш аломатлари бор” қабилида хулоса бергани сабаб бўлган. Энди Яшнабод туман ИИБ шу хулосани рўкач қилиб, Бакиров устидан маъмурий иш қўзғаган. Агар блогер МЖТКнинг 202-2-моддаси (шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни (шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида) тарқатиш учун судланса, БҲМнинг 50 баравари (20 млн 600 минг сўм) миқдорида жарима тўлаши мумкин.
Энергетика вазири соҳадаги ўткир муаммоларни лўнда тарзда ёзувчи блогер билан ҳамкорлик қилиш, унинг фикрларини ўрганиш ўрнига, судлашиб, жазолашга уринаётгани жуда тушунарсиз ҳолат саналади. Чунки Отабек Бакиров вазирни сўккани, ишчанлик обрўсига путур етказгани ёки бошқа майда иш қилгани йўқ. Ушбу халқ учун муҳим бўлган (қишда метан газ азоби қандай бўлганини ўзингиз биласиз) илованинг чала-чулпа ишлаганини танқид қилиб чиққан. Халқ тўлаган солиқлардан маош олувчи амалдор эса, худди шу солиқлар эвазига яратилган илова камчиликларини танқид қилган блогерни “тавбасига таянтирмоқчи бўляпти”.
Отабек Бакировга кўра, шикоят, шунингдек Тошкент туманида “режага чиқиш учун” пайдар-пай газ-свет ўчирилишлар билан ҳам боғлиқ. “Қизиғи, мазкур пост ёзилаётган кунда ҳам свет уч марта, қарийб 4 соатга ўчди”, дея истеҳзо билан таъкидлайди блогер.
Тан олиш керак, бизда энергетика соҳаси бўйича катта муаммолар йиғилиб қолган. Бу муаммолар айниқса совуқ тушиши билан бўй кўрсатади. Барчага электр, газ, ёқилғи ва иссиқлик керак, Шу сабабдан энергетика соҳасида ишламоқчи бўлган (хоссатан вазир бўлиб!) одам танқидларга чидамли бўлиши керак эмасми? Уйида чироқ ўчса, газ пасайиб кетса, метанга соатлаб навбатга турган одам энергетика вазирини алқай оладими?
Аслида журналист ва блогерлар, умуман олганда жамоатчилик вакиллари томонидан йирик арбобларни танқид қилиш мутлақо ижобий ва демократик жараён. Журналист Ибрат Сафо масала юзасидан қуйидаги фикрларни келтирди: “Бу суд иши, қандай якун топишидан қатъий назар, ҳукумат томонидан матбуотга қилинаётган босим сифатида тарихда қолади. Сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги қадрланадиган давлатларда бу суд иши ё бекор қилинади ё журналист/блогер фойдасига ҳал бўлади. Масалан, бугун кўп зиддиятларга юз тутаётган АҚШда ҳам Трамп қанча-қанча журналистлар/ОАВни судга бериш билан таҳдид қилган бўлса ҳам, судга берса ҳам, муваффақиятли бўлмаган. Чунки 1960 йилда New York Times v Sullivan суд ишида ажойиб прецедент яратилган — яъни, журналист ўз хабарида “атайин хусумат” (actual malice) билан чиқиш қилмаган бўлса, унинг хато ё ёлғон деб кўриладиган хабари учун ҳам жазоланмайди.
Салливан у ишда давлат амалдори эди. Шундан бери АҚШда журналистни айбдор деб топиш жуда қийин, чунки судлар уларга сўз эркинлигини бўғмаслик учун ҳатто баъзида хато хабар тарқатишга йўл очиб берган. Охирги мисоллардан бирида, собиқ Давлат Котиби Сара Пейлин ҳам New York Times ни судга берганида, “атайин хусумат” борлигини исботлаб беролмай, судда ютқазди. Бу каби ҳолатлар Европада ҳам учрайди”.
Айрим фойдаланувчиларнинг фикрича, “агар Мирзамаҳмудов судда ютадиган бўлса, бу сўз эркинлигига зарба бўлади ва журналистлар яна шоу-бизнес, нари борса АҚШ-Эрон урушини ёратиб юраверишади”. Шундоқ ҳам матбуотимизда ўткир муаммолар кўтариладиган таҳлилий-танқидий мақолалар камайгандек.
Энергетика вазири ҳозирда блогер билан судлашиш эмас, балки ўз имиджи ҳақида жиддий ўйлаб кўриши керак. Чунки жамоатчилик соҳадан норози бўлиб турганда, бундай босим вазирга обрў келтирмайди. Яқинда тармоқда май ойидан электр ва газ тарифлари қимматлашиши ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо вазирлик бу борада лом-лим деганича йўқ. Аҳоли нарх ошишидан хуноб бўлиб турган вақтда эса вазир соҳани танқид қилган блогер билан судга тортиш ҳаракатида юрибди.
Ҳозир кунлар исиб кетган, метан заправкаларда навбат камайган, электр ўчишлари деярли кузатилмайдиган мўтадил вақт. Афтидан, вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика муаммоларининг вақтинча унутилишидан фойдаланиб, Отабек Бакировга нисбатан эски адоватини қўзғаётган бўлса, ажаб эмас. Аммо бу кейсда нафақат вазир, балки давлат, жамият ҳам ютқазади. Холис танқид учун судлашиш нафақат вазир ва унинг фаолияти бўйича салбий қарашни кучайтиради, балки Ўзбекистондаги демократик жараёнлар имиджига ҳам таъсир кўрсатади.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0