Оқсил хавфи борми?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Фермерлар кенгаши фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва чорвадорларга мурожаат қилиб, 18 апрелдан 18 майгача мамлакатда «Чорвачиликда санитария-эпидемиология ва гигиена» ойлиги ўтказилиши бошланганини маълум қилди.
Мурожаатда таъкидланишича, айрим хорижий давлатларда моллар орасида оқсил (яшур) касаллигининг тарқалиш хавфи ортиб бормоқда. Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2025–2026 йилларда 48 та давлатда мазкур касалликнинг янги «SAT» типлари аниқланган. Амалдаги вакциналар эса бу турларга қарши тўлиқ ҳимояни таъминламайди.
Шу муносабат билан ферма ва хўжаликларда ветеринария-санитария қоидаларига қатъий амал қилиш, кириш жойларида дезинфекция воситаларини жорий этиш, бегона шахслар ва транспорт воситаларининг киришини чеклаш тавсия этилмоқда. Шунингдек, ҳайвонларни парваришлашда зоогигиена талабларига риоя қилиш, уларни сифатли озиқа ва тоза сув билан таъминлаш, ҳудудни доимий тозаликда сақлаш ҳамда зарарли ҳашарот ва кемирувчиларга қарши курашиш зарурлиги қайд этилган.
Агар ҳайвонларда касалликка гумон туғилса, уларни зудлик билан бошқалардан ажратиш, ветеринар келгунга қадар алоҳида сақлаш ва ўзбошимчалик билан дори воситаларини қўлламаслик кераклиги уқтирилган. Маълум қилинишича, оқсил касаллигида юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғида ва туёқларда яралар, елинда шикастланишлар каби аломатлар кузатилади.
Бундай ҳолларда дарҳол ветеринарга мурожаат қилиш шарт. Шу билан бирга, биноларни дезинфекция қилиш, ҳайвон маҳсулотларини ҳудуддан ташқарига чиқармаслик ва сутни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик лозим.
Таъкидланишича, ўз вақтида эмлаш касалликнинг олдини олишда энг самарали чора ҳисобланади. Қорамоллар йилда икки марта (баҳор ва куз фаслларида), қўйлар эса йилда бир марта эмланиши керак. Зарур ҳолларда 2,5–3 ойликдан катта барча ҳайвонлар мажбурий эмланади ва эмлашдан кейин 15–21 кун ичида иммунитет шаклланади.
Касаллик аломатлари аниқланган тақдирда (71-202-12-00, ички: 210, 218, 323) телефон рақамлари орқали мутахассисларга мурожаат қилиш мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0