Адабиёт мавзеи ҳақида
Уч ойча бўлиб қолди, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди даъвати билан Озарбайжоннинг Боку, Оқтош, Ганжа шаҳарларида хизмат сафарида бўлиб қайтдик.

Мақсад – ўзбек-озарбайжон адабий-маданий алоқалари илдизларини инкишоф этиш, Алишер Навоий ижодининг бу мамлакатда ўрганилиши ва тарғиб этилиши билан танишиш, адабий-илмий муассасалар билан ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Оқтошда улуғ ўзбек шоири, Озарбайжон фарзанди Мақсуд Шайхзоданинг уй музейида бўлиш ҳамда Ганжадаги Низомий мақбарасини зиёрат қилиб, музейи билан танишиш эди. Озарбайжонда музей кўп, миллат тарихи жуда ардоқланар экан.
Бокуда Низомий номидаги Озарбайжон адабиёти миллий музейи директори Рафаэл Ҳусайнов бизга Навоийнинг шарафли номи бу ўлкада ҳам жуда машҳур эканини айтди ва бунга бир мисол сифатида Озарбайжон халқининг фарзанди, профессор Жавод Ҳайъат номини тилга олди.
Маълумки, Навоий 1499 йилда ўзига замондош шоирларни туркий тилда ҳам асар ёзишга даъват этиш учун «Муҳокаматул луғатайн»ни ёзган. Туркий тилни бошқа тилларга қиёслаб, улардан асло кам эмаслигини исботлаган. Ўзга тилда бериш имкони бўлмаган юзга яқин феъл туркумидаги сўзларни келтириб, улар ифода этадиган ҳолат ва ҳаракатларни баён қилган.
Қарангки, орадан салкам беш юз йил ўтиб, 1982 йилда серқирра ижодкор, юрак жарроҳи Жавод Ҳайъат «Муҳокаматул луғатайн»га назира сифатида «Муқоясатул луғатайн» деган асар ёзган экан. Унда 500 га яқин туркий сўз талқин этилган.
«Муқоясатул луғатайн» – жиддий илмий асар. Бунга унинг озарбайжонча нусхаси билан танишиб, ишонч ҳосил қилдик ва электрон нусхасини қўлга киритдик. Энди тасаввур қилинг: беш юзта бебадал туркий сўзни аниқлаш, ҳар бирининг форсийча таржимасини, ортидан Озарбайжонча маъносини талқин қилиш – катта гап.
Озарбайжон адабиёти музейига бежиз бормабмиз.
Рафаэл Ҳусайнов домланинг ўзи бизни музей биноси, илмий бўлимлар ва экспонат заллари билан бирма-бир таништириб чиқди. Бу музейнинг ёши ҳам биздаги Адабиёт музейи билан тенг, яъни 1939 йилда очилган экан. Иморати – Боку марказидаги бетакрор архитектура намуналаридан бири. Экспозиция залларининг ўзи жами 2500 квадрат метрдан ошиқ. Бу – ҳар бири юз квадратлик 25 та зал дегани.
Филология фанлари докторлари Боқижон Тўхлиев ва Гулбаҳор Ашурова, камина ҳамда жамоат фондининг масъул ходими Комилжон Тўраев Рафаэл муаллимнинг ўзбек-озар адабий алоқалари тарихи ва унга бугунги кунда янгича куч бериш ҳақидаги мулоҳазаларини тинглаб, талай фикрлар билан ўртоқлашдик. У киши филология фанлари доктори, Озарбайжон Миллий Мажлиси спикери ўринбосари, Озарбайжон Фанлар академияси академиги, таниқли жамоат арбоби экан. Ана шундай шахс – Адабиёт музейи директори. Миллий сўз санъатига, унинг тарихига муносабат қай даражада эканини шундан ҳам билиб олаверасиз... Музей бутун бошли бир мавзени тўлиқ эгаллаган.
Бир дунё таассурот ила эртасига Оқтош ва Ганжа шаҳарларига жўнаб кетдик. Уларнинг тафсилоти бошқа бир ўринда баён қилинар.
Алҳосил, бизда ҳам шаҳри Тошканднинг ўртасида, Алишер Навоий номи билан аталувчи энг гавжум кўчадаги шоир ҳайкали жойлашган бўстон ортида уч қаватли, салобатли бир иморат қўр тўкиб туради. Бинонинг йўлак ва заллари деворларига таниқли мусаввирлар ўлмас санъат намуналарини дарж этишган. Нимқоронғу залларида қадим сўз санъатимизнинг руҳи сезилиб туради. Илгари бу майдонда «Шоирлар хиёбони» деган ҳайкаллар галереяси бўлар, Алишер Навоий ҳайкали теграсида Лутфий, Нодира, Муқимий каби талай адибларнинг бюстлари қад ростлаб турарди.
Қирқ йилча аввал бу иморатнинг шарқий бўлагида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қўлёзмалар институти иш бошлаган эди. Ўша кезлар илм-фанни ривожлантириш, Фанлар академияси тармоғини кенгайтириш ҳаракати эпкинида Тил ва адабиёт институти Адабиёт ҳамда Тилшунослик институтларига ажралган, Тилшунослик институти Маҳмуд Кошғарий номи билан аталар экан, деган гаплар юрарди. Қўлёзмалар институти ҳам ўша пайтда очилганди. Аммо, афсуски, «гўёки бир ёниб, яна ўчкан шам» дегандай бўлди – Тил институти билан Адабиёт институти қайта қўшилди, Қўлёзмалар институти эса тарқатилди.
Адабиёт музейи, Худога шукр, бор. Лекин ҳолини сўрасангиз, ташриф буюрувчиларнинг чипталаридан тушадиган маблағ урвоқ ҳам бўлмайди. Чунки бу сизга «Magic сity» эмас. Шунга қарамай, ходимлар чидам билан ишлашар, фондга келиб тушаётган манбаларни каталоглаштиришар, тизимга солишар, янги адабий манбаларни музейга жалб этишар, турдош ташкилотлар билан алоқа ўрнатишга уринишар... иш жуда кўп эди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг кутубхонаси дунёдаги энг йирик қўлёзма хазиналаридан бири бўлгани каби бу музей ҳам экспонатлар ва ҳужжатларга ўта бой. У Навоий кўчасидаги шу уйнинг бир қисмида бир амаллаб «жойлашиб» келди. Чунки бино тепасига «Адабиёт музейи» деб ёзиб қўйилгани билан, унинг марказини Ёш томошабинлар театри эгаллаган, биринчи қавати тўлиғича турли дўкон ва «студия»ларга, «ўқув курслари»га ижарага берилган.
Музейдаги мавжуд хазинани рисоладагидай жойлаштириш, экспонатларни ташриф буюрувчиларга муносиб тарзда намойиш этиш имкони йўқ, жой торлик қилади. Бунинг устига, яқинда бир таъмирлаш корхонаси қоп-қора пластмасса сув иситкич қувурларини ўтказиб, зал ва бўлмаларига хўжалик омборхонаси тусини берди-қўйди.
Шу ҳолатга ҳам музей жамоаси кўниб келаётган эди, аммо яқинда уларга «Кўтар кўчингни!» деган мазмунда топшириқ берилди.
Мен бир вақтлар Миллий кутубхонада ишлаганман. Ўн йил ичида уч жойга кўчганмиз. Ўшанда билдимки, китоблар, суратлар, ҳайкаллар ва шу каби нодир буюмлар қанча кўп кўчирилса, шунча абгор ҳолга тушар, йўқолар, шикаст топар экан. Англадимки, кўргазма учун маҳобатли иморатлар қуриш эмас, энг аввало, унинг ичидаги бойликларни кўз қорачиғидай асраш муҳим экан. Ана шунда боя айтилган «Муқоясатул луғатайн» каби ноёб асарлар сақланиб қолади.
Тўғри, Адабиёт музейининг жойлашган ўрни жуда жозибадор: Тошкент метросининг икки линияси бир-бири билан кесишган чорраҳа ҳудудида қад ростлаган. Ҳозир бунақа жойнинг «ошиғи» кўп: йигирма-ўттиз қаватли тўртта «дом» қуриб ташланса, чакана пул бўладими?
Аммо «Одамларга нима зарурроқ: Шекспирми ёки ботинка?» деган аччиқ кинояни ҳам эшитган чиқарсиз. Ҳар бир халқ илмий-маданий савияси ўсгани сари, Шекспир ҳам жуда зарур эканини англай боради.
Ҳозир музейнинг барча китоб, қўлёзма ва бошқа манбалари, жиҳозлари йиғиштириб боғлаб қўйилган, бир қисми у ер-бу ерга ташилган ҳам. аммо бориб фаолият кўрсатадиган тайинли жойнинг ўзи йўқ.
Йигирма йилча аввал Чорсу бозори ҳудудида узоқдан қараганда этаги қийшиқ кўйлак кийган хотинни эслатадиган аллақандай иморат қуриладиган бўлиб, у ердаги «Турон» кутубхонаси биноси бузиб ташланган эди. Аммо бошқа жой бир-икки йиллаб ажратилмагани сабабли не-не китоблар «жабрланди». Яна ўша ҳол такрорланмаса эди, деган хавотирлар кучайиб бораётир.
Худога шукур, қадимги халқмиз. Минг йил бурун қурилган бебаҳо осори-атиқаларимиз, беш аср аввал тикланган тарихий ёдгорликларимиз кўзга тўтиё. Худди шу каби, юз йил муқаддам қад ростлаган бинолар ҳам тарихимиз ёдгорлиги ўлароқ эъзозланиши, ўткинчи важлар сабабли бузиб ташланмаслиги, зарур бўлса, қайта таъмирланиб, яна жозиба касб этиши даркор. Тошкентдаги 1880-1890 йилларда қурилган Республика болалар кутубхонаси биноси 2020-2023 йилларда тўлиқ реконструкция қилиниб, яна фойдаланишга топширилгани қандоқ яхши бўлди!
Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида қад ростлаган, ғоят оригинал ва бежирим Адабиёт музейи биноси ҳам тубдан таъмирланса, шаҳарга яна кўрк қўшиши шубҳасиз. Музей ва шу каби мозийдан ҳикоя қилувчи муассасалар «хай-тек» услубидаги эмас, аксинча, мумтоз анъаналар руҳига мос иморатларда жойлашгани эстетик жиҳатдан маъқулроқ.
Халқ миллий руҳини энг теран акс эттирадиган бадиий адабиёт эса биргина «Адиблар хиёбони»да эмас, ҳамма жойда тарғиб этилиши керак.
Агар бу мулоҳазаларда жон бор деб топилса, мазкур иморатни ҳам, унинг атрофидаги майдонни ҳам яна аввалгидек музей ихтиёрига ўтказиш, барча ижарачиларга жавоб бериб, «Шоирлар хиёбони»да бўлган ўнлаб бюстларни (ҳозир улар Республика тест маркази ҳовлисида) ўз жойига қайта тиклаш ҳамда яна бошқа кўплаб ёзувчи ва шоирларга ҳам ёдгорликлар ўрнатиш мақсадга мувофиқдир. Бу жойни нафақат «Адабиёт музейи», балки «Адабиёт мавзеи» деб аталишга ҳам арзийдиган осуда, обод ва файзли бир масканга айлантириш лозим. Республика раҳбариятининг адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга қанчалар эътибор қилаётгани бизларни шундай кони савоб ишларни қилишга ундаши керак.
Зеро, инсон қўлига фақат пул эмас, гул ҳам жуда ярашади.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими







