Адлия вазирлигидан болалар учун ноодатий лойиҳа: «Конституцияга саёҳат» энди инглиз тилида!

Конституцияни билиш фақат катталарнинг вазифасими? Болалар мураккаб ҳуқуқий нормаларни қай даражада тушуниши мумкин? Қонунларни ёдлатишдан кўра, уларнинг мазмун-моҳиятини болалар онгига сингдиришнинг осонроқ ва самаралироқ йўли борми? Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган «Конституцияга саёҳат» лойиҳаси ана шу саволларга ўзига хос ечим таклиф қилмоқда. Энг муҳими, ўзбек тилида бошланган мазкур ҳуқуқий-маърифий ташаббус энди инглиз тилида ҳам тақдим этилди.

«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан дастлаб ўзбек тилида яратилган «Конституцияга саёҳат» интерактив китоби ва унинг асосида ишланган 40 қисмли мультфильмлар болаларга Конституция нормалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, давлат органларининг вазифаларини содда, қизиқарли ва тушунарли тилда етказишни мақсад қилган.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда болаларга ҳуқуқий билимлар қуруқ қоидалар ёки мураккаб юридик атамалар орқали эмас, балки қизиқарли воқеалар, саргузаштлар ва севимли қаҳрамонлар воситасида тушунтирилади. Одилбек, Адолатхон ва Мушуквой образлари орқали кичик ёшдаги ўқувчилар Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан танишади.
Аслида, ҳуқуқий саводхонликни шакллантиришда энг катта муаммолардан бири — қонунчилик ҳужжатларидаги мураккаб тушунчаларни болалар ёши ва дунёқарашига мослаштиришдир. Конституция ёки қонун моддаларини шунчаки ўқиб бериш орқали уларнинг мазмунини тўлиқ англатиш осон эмас.
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази мультимедиа бўлими раҳбари Дилфуза Иргашованинг айтишича, лойиҳа муаллифлари айнан шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратган. Ижодий жамоа болаларнинг фикрлаш тарзи, қизиқишлари ва қабул қилиш қобилиятини ўрганиб, материалларни уларнинг тилида ифодалашга ҳаракат қилган.

— Биз болаларча ўйлашга, уларнинг қалбини ҳис қилиб, содда тилда ёзишга ҳаракат қилдик. Материалларни тайёрлаш жараёнида болаларнинг ўзларига ҳам китобни ўқитиб, мультфильмларни кўрсатиб бордик. Қаерда тушунмовчилик бўлса, сценарийларни қайта ишладик. Чунки мақсадимиз уларга шунчаки маълумот бериш эмас, балки тушунтириш эди, — дейди у.Лойиҳани яратишда хорижий тажриба ҳам ўрганилган. Хусусан, Япония таълим тизимида кенг қўлланиладиган комикс жанри услубларидан фойдаланилган. Қаҳрамонлар образи ҳам бежиз танланмаган. Масалан, болаларга мураккаброқ тушунчаларни етказишда Мушуквойнинг саргузаштлари ва воқеалар ривожидан фойдаланилган. Шунингдек, ҳуқуқий нормалар оилавий муносабатлар ва миллий қадриятлар билан боғлаб тушунтирилган, –дейди Дилфуза Иргашева.
Яна бир эътиборли жиҳат — мультфильмларни тайёрлашда сунъий интеллект имкониятларидан ҳам фойдаланилган ва 40 қисмли анимацион маҳсулотни қисқа муддатда тайёрлашда ушбу технология ижодий жамоага катта ёрдам берган. Бироқ бу жараёнда инсон меҳнати, таҳрир ва ижодий ёндашув ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
Лойиҳанинг ўзбек тилидаги илк нашри ва мультфильмлари тақдимотидан кейин болалар, ота-оналар ҳамда педагоглардан ижобий фикрлар келиб тушган. Мактабларда ўтказилган дастлабки синовлар ҳам материалларнинг болалар томонидан яхши қабул қилинаётганини кўрсатган.
Таълим жараёнида боланинг эътиборини жалб қилиш ва уни мустақил ўрганишга ундаш муҳим. Шу маънода, «Конституцияга саёҳат» лойиҳаси анъанавий ўқитиш усулларини интерактив ёндашув билан бойитишга хизмат қилади.
Китоб устида ишлаган ижодкорларнинг фикрига кўра, мактаблардаги апробация жараёнида болаларга китоб ва мультфильмлар тақдим этилганда, улар материалларни мустақил ўзлаштиришга қизиқиш билдирган. Ҳатто 40 дақиқалик дарс давомида ўқитувчи китобни тақдим этиб, мультфильмни намойиш қилса, ўқувчиларнинг ўзиёқ жараёнга фаол киришиши мумкин.
Бу эса ҳуқуқий билимларни фақат дарслик ва маърузалар орқали эмас, балки визуал материаллар, ўйинлар ва мультимедиа воситалари орқали ҳам етказиш имкониятини кўрсатади.
Тақдимотда иштирок этган Таълим ва илм-фан вазири биринчи ўринбосари Ойбек Йўлдошев ҳам мазкур ташаббуснинг таълим тизими учун аҳамиятига тўхталди. Унинг таъкидлашича, ёш авлодда қонунларга ҳурмат, адолат ва масъулият туйғуларини шакллантириш таълим тизимининг муҳим вазифаларидан биридир.
Вазирлик томонидан жорий йил октябрь ойида умумтаълим мактабларида интерактив ҳуқуқий ўйинлардан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган. Ҳудудларда фаолиятни мувофиқлаштириш ва тажриба алмашиш механизмлари ҳам йўлга қўйилган.

Эндиликда асосий вазифа — яратилган материалларни таълим-тарбия жараёнига самарали татбиқ этиш, улардан мактаб амалиётида кенг фойдаланиш.
Тақдимотнинг яна бир муҳим янгилиги — болаларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга мўлжалланган 14 турдаги интерактив ҳуқуқий ўйинларнинг таълим тизимига тақдим этилгани бўлди.
Ушбу ўйинлар турли ёш тоифаларига мўлжалланган. Айримларидан мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари фойдаланиши мумкин бўлса, бошқалари 5–10 ёшли болалар, яна бир қисми 12 ёш ва ундан катта ўқувчилар учун ишлаб чиқилган. Яъни улар боғчадан бошлаб умумтаълим мактабларининг турли синфларини қамраб олади.
Энг муҳими, ўйинлар мазмунида кундалик ҳаётда учрайдиган ҳуқуқий муносабатлар акс этган. Масалан, меҳнат муносабатлари, мулк ва мерос масалалари, ер муносабатлари, таълим олиш ҳамда шифокор маслаҳатидан фойдаланиш каби йўналишлардаги ҳуқуқий нормалар болаларга ўйинлар орқали етказилади.
Қайд этиш жоизки, мазкур ташаббус «Келажак учун» лойиҳалар танловида 1300 дан ортиқ таклиф орасидан энг яхши 10 та лойиҳа қаторига кирган ва давлат раҳбарига тақдим этилган. Кейинчалик Бизнесни ривожлантириш банкининг молиявий кўмаги асосида ҳуқуқий ўйинлар тўплами яратилган.
Тақдимотда ушбу ўйинлар ҳам таълим тизимига беғараз топширилди. Бу эса улардан мактабларда ва бошқа таълим муассасаларида фойдаланиш имконини кенгайтиради.
«Конституцияга саёҳат» лойиҳасининг навбатдаги босқичи унинг инглиз тилидаги нашри ва мультфильмларини тайёрлашдан иборат бўлди. Бу жараёнда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси молиявий кўмак кўрсатди.
Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Андрей Алгермиссен таъкидлаганидек, ташкилот Ўзбекистон билан 30 йилдан ортиқ вақтдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу лойиҳа эса ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш, қонунга ҳурмат ва фуқаролик масъулиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz






