Анталияда ATF 2026 халқаро туризм ярмаркаси иш бошлади

17:11 | 26.10.2026
•
14
Анталияда ATF 2026 халқаро туризм ярмаркаси иш бошлади
Катталаштириш

Туризм соҳасининг бугуни ва келажагига бағишланган ATF 2026 халқаро ярмаркаси Туркиянинг Анталия шаҳрида ўз фаолиятини бошлади. 28 октябрга қадар давом этадиган тадбирда туризм бозоридаги янги тенденциялар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда. Тадбирда Ishonch.uz мухбири ҳам иштирок этмоқда.
Анталиядаги ANFAŞ Expo Center кўргазмалар мажмуасида ташкил этилган ATF 2026 туризм индустрияси вакилларини бир майдонда жамламоқда. 26-28 октябрь кунларига мўлжалланган халқаро тадбир меҳмонхона бизнеси, сайёҳлик агентликлари, туроператорлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси мутахассислари учун тажриба алмашиш ҳамда янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини бермоқда.

photo_2026-10-26_16-14-25.jpg
photo_2026-10-26_16-14-24.jpg

Туризмнинг янги йўналишлари муҳокама марказида
Бу йилги ярмарка дастурида туризм соҳасидаги ўзгаришлар ва бизнеснинг янги шароитларга мослашуви алоҳида ўрин эгаллаган. Жумладан, саёҳат хизматлари бозорида нархлар рақобати, мижозлар талабининг ўзгариши ва сайёҳларга индивидуал хизмат кўрсатиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, туристик хизматларни таклиф этишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, рақамли бронлаш тизимлари, меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва янги сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришга бағишланган сессиялар ҳам ўрин олган.
Рақамлаштириш хизмат кўрсатиш жараёнларини тезлаштириш ва саёҳатларни режалаштиришни осонлаштириш имконини беради. Бироқ малакали кадрлар, сифатли хизмат ва мижозлар билан самарали мулоқот туризм индустриясининг муҳим омиллари бўлиб қолмоқда.

photo_2026-10-26_16-14-27.jpg
photo_2026-10-26_16-14-26.jpg

МДҲ ва Евроосиё бозори истиқболлари
Ярмарка доирасида МДҲ ва Евроосиё сайёҳлик бозорининг келажагига бағишланган алоҳида муҳокама сессияси ҳам режалаштирилган. Унда минтақавий туризмнинг ривожланиш истиқболлари, сайёҳлар оқими ва янги ҳамкорлик имкониятларига эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Меҳмонхоналар, туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик учрашувлари тадбирнинг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Бундай мулоқотлар янги хизматларни таклиф қилиш, ўзаро манфаатли келишувларга эришиш ва халқаро бозорларга чиқиш учун имконият яратади.
Тадбир дастурида туризм соҳасидаги бандлик, келажак касблари, ёшларни соҳага жалб этиш ва сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсири каби масалалар ҳам кўриб чиқилади.

photo_2026-10-26_16-14-30.jpg
photo_2026-10-26_15-45-15.jpg

Халқаро ҳамкорлик учун муҳим майдон
ATF халқаро туризм ярмаркаси Туркиянинг туристик салоҳиятини намойиш этиш билан бирга, турли мамлакатлар вакилларини ўзаро мулоқотга чорлайдиган профессионал платформа сифатида ҳам аҳамиятга эга.

0203.jpg
0101.jpg

Ташкилотчилар маълумотларига кўра, 2025 йилги ярмарка 40 минг квадрат метр майдонда ўтказилган. Унда 43 мингга яқин соҳа мутахассиси ташриф буюрган ва 1000 дан зиёд иштирокчи компания қатнашган. Тадбирнинг халқаро қамрови 109 мамлакатни ташкил этган.

Ушбу кўрсаткичлар Анталиянинг халқаро туризм алоқаларидаги ўрни ва соҳадаги ишбилармонлик учрашувларининг аҳамиятини кўрсатади.

Феруза Раҳимова, Ishonch.uz. Анталиядан.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади