Ҳарбий хизматга чақирилаётганлар энди гиёҳвандлик воситалари бўйича мажбурий текширилади

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ҳамда контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинаётган фуқароларни гиёҳвандлик воситалари бўйича тиббий текширувдан ўтказиш тартиби белгиланди.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур тартибни назарда тутувчи идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат 2026 йил 14 сентябрда 3939-сон билан рўйхатга олинган.
Янги тартибга кўра, тиббий текширув гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ҳолатларини эрта аниқлаш мақсадида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларида ўтказилади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган фуқаролар ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссияга юборилишидан олдин, контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинаётганлар эса ҳарбий-тиббий муассасада тиббий кўрикдан ўтишидан аввал ушбу текширувдан ўтказилади.
Текширув икки босқичда амалга оширилади. Аввало, пешоб намунаси экспресс-тест ёрдамида текширилади. Агар мусбат натижа қайд этилса, пешоб ва (ёки) қон намуналарида масс-спектрометрик идентификация текшируви ўтказилади.
Тиббий текширув натижаси мусбат бўлган ёки зарур биологик намуналарни топширишдан бош тортган фуқаролар ҳарбий-тиббий кўрикдан ўтказилмайди.
Шу билан бирга, текширув жараёнида олинган шахсга оид маълумотлар, биологик намуналар ҳамда текширув натижаларининг махфийлиги таъминланади.







