Айрим таълим муассасалари ходимларига иш стажи учун 120 фоизгача устама белгиланди
Адлия вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги айрим таълим муассасалари ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини рўйхатдан ўтказди.

Ҳужжат 2026 йил 16 ноябрда 3975-сон билан расмийлаштирилган.
Унга мувофиқ, қуйидаги муассасаларнинг бош ҳисобчилари, етакчи ҳисобчилари, ҳисобчилари ва кадрлар бўйича инспекторлари учун тариф разрядлари ҳамда кўп йиллик меҳнат стажига қараб ойлик устамалар белгиланди:
Реабилитация марказига эга кўп тармоқли давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари;
▪️ Кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотлари;
▪️ Экспериментал мактабгача таълим ташкилотлари;
▪️ Ихтисослаштирилган мактаблар;
▪️ Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблар;
▪️ Кўп тармоқли мактаблар ва мактаб-интернатлар;
▪️ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;
▪️ Махсус техникумлар;
▪️ Кўп функционал инклюзив-ресурс марказлари.
Меҳнат стажига қараб лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устама қуйидагича тўланади:
— 1 йилдан 3 йилгача — 30 фоиз;
— 3 йилдан 5 йилгача — 60 фоиз;
— 5 йилдан 10 йилгача — 80 фоиз;
— 10 йилдан 15 йилгача — 100 фоиз;
— 15 йил ва ундан ортиқ — 120 фоиз.







