Қаровсиз итлар: Муаммони тутиш билан ҳал қилиб бўладими?

13:51 | 29.10.2026
•
12
Қаровсиз итлар: Муаммони тутиш билан ҳал қилиб бўладими?
Катталаштириш

Бугун кўчаларда эгасиз итлар кўпайиб бораётгани кўпчиликни хавотирга солмоқда. Айниқса, уларнинг одамларга ташланиши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез кузатиляпти.

Тўғри, қаровсиз итларни тутиш, сақлаш ва даволаш билан шуғулланаётган масъуллар ҳамда кўнгиллилар бор. Аммо кўрилаётган чора-тадбирлар кутилган натижани бермаяпти.

Маълумки, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида 2023 йилда 14 та ҳудудда қаровсиз ҳайвонларни сақлаш питомникларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Бунинг учун ер майдонлари ажратиш ва қурилиш ишларини амалга ошириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклатилган. Биз Тошкент вилоятида бу борада бажарилган ишлар, питомниклар сони, ажратилган маблағ ва мавжуд имкониятлар ҳақида қизиқиб, вилоят ҳокимлиги ­масъули Сарвар Бердиёровга мурожаат қилдик.

– Қаровсиз итларни тутиш, вақтинча сақлаш ва эмлаш ишлари вилоят прокуратураси билан биргаликда кунлик назоратга олинган, – деди суҳбатдошимиз. – Айни пайтда расман фаолият юритаётган 6 та питомникда 13 мингдан ортиқ ит сақланмоқда. Янги питомниклар барпо этиш мақсадида вилоятдаги 22 та туман ва шаҳарнинг 11 та ҳудудидан 13 гектар ер ажратилди. Бу объектлар келгуси йилда бирма-бир фойдаланишга топширилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги «Чирчиқ шаҳрида қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида, «Маърифат» МФЙ ҳудудидаги мавжуд питомник негизида 4 мингта итга мўлжалланган янги питомник қурилиши учун 8 миллиард сўм йўналтирилди. Қурилиш ишлари жорий йил охирига қадар якунланади.

Ҳукумат қарори ижроси юзасидан Чирчиқ шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Музаффар Турсунбоев қуйидагиларни маълум қилди:

– Янги питомникда ветеринария пунктлари, карантин ҳудудлари ва изоляция хоналари барпо этилади. Ободонлаштириш бўлимидаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлими штат бирликлари амалдаги 2 тадан 15 тага оширилади. Лойиҳада стерилизация, кастрация ва крематорий каби комплекс чоралар кўзда тутилган. 2028 йил охиригача пулли хизматларни кўпайтириш орқали питомникни босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш режалаштирилган. Ҳозир бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Мазкур питомник ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмаган бўлса-да, ҳозирнинг ўзида бу ерда кўнгиллилар томонидан вақтинчалик сақлаш жойи ташкил этилган ва 1000 дан зиёд ит парвариш қилинмоқда.

Қаровсиз итларни тутиш ва эмлаш жараёни ҳақида Тошкент вилояти Ветеринария бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳриддин Меҳриддинов билан ҳам суҳбатлашдик.

– Бир кунда 22 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўнлаб, ҳатто юзлаб итлар тутилади. Ҳозир мавжуд питомниклардаги 13 мингдан ортиқ итнинг барчаси қутуришга қарши эмланмоқда ҳамда 500 дан зиёди стерилизация ва кастрация қилинди, – дейди Муҳриддин Меҳриддинов. – Аммо баъзи ҳудудларда кўнгиллилар томонидан ташкил этилган норасмий питомникларда аҳвол нисбатан оғир. Чунки уларда ветеринария хизмати кўрсатиш учун зарур шароитлар мавжуд эмас. Агар жойлардаги ит тутиш бригадалари ёки ветеринария бўлимларига қўшимча штатлар ажратилса ҳамда ветеринарлар жалб этилса, муаммо бироз енгиллашар эди.

Шу ўринда бир савол туғилади: ҳар куни ўнлаб, юзлаб итлар тутилаётган бўлса, нега уларнинг сони камаймаяпти?

Мутахассиснинг таъкидлашича, қаровсиз ҳайвонлар муаммосини фақат уларни тутиш билан ҳал этиб бўлмайди. Бу борада халқаро тажрибани қўллаш зарур. Хусусан, Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (WOAH) стерилизация, эмлаш, идентификация қилиш, ҳайвон эгаларининг масъулиятини ошириш, асраб олишни тарғиб қилиш ва ветеринария назоратини комплекс равишда қўллашни тавсия этади. Масалан, Буюк Британияда қаровсиз итлар маҳаллий ҳокимият томонидан қабул қилиниб, аввало микрочип орқали эгаси аниқланади ва барча маълумотлар расмий реестрга киритилади.Бу каби таж­рибалар бизда ҳозирча ­оммалашмаган бўлса-да, кўнгиллилар фаолияти муаммони бироз енгиллатмоқда. Масалан, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Қибрай, Янгийўл туманларидаги кўнгиллилар томонидан ташкил этилган тelegram гуруҳларда айни пайтда мингдан зиёд аъзо бор.

– Ҳозир Янгийўл тумани ободонлаштириш бўлимига қарашли питомникда 500 дан зиёд ит сақланяпти, – дейди Янгийўл шаҳридаги кўнгиллилар гуруҳи раҳбари Илона Расулова. – Улар парваришланади ва қутуришга қарши эмланади. Ветеринар жалб этилиб, ҳафтасига 3-4 та ит стерилизация ва кастрация қилинади. Бунинг учун битта итга 700 мингдан 1 миллион сўмгача маблағ сарфланади. Хусусан бунинг учун ветеринар чақирилади. Бундан ташқари, уларни боқиш, ҳудудни тозалаш учун ҳам ишчилар ёлланади. тelegram гуруҳимизда ҳомийлик ёрдамлари ва уларнинг нималарга сарфланаётгани, итларнинг ҳолати, жарроҳлик амалиёти ҳақида мунтазам ҳисобот бериб борамиз.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, улар гуруҳ фаолиятини қўллаб-қувватлашни сўраб, Янгийўл тумани ва шаҳри ҳокимликларига мурожаат қилишган. Натижада янги питомник қурилиши учун туман ҳудудидан 1,5 гектар ер ажратилган. Айни пайтда қурилиш ишлари якунланяпти. Янгийўл шаҳар ҳокимлиги томонидан эса, итларни парваришлаш ва жарроҳлик амалиётлари учун маълум миқдорда маблағ ажратиб берилган. Бироқ бу ёрдам балки доимий ва тизимли тус олса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қаровсиз итларни тутиш ва питомникка жойлаштириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

Бугун Тошкент вилоятидаги питомникларда минглаб итлар сақланмоқда. Бироқ уларнинг айримларида шароит ва молиялаштириш масаласи долзарблигича қолмоқда. Чирчиқда 4 мингта итга мўлжалланган янги питомник қурилаётгани муаммони ҳал қилиш чораларидан бири. Лекин у ишга тушгач, кўчалардаги итлар сони ўз-ўзидан камайиб қолмайди. Бунинг учун уларни тутиш билан бир қаторда, ҳисобини юритиш, стерилизация ва кастрация ишларини тизимли йўлга қўйиш ҳамда эгаларининг масъулиятини ошириш зарур. Акс ҳолда, янги питомникларни кўпайтириб, уларни итлар билан тўлдиришда давом этаверамиз.

Холида ЭГАМБЕРДИВА

«ISHONCH»

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади