B2 сертификати бўлмаган 20 мингдан ортиқ педагог яна икки ойдан сўнг ишдан бўшатилиши керак
Бу долзарб муаммога Касаба уюшмалари федерацияси ҳуқуқий ечим изламоқда.
Маълумки, хорижий тил ўқитувчилари фақат миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлган тақдирдагина таълим тизимида фаолият юритиши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилинган.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши эса ана шу В2 сертификатига эга бўлмаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилиниши хавфи остида қолаётган 20 мингдан зиёд педагогнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқда.
Ўқитувчиларга 2026 йил 1 январига қадар сертификат олиш учун қўшимча муҳлат берилиши улар учун катта енгиллик яратди. Бироқ муддатнинг чекланганлиги ва имтиҳон жараёнлари билан боғлиқ айрим омиллар педагоглар орасида яна хавотир уйғотмоқда.
Шунингдек, ўқув йилининг ўртасида ўқитувчилар ишдан бўшатиладиган бўлса, ўқувчилар тақдири нима бўлади, деган савол ҳам жамоатчиликни ўйлантираётган эди.
Мазкур масалага аниқ ечим топиш мақсадида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан Мактабгача ва мактаб таълими, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Адлия вазирликлари вакиллари иштирокида мулоқот ташкил этилди.
Муҳокамалардан сўнг томонлар қисқа фурсат ичида барчани қаноатлантирадиган ҳуқуқий ечим ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Тез орада B2 сертификати масаласи юзасидан мутасаддилар томонидан расмий маълумот ҳам эълон қилинади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0