Пулли йўллар ким учун қуриляпти?
Кейинги йилларда транспорт инфратузилмаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ушбу масала бўйича Президентнинг тегишли қарор ва фармонлари қабул қилинди. Уларда автомагистраль йўлларни янгилаш ва халқаро стандартларга мослаштириш вазифалари белгилаб қўйилди.
Шу жараёнларда илк бор пулли автомагистраллар тизими жорий этилаёгани, айни йўналишда иккита катта лойиҳа режалаштирилаётгани маълум бўлди. Президентимизнинг тегишли қарорига биноан, 2024 йилда Тошкент – Самарқанд, шунингдек, 2026 йилда Тошкент – Андижон йўналишида қурилиши кутилаётган йўллар шулар жумласидан.
Яқинда Қонунчилик палатаси мажлисида «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, Сенатга юборилди. Унда «автомобиль йўлларини режалаштириш» механизмини жорий этиш, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва йўлларнинг атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш, ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилиб, коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти ҳам киритилмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланишини тартибга солиш, қолаверса, ажратилган ва йўлбўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси билан пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари ҳам яратиляпти. Пулли автомобиль йўлларини қуришга фақатгина муқобил бепул ҳаракатланиш йўли мавжуд бўлгандагина рухсат берилиши таклиф этиляпти. Шу билан бирга, пулли автомобиль йўлида ҳаракатланиш учун тўлов миқдори автомобиль йўллари фойдаланувчиларининг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари қаноатлантирилишини ҳисобга олган ҳолда, моддий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлиши лозимлиги назарда тутиляпти.
Лойиҳадаги нормалар йўл сифатини яхшилаш орқали мавжуд автомобиль йўллари тармоғини узоқ вақт соз ҳолда сақлаб туриш, пулли йўллар тармоғини барпо этиш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилиши айтилмоқда.
Автомобиль йўллари қўмитаси юрисконсулти Ҳасан Умаровнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда ташкил этиладиган пулли йўлларда 150 км. соатгача тезликда ҳаракатланишга рухсат берилиши мумкин. Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон пулли йўллари қурилиши ишлари 2026 йилда бошланади ва 5-6 йилда улар фойдаланишга топширилади. Тошкент – Самарқанд йўлининг узунлиги 300 км, тасмалар сони 6 та бўлади. Ишлар 2028 йил охиригача якунланади, сўнгра бошқарув давлат хусусий шериклик асосида хусусий тадбиркорга ўтказилади. Унинг дастлабки қиймати 2,2 миллиард долларни ташкил этади.
Бир қарашда белгиланган вазифалар долзарб, мақсад хайрли. Тегишли қарор ва ҳужжатларда ҳаммаси бадастир. Аммо янги лойиҳа атрофида баъзи тушунмовчилик ва саволлар ҳам бор. Уларга ойдинлик киритилиши лозим.
Янги йўллар қуриладими ёки мавжудлари пулли қилинадими?
Расмий маълумотларга қараганда, ҳозирча икки йўналишдаги сценарий, яъни янги, замонавий тезликда ҳаракатланадиган автомагистраллар қуриш (масалан, Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Андижон), мавжуд йўллардан айримларини реконструкция қилиб, уларга «пулли йўл» мақомини бериш кўзда тутиляпти.
Биринчи вариант иқтисодий жиҳатдан жуда қиммат бўлиши мумкин, лекин шунга яраша тўлиқ янги инфратузилма яратилади. Иккинчи вариант эса арзонроқ, бироқ баҳсли. Чунки йиллар давомида халқнинг солиқлари эвазига қурилган йўлларни пулли қилиш фуқаролар манфаатига батамом зид. Таъбир жоиз бўлса, бу адолатнинг юзига оёқ қўйиш билан баробар.
Очиқланган режалар бўйича асосий магистраллар (Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон) янги йўл сифатида қурилади, лекин лойиҳаларнинг баъзи қисмларида (масалан, Самарқанд атрофида) мавжуд трассалардан ҳам фойдаланиш мумкинлиги айтиляпти. Шу ўринда «Эски йўлни таъмирлаб пулли қилиш – модернизациями ёки халқдан икки карра ҳақ олишми?», деган ҳақли савол туғилиши табиий. Шундай экан, бир ҳақиқатни унутмаслик жоиз: пулли йўл тизими фақат бир шартда, яъни параллел равишда сифатли, бепул йўллар ҳам сақланса, самарали бўлади. Акс ҳолда, халқ навбатдаги мажбурий тўловга дуч келиши тайин гап.
Янги йўллар қишлоқ ерлари ва табиий ҳудудлардан ҳам ўтиши табиий. Бу фермерлар учун ер муаммоси, кўчириш ишлари ва экологик муаммоларни келтириб чиқаришини ҳам унутмаслик даркор. Айрим лойиҳаларда бу омил етарлича ҳисобга олинмагани ҳақида экспертлар (жумладан, транспорт иқтисодчилари) огоҳлантириишмоқда. Айниқса, Тошкент – Андижон йўналишида Қамчик тоғлари орқали ўтадиган магистраль йўл экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан жуда нозик ҳудуд ҳисобланади. Қурилиш вақтида тупроқнинг шўрланиши, сув оқимининг ўзгариши ва бошқа хавф-хатарлар ҳақида лом-мим дейилмайди.
Яна бир масала. Ҳукумат позициясига қараганда, пулли йўллар давлат бюджетига ортиқча юк бўлмасдан, хусусий сармоя ҳисобига қурилади. Амалда эса бу тизимда хавфлар йўқ эмас. Шундай лойиҳаларнинг аксариятида тендерлар очиқ эълон қилинмайди. Бунга амалиётда кўп бор гувоҳ бўляпмиз. Борди-ю, лойиҳа иқтисодий жиҳатдан самара бермаса, йўл оператори кўрган зарар давлатнинг гарданига тушади. Бу яна халққа қўшимча солиқ деганидир.
Бугун аҳолининг аксарият қисми ишга хусусий автомобилда ёки жамоат транспортида қатнайди. Пулли йўлларда тўлов ставкалари юқори бўлса, бу автобус ва такси хизмати нархлари ўсишига, демакки, озиқ-овқат ва хизматлар нархи ҳам ошишига олиб келади. Бундай шароитда давлат пулли йўлларни жорий этиш билан бирга, ижтимоий дифференцияланган тарифлар, масалан, маҳаллий аҳоли ёки хизмат транспорти учун қандайдир чегирмалар ишлаб чиқишига тўғри келади.
Хорижий тажриба: кимдан нимани ўрганиш лозим?
Мутасаддилар бирор янгиликни амалиётга татбиқ этаркан, хорижий тажрибани дастак қилишга ўрганиб қолишган.
Хўп, ушбу йўналишда қайси хорижий тажрибадан нималарни ўзлаштирган маъқул?
Францияда дастлабки пулли йўллар 1960 йилда фойдаланишга топширилган. Барча автомагистраллар хусусий компаниялар томонидан бошқарилса-да, тарифлар чегарасини давлат белгилайди ҳамда йўлларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича назорат ўтказади. Энг муҳими, ҳар бир пулли йўлнинг муқобил варианти, яъни белгиланган стандартларга тўла жавоб берадиган бепул трасса мавжуд. Демак, ҳайдовчи танлаш – тезлик учун тўлов ёки бепул йўлда меъёрий қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга.
Россияда пулли магистраллар 2010 йили синов сифатида жорий этилган бўлиб, Москва – Санкт-Петербург трассасида 1 км. учун ўртача 2-3 рубль тўланаркан. Тўлов пунктлари электрон ҳисобга уланган, тушган маблағнинг 10-15 фоизи йўл таъмирига йўналтирилади.
Қозоғистонда пулли йўллар 2013 йили ишга туширилган бўлиб (Астана –Темиртау), илк босқичда йўлларнинг сифати талаб даражасида эмаслиги учун жамоат норозилиги кучайган, тўлов тизими ҳам ноқулай, яъни чегирма ва қулайлик тизими йўқ эди. Шундан сўнг давлат 20 фоиз чегирма, электрон тўлов ва маҳаллий аҳоли учун имтиёзлар жорий этди. Эндиликда тизим аста-секин самара бермоқда.
Сўнгсўз ўрнида. Тўғри, бизда бу каби ижтимоий механизмлар ҳали янги босқич ва катта синовлар олдида турибди. Шу боис етти ўлчаб, бир кесиш керак. Акс ҳолда, одамлар орасида “Пулли йўллар элита учун қуриляпти”, деган фикр шаклланиши эҳтимолдан холи эмас. Лойиҳалар уч омилга мувофиқ, яъни шаффофлик ва жамоат назорати (тендер натижалари, шартномалар ва тўлов тарифлари очиқ эълон қилиниши шарт), ижтимоий адолат (маҳаллий аҳоли ва ижтимоий заиф гуруҳлар учун чегирма ёки бепул ҳаракат тизими бўлиши керак), экологик ҳисоб-китоблар ва алтернатив йўллар (янги автомагистраль қурилиши ва эски йўллар таъмирланиб, бепул ҳолда сақланиши зарур) каби масалалар инобатга олинса, режа муваффақиятли амалга ошади. Аксинча бўлса, пулли йўллар иқтисодий модернизация рамзидан кўра, янги тўлов ва норозилик манбаига айланиши мумкин.
Хуллас, пулли йўл қурилиши фақат асфальт ва бетон қоришмаси эмас, балки халқ ишончи, адолат ҳисси ва шаффоф бошқарувнинг кўзгуси бўлиши зарур. Чунки, замонавий транспорт тизими фақат пулли йўллар қуриш билан эмас, улар ортидаги иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш билан баҳоланади.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0