Бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олишда қандай янгиликлар бор?
Иш жойидаги хавфсизлик фақатгина меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиш билан чекланмайди.

У ҳар бир ходимнинг саломатлигини асраш, хавф-хатарни олдиндан аниқлаш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган умумий тизимдир. Айниқса, юқори масъулият ва аниқлик талаб этиладиган авиация соҳасида бу масала алоҳида аҳамиятга эга.

Айни шу мақсадда «Янги талаблар – янги маданият: Ўзбекистон авиация соҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик» мавзусида семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш учун масъул вакиллари ҳамда муҳандислари иштирок этди.
Семинарда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 505-сон қарори билан тасдиқланган меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни текшириш, ҳисобга олиш ва уларнинг оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартибидаги янгиликлар атрофлича ёритилди.

Янги тартибга кўра, бахтсиз ҳодисаларни қайд этиш ва текшириш доираси кенгайтирилган. Жумладан, хизмат сафари, иш берувчининг топшириғини бажариш ёки иш берувчи томонидан ташкил этилган транспортда ҳаракатланиш вақтида юз берган ҳодисалар ҳам меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар сифатида баҳоланади.
Шунингдек, бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериш ва уларни расмийлаштириш жараёнида «Хавфсиз меҳнат» электрон тизимидан фойдаланиш, ҳодисаларни текширишнинг янги тизимлари ҳамда жабрланган ходимларга етказилган зарарни қоплаш тартибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида меҳнат хавфсизлиги бўйича масъул мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, ишлаб чиқаришдаги хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда ҳар бир ходимнинг масъулиятини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Семинар якунида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш борасида самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ мутахассислар тақдирланди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz







