Банк иловаларида янги қоидалар кучга кирди
16 ноябрдан банк ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларида рўйхатдан ўтиш, карталарни бириктириш ва пул ўтказиш тартиби ўзгарди.

Марказий банкнинг 3759-1-сонли қарори билан фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган янги талаблар жорий этилди.
Янги тартибга кўра:
- Мобил иловада рўйхатдан ўтишда юзни таниш орқали биометрик идентификация мажбурий.
- Телефон рақами фойдаланувчининг ЖШШИРига мос бўлиши керак. Яқин қариндош номидаги рақамдан қариндошлик тасдиқланганидан кейин фойдаланиш мумкин.
- Яқин қариндошларнинг банк карталарини иловага бириктиришга рухсат берилади.
- Картани иловага бириктиришда биометрик текширув ўрнига OTP-код талаб қилинади.
- Айрим P2P ўтказмаларини SMS-кодсиз амалга ошириш мумкин. Лимитни банк белгилайди, белгиланган миқдордан юқори ўтказмалар эса қўшимча тасдиқланади. Кодсиз ўтказмалардаги фирибгарлик учун банк жавобгар бўлади.
- Янги қурилмадан аккаунтга кирилганда ёки парол тикланганда биометрик текширув ўтказилади, иловадаги карталар вақтинча нофаоллаштирилади. Улар OTP-код орқали қайта фаоллаштирилади.
- Телефонда зарарли дастур аниқланса, банк мижозни SMS ва PUSH-хабар орқали огоҳлантиради.
- Пул ўтказишдан олдин фирибгарлик хавфи ҳақида огоҳлантириш кўрсатилади.
- Карта эгалари ва пул қабул қилувчиларнинг исм-фамилияси илова орқали қисман яширилади.
Янги талаблар банк хизматларининг хавфсизлигини ошириш ва мижозларни молиявий фирибгарликдан ҳимоя қилишга қаратилган.







