Барча мактабларда ҳуқуқий саводхонлик дарслари йўлга қўйилади
Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида 2031 йилга қадар ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган дастур тўлиқ жорий этилади.

Бу Президентнинг 10 ноябрда имзоланган ПФ–242-сон фармонида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2027–2031 йилларда амалга ошириладиган миллий дастурлардан бири ҳуқуқий тарбия ва саводхонликни мактаблардан бошлаб тизимли йўлга қўйишга қаратилган.
2026 йил декабрига қадар 1–11-синф ўқувчилари учун ҳуқуқий саводхонликни ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади. Бунда кичик синф ўқувчиларига бола ҳуқуқлари, ўзаро ҳурмат ва зарур ҳолларда ёрдам сўраш, ўрта синфларда зўравонликдан ҳимояланиш, меҳнат ва истеъмолчилик ҳуқуқлари, юқори синфларда эса мурожаат қилиш ҳуқуқи, шартнома тузиш ва меҳнат муносабатлари ўргатилади.
Шунингдек, ҳуқуқий саводхонлик мавзулари тарбия фанига киритилади. Ўқитувчилар учун Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари иштирокида методик қўлланмалар тайёрланиб, қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади.
Дастур доирасида ўқувчилар учун амалий машғулотлар ҳам ўтказилади. Жумладан, турли вазиятларни таҳлил қилиш, ҳуқуқлари бузилганда қайси идорага ва қандай тартибда мурожаат этишни ўрганиш бўйича машқлар ташкил қилинади.
Белгиланган вазифалар ижросига Таълим ва илм-фан вазирлиги, Адлия вазирлиги, Омбудсман, Болалар омбудсмани, Судьялар олий кенгаши ҳамда Одил судлов академияси масъул этиб белгиланган.
Шу билан бирга, миллий дастурда 2027 йилдан бошлаб олти ёшли болаларни бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов билан тўлиқ қамраб олиш вазифаси ҳам назарда тутилган.






