Бемор болани парваришлаганлик учун «больничный» пули тўланадими?

10:13 | 22.10.2026
•
46
Бемор болани парваришлаганлик учун «больничный» пули тўланадими?
Катталаштириш

Савол: Ассалому алайкум. Яқинда 10 ёшли ўғлимни операция қилдирдим. У билан бирга шифохонада 8 кун бўлдик. Аммо менга фарзандимни парваришлаганлик учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилмади. Шу сабабли иш жойимдан ушбу давр учун тўлов ололмадим. Шифохонадагилар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси 5 ёшгача бўлган болалар учун берилишини айтишди. Бу масалада қаерга мурожаат қилишим мумкин? Бемор болани парваришлаганлик учун «больничный» пули тўланадими?

Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.

«Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 4-боби, 31–39-бандларида оиланинг бемор аъзосини парваришлаганлик учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва маълумотномаларини бериш тартиби белгиланган.

Йўриқноманинг 32-бандига кўра, амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган 14 ёшга тўлмаган бемор болани парваришлаш учун унинг онасига 14 календарь кундан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Бироқ бола стационар даволанишга ётқизилганда тартиб фарқ қилади. Стационарда уч ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун қарашни таъминловчи шахсга даволанишнинг бутун даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Уч ёшдан катта бола стационарга қабул қилинганда эса парваришлаш бўйича аввал берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотномаси бола стационарга қабул қилинган кундан ёпилади.

Шунинг учун 10 ёшли фарзанди билан шифохонада бўлган онага меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериш масаласини боланинг даволаниш шароити ва тиббий ҳужжатлар асосида баҳолаш лозим.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади