Бенуқсон обрўга эга мудиралар корпуси
Уни қанча муддатда шакллантириш мумкин?

2017 йил кузларида болалар боғчалари тизими Халқ таълими вазирлигидан ажратилиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги вазирлик дастлабки ишни барча муассасаларни хатловдан ўтказишдан бошлади.
Бу юмуш тендерда ғолиб бўлган МЧЖ зиммасига юклатилди. Ўз навбатида, у амалдаги қонун-қоидаларни, хат-ҳужжатларни яхши тушунадиган турли соҳа мутахассисларини 10 кунлик хатлов жараёнини ўтказиш учун қонуний шартнома асосида ёллади.
Дўстлар тавсиясига кўра, ўша дамларда меҳнат таътилида юрган камина ҳам 8 кишилик ишчи гуруҳ таркибига қўшилди. Бунга розиликнинг сабабларидан бири хатлов учун бериладиган маблағдан ҳам кўра, боғчалардаги вазият билан яқиндан танишиб, пичоққа илинадиган бирорта таҳлилий мақола тайёрлаш эди.
Бизнинг вазифамиз ўзимиз борган боғчанинг жонли жойлашувини планшетга киритиш, бинонинг ташқи қиёфасидан ётоқхонаси, ошхонасию ҳожатхонасига қадар белгиланган ракурсларда суратга тушириш, шунингдек, сўровномадаги 100 га яқин саволга жавоб тайёрлашдан иборат эди.
Мен ўн кун давомида 80 дан зиёд муассасага кириб чиқдим. Зиммамдаги вазифани адо этиш баробарида мудиралар, тарбиячилар, энагаю ошпазлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг тизим аҳволини яхшилаш ҳақида куюнчаклик билан айтган тавсияларини, дарду ҳасратларини ҳам эшитдим ва ён дафтаримга ёзиб қўйдим.
Мулоқотлар жараёнида сездимки, раҳбарлар орасида узоқ йиллик ҳаётий тажрибага эга, ҳудудда обрўси баланд, билим ва савияси ҳам шунга монанд мутахассислар қатори бу курсида кимларнингдир паноҳида, таниш-билишчилик билан ўтирган, ўзини тутиши, кийинишидан таълим вакилидан кўра, катта саҳнага чиқишга шайланаётган моделчи қизларни эслатадиган етакчилар ҳам анчагина экан. Бошқа йўналишлар бўйича муассасаларни ўрганган сафдошларим ҳам шундай фикрлар билдиришди.
Айниқса, туманларнинг бирида битта уруғдан бўлган олти киши олтита боғчага раҳбарлик қилаётгани барчамизни ҳайрон қолдирди. Қайнона билан келин иккита муассасага етакчилик қилади, шу оилага дахлдор яна бир мудиранинг холаваччаси эса ёндош ҳудуддаги ташкилотни бошқаради...
Ишни якунлагач, умумий хулосамиз шу бўлдики, аксарият муассасалар раҳбарлари ё қизини, ё келинини ёки жиянини бошқа бир ташкилотга мудираликка тайинлашга очиқча интилиши, жуда кўп ҳолатларда бу истак амалга ошиши анъанага айланибди. Ҳозир ҳам вазият шундай.
Бир боғча мудираси ўз фаолияти билан боғлиқ камомад ва бошқа қилмишлари туфайли судланиб, маълум муддатга раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилса, жазо муддати ўталгунга қадар унинг ўрнига қизини мудираликка тайинлаш ҳолатлари ҳам кўзга ташланди. Гўёки давлат муассасаси қиз учун онамеросу, нима бўлса ҳам бошқа бировнинг бошқарувига ўтиб кетмаслиги керак. Қизиғ-а?
Бугун от етиб бормаган жойга гап етиб боради. Бир неча йил боғчага етакчилик қилиб, пенсияга чиқишга оз вақт қолганда ўз ўрнига, агар бунинг имкони бўлмаса, бошқа бир боғчага қизини раҳбар этиб тайинлаш учун таниш-билиш ахтарадиган аксарият мудираларнинг шаблон баҳонаси тайёр. Нима эмиш, «Тизимда шунча йил хизмат қилиб, битта фарзандимни мудираликка тайинлашга ҳақим йўқми?»
Энди ҳақли савол туғилади: зўр бериб, тўрт тарафдан «танка» излаб, раҳбарликка тавсия этилаётган, мудиралик орзусидаги мутахассиснинг салоҳияти шу қадар баланд экан, нега иқтидорини илм-фанда, олий таълимда, бошқа соҳаларда синаб кўрмайди?
Яна бир масала раҳбарларнинг хулқ-атвори билан боғлиқ. Яқинда тажрибали, вилоятда ўзига яраша мавқега эга боғча етакчиси «Бир гуруҳ ахлоқсиз ёш ҳамкасбларимиз дастидан бирор кишига ўзимизни «мудираман» деб таништиришга уяладиган бўлиб қолдик. Айримлар «мудира», деса, енгилтабиат аёлга қарагандай муносабатда бўлишяпти. Ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларни ҳам эшитаётгандирсиз», деб қолди.
Дарвоқе, телеграмдаги жуда кўплаб аноним каналларда асосан даъвоси пуч ёки бир томонлама ёзилган эътирозли чиқишлар, бўҳтон ва иғволардан иборат материаллар эълон қилинади. Ора-сира аниқ далилларга асосланган иддаолар, видеолавҳалар ҳам чиқиб турадики, масала маорифга тааллуқли бўлгани учун ишончлилигини беихтиёр текшириб кўрасиз.
Икки ҳафта аввал тармоққа сиздирилган видеолавҳада 30-35 ёшлар оралиғидаги бир жувон ва бир йигит очиқ бассейн ёқасида қийшанглашиб, аёл шерикларини «Сувга бўктирамиз», дея ножўя хатти-ҳаракатлар қилишяпти. Лавҳани ўн минглаб одамлар кўрибди. Изоҳларнинг бирида бегона эркак билан шакаргуфторликка борган иккала жувон Андижондаги боғча мудиралари экани қайд этилган. Тизимнинг бир неча вакилларига алоқага чиқиб, суриштирдик – маълумотлар рост экан. «Ҳа, энди орамизда шунақа тарбиясиз «тарбиячи»лар ҳам бор-да...» дейишди улар хижолатомуз оҳангда.
Афсуски, бу ягона мисол эмас. Изласангиз, ундан баттар ҳолатлар «ажи-и-и» дея чиқиб келаверади. Майли, ҳамманинг шахсий ҳаёти ўзиники, уни муҳокама қилиш яхши эмас. Аммо масаланинг таълимга боғлиқ жиҳати борлиги учун, хоҳлаймизми-йўқми, мавзу жамоатчиликнинг, хусусан, ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўляпти.
Назаримизда, соҳадаги бугунги ўзгаришлар мудираларнинг шу лавозимга лойиқлигини кўриб чиқишдан бошланиши керак. Очиқ фикрли зиёлилар, жамоатчилик орзуси шуки, мудираликка тайинловга турли соҳалардаги амалдорлар-у «акахон»ларнинг қўли етмайдиган тизим яратилса?! Бу лавозимга тавсия этилаётганлар тегишли малака синовларидан ўтишдан аввал худди судьяликка номзодлардан талаб этиладиган мезонлардан бири – «жамиятда бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши зарур» деган тамойил асосида кўриб чиқилса?! Яна бир шарт: раҳбарликка номзод, албатта, намунали оила бекаси ва камида уч йил тарбиячи сифатида самарали ишлаган бўлса?!
Ишонамизки, янги вазирлик айни жиҳатларни назарда тутувчи механизмларни мукаммал даражада ишлаб чиқади ва «тозалов» жараёнида номуносиблардан воз кечади.
Нурилло НЎЪМОНОВ
«ИШОНЧ»
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Таҳлил




