Боғчаларда болалар заҳарланиши ортидан корхона раҳбарига 3,5 йиллик жазо тайинланди

Фарғона вилоятида боғчаларга тайёр овқат етказиб берган Garden Catering Trade МЧЖ фаолиятида санитария қоидаларини бузиш ва бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди.

10:00 | 30.10.2026
•
24
Боғчаларда болалар заҳарланиши ортидан корхона раҳбарига 3,5 йиллик жазо тайинланди
Катталаштириш

Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судининг 2026 йил 21 сентябрдаги ҳукми билан корхона раҳбари ва яна уч нафар масъул шахсга жазо тайинланди.

Судда корхона директори Шавкат Турдалиев айбига иқрор бўлмади. У минг нафардан ортиқ ходим ишлаган жамоада таомлар санитария ходимлари ва технологлар назоратидан ўтказилиб, 25 та махсус транспортда боғчаларга етказилганини айтди. Бироқ лаборатория таҳлиллари ва бошқа далиллар санитария талаблари бузилганини кўрсатган.

Терговда корхона раҳбарлари сохта ҳисоботлар орқали бюджет маблағларини ўзлаштиргани ҳам аниқланган. Жумладан, боғчаларга қайтарилган 53,4 миллион сўмлик яроқсиз таомлар етказиб берилган деб кўрсатилган. Болалар сони сунъий кўпайтирилиб, амалда харид қилинмаган 1 270 килограмм сариёғ ва 2 447 килограмм гўшт ҳам ҳисоботларга киритилган.

Натижада давлат бюджетига жами 1 миллиард 113 миллион 900 минг сўм зарар етказилган. Бундан ташқари, Қувасой шаҳридаги 21-сонли боғча ошхонасида электр энергиясидан шартномасиз фойдаланилгани учун 105,8 миллион сўм зарар ҳисобланган.

Шавкат Турдалиевга 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Қамоқда сақланган вақти ҳисобга олиниб, ўташ учун 3 йил 9 кун қолдирилди. Корхона технологи Расулжон Алимовга ҳам 3 йил озодликни чеклаш жазоси берилди, қамоқда ўтказган муддати чегирилгач, 2 йил 6 ой 9 кун жазо қолди.

Корхонанинг собиқ директори Иқболжон Бозоров ва бош ҳисобчи Аҳлиддин Сайфитдинов 3 йилдан ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Уларнинг иш ҳақидан 20 фоизи давлат даромадига ўтказилади.
Суд қарори билан депозитдаги маблағлардан 1,11 миллиард сўм давлат бюджетига, 105,8 миллион сўм «Энергосавдо» корхонасига ўтказилади. Ортиқча 1,52 миллиард сўм эса Garden Catering Trade МЧЖга қайтарилади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади