Бокуда муштарак тарихий мерос ва илмий ҳамкорлик муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 26 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида "Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

12:14 | 27.10.2026
•
13
Бокуда муштарак тарихий мерос ва илмий ҳамкорлик муҳокама қилинди
Катталаштириш

Тадбирда икки мамлакатнинг тарихий ва маънавий алоқаларини мустаҳкамлаш, буюк алломалар меросини ўрганиш, илмий-тадқиқот ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Унда икки давлатнинг расмий вакиллари, олимлар, музейлар раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов икки халқнинг муштарак қадриятлари ва тарихий яқинлигини таъкидлаб, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий ва Муҳаммад Фузулий каби алломалар мероси халқларимизни бирлаштирувчи умуминсоний бойлик эканини қайд этди.Шунингдек, олимлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов халқларимизнинг илмий ва маданий алоқалари асрлар давомида ривожланиб келганини қайд этди. У Ибн Сино ва унинг озарбайжонлик шогирди Баҳманёр, Мирзо Улуғбек ва Насириддин Тусийнинг илмий мактаблари, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодий меросини муштарак тарихнинг ёрқин намуналари сифатида келтирди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг ҳамкорлиги тарихий ришталарни бугунги кунда ҳам мустаҳкамлаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби алломалар мероси халқларимизнинг диний-маънавий яқинлигини намоён этишини таъкидлаб, Озарбайжон диний муассасалари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигимизни билдирди.

Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихий меросни ўрганиш ва уни ёш авлодга етказишдаги аҳамиятига тўхталди.

Анжуман доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Келишув қўшма тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ўртасидаги муштараклик ҳам эътироф этилди. Анжуман якунида икки халқнинг миллий мусиқа намуналари ижро этилган концерт дастури намойиш қилинди.

Бокудаги халқаро анжуман Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади