Болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Сенати 2 октябр куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунни кўриб чиқиб, маъқуллади.

14:32 | 02.10.2026
•
14
Болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилмоқда
Катталаштириш

▪️ 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш
14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганлик учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда. Болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги қўлланилмайди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланмоқда.
▪️ Бепул юридик ёрдам ва терговни видеога олиш
Жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга процессуал ҳаракатларнинг илк босқичидан давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатилади. Вояга етмаган жабрланувчиларни сўроқ қилиш видеога олинади. Бола ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштириш махсус тартибда ўтказилади. Агар зўравонлик оила аъзолари ёки яқин қариндошлар томонидан содир этилган бўлса, жараёнда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий бўлади.
▪️ Таълим ходимлари зўравонлик учун ишдан бўшатилиши мумкин
Таълим ва тарбия муассасаси ходими болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилса, меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиниши ва унинг келгусида болалар билан ишлашига чеклов қўйилиши мумкин. Шунингдек, ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, уларнинг асосий эҳтиёжларини қасддан қондирмаслиги, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиши ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаслиги учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда болаларнинг сўровига кўра, уларнинг яшаш манзилига ёзма ёки электрон жавоб хати юбормаслик тартиби ҳам жорий этилмоқда.

🏷️ Теглар:#зўравонлик
МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади