«БОЛАНГ КЎПЛИГИГА МЕН АЙБДОРМАНМИ?..»

фарзанд тарбиясида маънавий бурчимизни ҳам унутмайлик

17:22 | 12.09.2026
19
«БОЛАНГ КЎПЛИГИГА МЕН АЙБДОРМАНМИ?..»
Катталаштириш

– Аслида оилага бир ё икки фарзанд етарли. Бор эътиборингни, меҳрингни ўшанга берасан.

– Қариганингда, ёрдамга муҳтож бўлганингда, ёлғиз қоласан...

– Бу гапингга қўшилмайман, бола 18 ёшга тўлгач, ўз йўлидан кетиши керак. Шуни болаликдан англаган инсон тезроқ улғаяди, мустақил бўлишга интилади. Акс ҳолда, қирқ-элликка кирганда ҳам ота-онасидан ёрдам кутиб ўтиради. Одам ўзи учун ҳам яшаши керак. Ота-она ҳам, бола ҳам.

– Бекор гап, меҳр-оқибат бўлса, ҳаммаси жойида бўлади...

Бу суҳбат анча йиллар илгари Жиззах шаҳрида яшовчи бир танишим билан кечганди. Тўғриси, яқин-яқингача оилада фарзанд кўп бўлиши керак, меҳр-оқибат ҳамма муаммоларни ҳал этади, деган фикрда қатъий эдим. Аммо кейинги пайтларда кузатганим қатор воқеалар бу борадаги қарашларимни ўзгартириб юбормоқда.

Жумладан, вилоят мутасаддиларидан бирининг сайёр қабулига келган аёл 4 фарзандини боқа олмаётганидан шикоят қилаётганига гувоҳ бўлдим. Мулоқот давомида яқинда унинг уйи таъмирлаб берилгани, доимий равишда моддий ёрдам ажратилаётгани, 200 киши меҳнат қилаётган фабрикага ишга жойлаб қўйилган эри маош камлигини баҳона қилиб, уйида ўтиргани аён бўлди.

Раҳбар унга бошқа эҳтиёжмандлар ҳам кўмак олишга ҳақли эканини тушунтиришга уринди. Табиийки, бу гаплар мурожаатчига ёқмади, «Миннат қилмасдан, очиғини айтмайсанми, шунча вақтим кетди...» дея бақира кетди. Кимларнидир қарғай бошлади. Масъул бундай муомалага ўрганиб кетган шекилли, индамади. Аммо суҳбатдоши узоқлашгач, ғазабини пичирлаб чиқариб юборди: «Боланг кўплигига мен айбдормасман, ишлашни хоҳламасанг, туғиб нима қилардинг?».

Тўғриси, ичимда раҳбарнинг фикрига қўшилдим. 4 фарзандни дунёга келтирган одам шунга яраша меҳнат қилиши керак эмасми? Бежиз «Қўлдан берганга қуш тўймайди» дейишмайди. Аёлга ҳам раҳмим келди... Асаблари тамом бўлган, ҳар қандай гапни камситиш ёки мазах сифатида қабул қилиб, жанжал чиқаришга тайёр. Гўёки, унинг муаммоларига ўзидан бошқа ҳамма айбдордек.

Яқинда уч нафар вояга етмаган шахс томонидан «Ласетти» ўғирланди. Улардан бири 17 ёшли Р.Х. назоратсиз юргани учун ўтган йили 4 маротаба вилоят ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Бундан ташқари, амакисининг 2 дона уяли телефонини ўғирлагани учун судланган. Бошқалари 16 ёшли С.С. ҳамда 12 ёшли А.Х. эса ўткир ҳидли елим ҳидлашни одат қилганликлари учун 2025 йил декабрь ойида наркология диспансерига жойлаштирилган.

Эътиборлиси, учовининг ҳам ота-оналари ажрашиб кетишган. Бирининг отаси Россияда, бошқасининг онаси Туркияда. Фикримча, айримлар баъзи масалаларда меъёр ва қаноатни унутиб қўйиб, фарзандларини назорат қила олмай қолишди. Уй-жой, тўйларимиз, уловимиз ҳашаматли бўлмоғи учун тиним билмаётганимиз натижасида жигарбандларимиз учун вақт ажрата олмаяпмиз. Мазкур жиҳат болалар жиноятчилиги ортишига ҳам туртки бўлаётир. Чунончи, жорий йилнинг 8 ойи давомида Жиззах вилоятида вояга етмаганлар ўғрилик, безорилик, оилавий-маиший зўравонлик, номусга тегиш каби 26 та жиноятга қўл уришган.

Ушбу қонунбузарликларни содир этган 31 нафар боладан 3 нафарининг отаси ёки онаси хорижда ишлайди, 3 нафари ажрим ёқасидаги оилалар фарзанди, 1 нафари тўлиқ бўлмаган оилада улғаймоқда, 24 нафарига уйда етарлича эътибор берилмаган. Мазкур жиноятларнинг 80,8 фоизи кечқурун ва тунда содир этилгани ҳам болаларнинг назоратсиз қолдирилганини тасдиқлайди. Яъни, фарзандлар дунёга келгач, ота-оналари уларнинг қорнини тўйдирган, лекин меҳр, тарбия бермаган. Бундай болалар улғайгач, бировга яхшилик қила оладими?

Демоқчи бўлганим, дунёнинг ташвишлари тугамайди. Кеч бўлмасдан болангизнинг бошини силанг, бағрингизга босинг, қалбингиз тўридаги тафтли сўзларни айтинг. Агар бунга ўзингизда куч, вақт, иштиёқ топа олмасангиз, инглиз мақолида айтилганидек, «Болангизни тарбияламанг, улар сизга ўхшайди. Ўзингизни тарбияланг».

Улуғбек МУСТАФОЕВ,

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ муҳим

топшириқлар бўйича инспектори, капитан

🏷️ Теглар:#Фарзанд
МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

380 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади