Бор бойлигини хайрия қилган ва ижарада яшаган миллиардер
Duty-Free савдо тармоғининг асосчиси ва дунёдаги энг йирик хайриячилардан бири Чарльз Финининг вафот этганига уч йил тўлди.

У ҳаёти давомида деярли барча бойлигини эҳтиёжманд кишилар, турли ташкилотлар ва мамлакатларга хайрия қилган. Фини ҳеч қандай шуҳратсиз ўз бойлигини тўлиқ эҳсон қилиш ғояси — “Living While Giving” (“Ҳаётлик чоғидаёқ хайрия қилиш”) концепциясининг асосчисидир. Унинг фидойилигига Билл Гейтс ва Уоррен Баффет ҳам қойил қолишган ва илҳомланишган. Ҳаёти давомида миллиардлаб доллар тўплаган бой нега бу йўлни танлади?
Чарльз Фини 1931 йилда АҚШ тарихида оғриқли из қолдирган “Буюк депрессия” даврида Нью-Джерси штатида туғилган. Унинг оиласи ирланд миллатига мансуб эди: отаси суғурта агенти бўлиб ишлаган, онаси эса Қизил Хоч ташкилотининг ҳамшираси бўлган. Унинг ота-онаси тақводор кишилар эди, бадавлат бўлмасалар ҳам муҳтожларга ёрдам беришга содиқ эдилар. Бўлажак миллиардернинг оиласи ойига 32 долларлик ипотека кредитини тўлашда қийналарди. Фини 1949 йилда католик ўрта мактабини тугатди ва АҚШ ҳаво кучларига қўшилди, Корея уруши пайтида Японияда уч йил хизмат қилди.
Уруш фахрийси сифатида Фини бепул таълим олиш ҳуқуқига эга бўлди. 1952 йилда у Қўшма Штатлардаги энг нуфузли университетлардан бири, машҳур Айви Лигаси аъзоси бўлган Корнелл университетига ўқишга кирди. У ўз оиласида биринчи бўлиб олий маълумот олди ва меҳмонхона бошқаруви йўналишини тамомлади. Корнелл университетида ўтказган вақти унга янги дўстлар ва ўзи учун ишлаш истагини берди. Финининг божсиз бизнесни бошлаш ғояси деярли тасодифан пайдо бўлди. 1956 йилда у АҚШ денгиз флоти аъзоларига ичимликларни божсиз сотиб олишга рухсат берилганини билди. Шундай қилиб, Фини денгиз кемаларига ичимликлар етказиб беришни бошлади. Ҳарбийлардан бошлаб, Фини ва унинг шериклари сайёҳларга ичимликлар сотишни бошладилар ва кейинчалик атир-упалар ҳам қўшилиб, маҳсулот турларини кенгайтирдилар.
1960 йилда бу бизнес бутун дунё бўйлаб аэропортларда фаолият юритадиган божсиз дўконлар тармоғи бўлган Duty Free Shoppers’га айланди. Янги компаниянинг дастлабки фойдаси япон сайёҳларидан келди, улар чегаралар қайта очилгандан сўнг, ўз мамлакатларидагига қараганда аэропорт божсиз дўконларида арзонроқ бўлган сувенирлар, ичимликлар, тамаки, атир ва бошқа маҳсулотларни сотиб олишга шошилишарди. Аста-секин бизнес кенгайиб, нафақат дунё бўйлаб аэропортларда, балки йирик бизнес марказларида ҳам очилиб, юзлаб миллионлаб даромад келтирди. 1980-йилларнинг бошларига келиб, Фини ўзининг 35 миллион долларлик солиқсиз йиллик дивидендларини меҳмонхоналар, ер участкалари, чакана савдо дўконлари ва кийим-кечак компанияларига инвестиция қила бошлади. У шунингдек, технологик стартапларга сармоя киритди ва бойлигини кескин равишда оширди. 1988 йилда Forbes Финини Қўшма Штатлардаги 31-энг бой одам деб баҳолади ва у соф бойлигини 1 миллиард долларга етказди. Бироқ, ҳеч ким ушбу даромаднинг катта қисми ўша пайтга келиб аллақачон йўқ бўлиб кетганини билмас эди.
1982 йилда Фини Бермуд оролларида жойлашган Atlantic Philanthropies хайрия ташкилотига асос солди. 1984 йилда у Duty Free Shoppers компаниясидаги барча 38,75% улушини унга ўтказди. Кейин унинг улуши 500 миллион долларга баҳоланди. Кейинги ўн йилликларда Финининг барча фойдаси жамғарма ҳисобига ўтказилди ва жамғарма бутун дунё бўйлаб турли хайрия ташкилотларига катта миқдорда ёрдам пуллари тақдим этди. У Вьетнамдаги соғлиқни сақлаш муассасаларини, Ирландиядаги Лимерик университети ва Тринити коллежини ва бошқа кўп нарсаларни молиялаштирди. У ҳаёти давомида фақатгина ўзи таҳсил кўрган Корнелл университетига 1 миллиард доллар хайрия қилди. Ирландиянинг олий таълим тизимини оёққа турғазиш учун 1,3 миллиард доллар ажратди. Лимерик университети ва Тринити коллежини замонавий тадқиқот марказига айлантирди. Вьетнамда соғлиқни сақлаш ва қишлоқ жойлардаги касалхоналарни ривожлантириш учун 350 миллион доллар сарфлади. Жанубий Африкада ОИТС (СПИД) га қарши курашиш, соғлиқни сақлаш тизимини тиклаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун юзлаб миллион доллар ажратди. Австралияда тиббий ва биофармацевтик тадқиқотлар учун 300 миллион доллардан ортиқ маблағ берди.
Финининг исми у 2,7 миллиард доллар маблағ билан молиялаштирган бешта қитъадаги минглаб биноларнинг бирортасида ҳам учрамайди. Манбани яшириш учун муассасалар ва шахсларга грантлар касса чеки орқали тўланган. Қабул қилувчиларга пул аноним қолишни истаган саховатли “мижоз”дан келгани айтилган. Унинг шахсини билганлардан эса бу сирни ошкор қилмаслик сўралган.
Миллиардернинг хайриялари 1996 йилгача аноним бўлиб қолди, ўшанда у Duty Free Shoppers'даги улушини LVMH'га 1,63 миллиард долларга сотди. Айнан ўшанда унинг Atlantic Philanthropies жамғармасининг аниқ хайрия инвестициялари маълум бўлди. Бир неча ўн йилликлар ичида Финининг жамғармаси 8 миллиард долларлик грантлар ажратди ва 2020 йилда миллиардер бутун бойлигини хайрия қилганида ёпилди. 2011 йилда у Билл Гейтс ва Уоррен Баффет томонидан ташкил этилган “Giving Pledge”га қўшилди. Фини ҳаёти давомида хайрия қилишни тарафдори бўлиб, пулларининг одамлар ва жамиятга фойда келтиришидан завқланишини айтди. Дабдабали турмуш тарзига қизиқмаган миллиардер турли мамлакатлардаги еттита қасрини, лимузинларини, яхталарини ва самолётларини сотди ва барча пулларини хайрия ишларига эҳсон қилди.
Ҳаётининг сўнгги йилларида Финининг машинаси ҳам йўқ эди, у такси ёки метрода юрарди, Сан-Францискода рафиқаси билан ижарага олинган уч хонали квартирада яшарди, камтарона 15 долларлик соат тақиб юрар эди. Самолётларда ҳам оддий иқтисодий классларда парвоз қиларди.
Замонамизнинг энг бой кишиларидан бўлган Уоррен Баффет Финини ўз “қаҳрамони” деб атаган ва у ҳамма учун ўрнак бўлиши кераклигига ишонишини таъкидлади. Чарльз Фини 2023 йил 9 октябрь куни 92 ёшида Сан-Франциско шаҳридаги ижара хонадонида дунёдан кўз юмди. Унинг ортидан хайрия қилинган миллиардлаб долларлар эвазига амалга оширилган ишлар қолди.
Аброр Зоҳидов







