Бўстонга айланган саҳро ёки хитойлик аёл ҳаётини ўзгартирган 5 минг доллар

Жаҳонда матонатли тақдир эгалари кўплаб топилади. Шулардан бири хитойлик Инь Юйчжень саналади. У мамлакатнинг йирик чўл минтақасига, бунинг устига қашшоқ оилада яшовчи йигитга турмушга чиқди. Аёл фақат оғир шароитга чидабгина қолмади, балки уни меҳнат билан ўзгартиришга киришди. Натижада қум барханлари ўрнида ўрмонлар пайдо бўлди. Аммо бу ишни амалга ошириш осон бўлмади. Дунёнинг бошқа бир чеккасидан бўлган оддий ўқитувчининг беғараз ёрдами аёлга жуда катта кўмак бўлди.
Аввалги мақолаларимизда ҳаётини йўқолиб кетган ўрмонни тиклашга сарфлаган бразилиялик оила ҳақида ёзгандик. Хитойлик аёл булардан ҳам ўзиб кетди. 1985 йилда Инь Юйчжень Маоусу чўлининг чекка ҳудудидаги қашшоқ оилага келин бўлиб тушади. Бу чўл Ички Мўғулистон автоном ҳудудидаги энг йирик биёбонлардан бири эди. Ҳудуд мутлақо яшаш учун ноқулай, тинимсиз қум бўронлари уйларни кўмиб ташлайдиган даҳшатли жой эди. Ёш аёлнинг янги уйи ярми қумга кўмилган ертўла эди — кучли шамол бир кечада эшикни учириб юборарди. Кейин аёл ўзига: “Қум мени бўғиб қўйганидан кўра, дарахт экиб чарчаб ўлганим маъқул”, дея ваъда берди. Шундан сўнг Инь Юйчжень чўлга таслим бўлишни хоҳламай, турмуш ўртоғи билан бирга дарахт экиш, яшиллаштириш орқали қумнинг йўлини тўсишга қарор қилади. Аммо қўл калталиги сабаб ишлар унча юришмас, саҳрога қарши курашиш шароит ва маблағ талаб этарди. Улар йилига атиги 250 доллар атрофида даромад қилиб, топган бор-будларини кўчатларга сарфлашди.
1999 йилда ёш оиланинг ҳаётини ўзгартирган бурилиш юз берди. Хитойда инглиз тилидан дарс берадиган америкалик ўқитувчи Рональд Саколский Инь Юйчженни телевизорда кўриб қолди. У ва эри қарийб 14 йилдан бери чўлда дарахт экиш билан шуғулланишарди. Аёлнинг қатъиятидан таъсирланган Саколский Америка жамғармалари орқали 5000 доллар йиғишга муваффақ бўлди. Бу Инь Юйчженнинг хориждан олган биринчи хайр-эҳсони эди.
Қаҳрамонимиз бу пулдан бир долларни эсдалик сифатида сақлаб қўйди ва қолганини 50 000 дона кўчат сотиб олишга сарфлади. “Мен илгари ҳеч қачон бундай катта миқдордаги пулни кўрмаган эдим. Бу мени ҳайратда қолдирди”, деди Инь. “Бу пулни кўпроқ кўчат сотиб олиш ва дарахт экиш учун ишлатдим. 2000 йилда жаноб Саколский ташриф буюрганида, чўлга экилган кўчатларимизни кўрди. Ўшанда балки у бошлаган ишимизнинг келажагига унча ишонмагандир. Сариқ қум билан қопланган ерни кўриб, у бошини чайқаб: “буни имкони йўқ”, деганди”, дея эслайди аёл.
Аммо Инь Юйчжень ваъда берди: бир неча йил ичида бу ерда ўрмон бўлади!
Маҳаллий ҳокимият кўмагида 2007 йилда Инь Юйчженнинг уйига 8 километрлик асфальтланган йўл қурилди, бу кўчатларни етказиб бериш ва уларни экиш учун боришни анча осонлаштирди. “Уч шимол” лойиҳаси ва маҳаллий субсидиялар туфайли ҳукумат кўчатлар, трактор билан таъминлади. Сўнгги 40 йил ичида унинг уйи атрофидаги қарийб 4700 гектар ер тикланди ва 8 миллиондан ортиқ дарахт экилди. Ҳозирда Маусу чўли минтақасидаги Вушин Ци туманида чўлланишни назорат қилинадиган умумий ер майдони 560 минг гектарга етди ва ўрмон қоплами 32,92 фоизгача ошди.
Агар сиз бу ердаги ўрмон йўлидан юрсангиз, “Ер сайёраси фуқаролари” ёзуви туширилган ёдгорлик тошини кўрасиз. Тошнинг орқа томонида турли мамлакатлар ва минтақалардан келган одамларнинг исмлари ёзилган. Уларнинг ҳар бири бу ўрмонга ўз ҳиссасини қўшган. Инь Юйчженнинг шахсий намунаси туфайли ҳудуддаги 240 дан ортиқ оиланинг ҳар бири 200 гектарлик ер участкаларида ўрмонлар барпо этди. “Мен кўпроқ одамларни умумий уйимиз — Ер сайёрасини яхшироқ жойга айлантириш учун дарахт экишга илҳомлантирмоқчиман”, дейди аёл.
2026 йил май ойида Инь Юйчжень бу ажойиб тарих ҳақида сўзловчи видеони эълон қилди ва Саколскийни интернетда қидиришни бошлади. Видеони кўргач, бир неча кун ичида Саколскийнинг бутун дунё бўйлаб собиқ талабалари унга хат ёзишни бошладилар. Суратлар ва видеоларда Саколский йиллар давомидаги меҳнат натижасини кўрди: бир вақтлар чўл бўлган жойда майда кўчатлардан, 50 000 дан ортиқ терак дарахтларидан иборат улкан ўрмон пайдо бўлганди.
Натижада Рональд Саколский ҳиссётини яшира олмай шундай деди: “Бу дарахтлар мен кўрганда қаламдан ҳам юпқа эди! Энди эса бутун ўрмон бор! Бу ақлни ҳайратга солади; мен буни тасаввур ҳам қила олмасдим. Инь Юйчжень ҳақиқий мўъжиза кўрсатди!”. 2026 йилнинг август ойида узоқ кутилган учрашув юз берди. Саколский Хитойга ташриф буюриб, Инь Юйчжень ва у амалга оширган ишларни ўз кўзи билан кўришга муваффақ бўлди. Уларнинг учрашуви бутун дунёдаги табиат жонкуяларини таъсирлантирди.
Инь Юйчжень чўлланишга қарши курашга 41 йил умрини бағишлади. Бу вақт ичида у 10 миллиондан ортиқ дарахт экди. У бошлаганида, Ички Мўғулистондаги Маусу чўли деярли жонсиз эди. Бугунги кунда унинг майдонининг 85 фоизини кўкаламзорлаштирилган воҳалар эгаллайди.
Хитойлик аёлнинг мардонавор меҳнати фақатгина ўрмон барпо этиб, ўз ҳаётини ўзгартирганида эмас. Дунё бўйлаб чўлланиш (дезертификация) ва ерларнинг деградацияси ҳозирги кунда глобал экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфлардан бирига айланиб бўлди. БМТ маълумотларига кўра, сайёрамизнинг қуруқлик қисмининг 40% дан ортиғи (қуруқ ва чала қуруқ минтақалар) чўлланиш хавфи остида яшайди. Ҳар йили дунёда тахминан 12 миллион гектар унумдор ер чўлга айланади. Бу ҳар дақиқада 23 гектар ҳайдаладиган ернинг йўқолишини англатади. 1,5 миллиарддан ортиқ аҳоли бевосита чўлланиш ва тупроқ сифатининг ёмонлашуви туфайли азият чекмоқда. Глобал миқёсда ерларнинг деградацияси йилига дунё иқтисодиётига триллионлаб доллар зарар келтиради.
Бу маълумотлар Инь Юйчжень каби инсонлар сайёрамиз учун нақадар муҳим эканини англатади.
Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz







