"Бу тарихий шармандалик бўлади" – Туркиялик олим Ўзбекистон расмийларга мурожаат қилди
Андижондаги Бобур ҳайкали ўрнида бизнес маркази қурилиши эътирозларга сабаб бўлмоқда. Туркиялик олим Темур Хўжа ўғли ҳам Ўзбекистон маъмурларига бу борада мурожаат билан чиққан.
Андижондаги Бобур ҳайкали жойлашган майдон ўрнида бизнес маркази қурилиши, ҳайкал эски шаҳар ҳудудига кўчирилиши режа қилиняпти. Ҳокимлик буни кўприк қурилиши сабабли майдон ёпиқ кўринишга келиб қолиши билан изоҳлади. Лойиҳа илмий кенгаш вакиллари ҳамда бобуршунослар билан келишилгани айтилмоқда.
Бу қарор вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган «Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасининг 16-бандида келтирилган.
Telegram’даги иқтисодчи Отабек Бакировнинг "bakiroo" каналида ёзилишича, лойиҳа учун 90 млн доллар миқдорида инвестиция маблағлари киритилиши қайд этилган. "Ўзингизга тасаввур қилишингиз учун бу худди пойтахт қоқ марказидаги Амир Темур ҳайкалини кўчириб, хиёбонда дом қуриш билан баравар қадам бўлади", — деб ёзади иқтисодчи.
1920 йилдаги Бухоро жумҳурияти президенти жадидчи Усмон Хўжанинг ўғли, Файзулла Хўжаевга эса жиян бўлган Темур Хўжа ўғли Ўзбекистон маъмурларига бу борада қуйидагича мурожаат йўллаган:
"Андижондаги Бобур ҳайкали ўрнида ҳам бизнес маркази қуришига йўл қўйманг. 1990 йилда Андижонга илк бор борганимда Бобур ҳайкали бошқа майдонда бўлгани учун ўша ҳайкалнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, совет даврида Бобур ҳайкалини ўрнатиш муҳимлигини таъкидлаган эдим. 2018 йилда яна Андижонга борганимда Бобур ҳайкали бу сафар бошқа майдонга кўчирилган эди. Агар Бобур ҳайкали яна бир бор ўзгартирилса, бу тарихий хато бўлади. Бу тарихда 16 ўринни эгаллаган Бобуршоҳ хотираси учун шармандалик бўлади. 1506 йилда Андижондан Афғонистон ва Ҳиндистонга боришга мажбур бўлган Бобур Афғонистонда ватан соғинчида вафот этади. Ҳозир эса унинг ўз мамлакатида учинчи бор ҳайкали ўрни ўзгартириляпти. Яна бир марта алмаштириш, унинг хотираси катта ҳурматсизлик белгиси! Мен Ўзбекистон ва Андижон маъмурларига: Мирзо Бобур ҳайкалини алмаштирманглар, Андижоннинг бошқа жойида бизнес маркази ташкил этинглар! деб қоламан!ʼʼ, - дея ёзади Темур Хўжа ўғли.
Мафтуна Каримова
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0