Бухоролик тадбиркорлар мурожаатини "Агробанк" жойида ҳал этмоқда
Иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири тижорат банкларининг фақатгина ўз идорасида ўтирмасдан, бевосита маҳаллалар ва хонадонларгача кириб бориши, жойларда аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг реал эҳтиёжларини ўрганиб, молиявий кўмак кўрсатишидир.

Айнан шундай янгича ва самарали мулоқот шакли Бухоро туманида бўлиб ўтди. Туман тадбиркорлари билан ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини тинглаш, уларнинг фаолиятини қўллаб-кувватлаш ва мавжуд муаммоларига тезкор ечим топиш бош мезонга айланди.
Мулоқотда «Агробанк» АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Фарҳод Насриев, Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов, тегишли ташкилотлар масъуллари ҳамда 20 нафар тадбиркор ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишнинг асосий урғуси фаолиятни кенгайтириш, янги ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, ажратилаётган молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига қаратилди.
Очиқ ва суратли мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан билдирилган 12 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян муддат талаб қиладиган масалалар эса қатъий назоратга олиниб, уларни тезкор ҳал этиш бўйича соҳа масъулларига аниқ вазифалар юклатилди.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик йўналишида аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган лойиҳалар диққат марказида бўлди. Жумладан, «Арбоб Ботир», «Арбоб Ҳусан Ғадой», «Эркин Юсуф» ҳамда «Фирдавс» фермер хўжаликлари вакиллари томонидан хориждан наслли чорва молларини олиб келиш ва чорвачилик кластерларини кенгайтириш учун имтиёзли кредит ажратиш масаласи кўтарилди. Ушбу мурожаатлар юзасидан жойида тегишли чоралар белгиланиб, наслли чорва молларини харид қилиш ва янги иш ўринлари яратиш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланадиган бўлди.
Шунингдек, «Азим Рўзи» фермер хўжалигининг замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишга доир ташаббуси ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, уни молиявий жиҳатдан қўллаб-кувватлаш бўйича муайян чора-тадбирлар белгиланди.
Очиқ мулоқот давомида таъкидланганидек, молиявий муассасаларнинг аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита, хонадонбай соҳага кириб бориши маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини жонлантиришнинг энг самарали усулидир. Бухоро туманида бу каби учрашувларнинг мунтазам ўтказилиши муаммоларга тезкор ечим топиш, аҳоли даромад манбаини кенгайтириш ҳамда ҳудудда камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.







