Чангалзор қонуни ёки туғуруқхоналарда суюнчи пуллари қанчадан бўляпти?
Чангалзор қонунларига кўра, фақат кучлиларгина у ерда яшаб қола олади. Ҳаётимизда ёзилмаган баъзи қонунлар борки, чангалзордаги вазиятни ёдга солади.
Туғуруқхонада суюнчи пулини бермагани ё дурустроқ бера олмагани учун шифокорлар томонидан қаровсиз қолдирилган оналар ҳақида эшитганда, ана шундай ёзилмаган қонунлар ҳақида ўйга толади, одам...
Ishonch.uz мухбири оддий бемор қиёфасида туғуруқхонада бўлиб, жамиятнинг ана шундай ёзилмаган, ёввойи қонунларини ўрганди.
Туғуруқхона
Биринчи кун туман туғуруқхоналаридан бирига бемор сифатида кириб бордим. Шифокор ҳузурига кириш важи билан кун бўйи қабулхона ёнида ўтирдим. Кечагина она бўлганларнинг қариндошлари билан суҳбатлашдим:
- Кўпайишган қизингиз бўладими ёки келинингиз?
- Қизим. Шукр, кеча кечқурун эсон-омон боласини қўлига оволди.
- Опам ҳам яқинда фарзандли бўлади. Дояларга суюнчи бериш керак экан. Сиз қанча бердингиз?
- Мен иккита шифокорга 200 мингдан, санитаркага эса 100 мингдан бердим. Айримлари инсофини еган. Қизнинг онаси қани? Қайнонаси қаерда? «Папаша»ни чақиринглар, деб ҳаммадан 900 минг сўмгача суюнчи олишади, дейди суҳбатдошим.
Кузатишимча, бу ерда суюнчи пулларидан ташқари, икки хил вазиятда «олди-берди» бўлади. Дастлаб, туғиш жараёнида ва ундан кейин она ва болага яхши қарашлари учун шифокорнинг чўнтагига пул солинади. Бошқа ҳолатда эса ҳамширалар яхши муомалада меҳрибонлик кўрсатгани, ўз вақтида яхши қарагани учун уларнинг қўлини қуруқ қўймайди. Буни мажбуриятдек ҳис қилишади. Бу иллат олувчининг ҳам берувчининг ҳам қон-қонига шу қадар сингиб кетганки, бу коррупция, қонунга зид экани ҳеч кимнинг хаёлига келмайди...
Нархлар
Туғуруқхоналарда суюнчи пулини ҳам белгиланган нархлари бор экан. Шаҳар ва чеккароқ туманларга қараб, киши бошига 50 минг сўмдан 3 миллионгача. Баъзан ундан ҳам юқори. Шу соҳада ишлайдиган бир ҳамширадан нима учун суюнчи пуллари берилади деб сўраганимда, у қуйидагича жавоб берди:
«Суюнчи бериш азалдан мавжуд бўлган, истаган инсон беради ё бермайди. Чунки ойликлар кам. Тиним билмай ишлаймиз, ҳеч бир ишни жирканмай бажарамиз, аммо оладиган пулимиз 1 миллион 200 минг сўм. Суюнчи пулларини рағбат ҳисоблаймиз, шу сабабли кўнглидан чиқариб беришганини қабул қилаверамиз. Баъзан 100 минг, баъзан 100-200 доллар берадиганлари ҳам бўлади».
Бу «қорабозор»ни йўқ қилиш учун аввало, шу соҳадаги инсонларнинг ойлигини яхшилаш зарур, албатта. Аммо суюнчи тарқатиш сабаби чиндан ойликларнинг камлигига боғлиқмикан ёки бу иллат томири виждонсизликка бориб тақаладими? Негаки, кимдир шунчаки хурсандлигидан пул бериб кетса, яна биров базўр беради. Миш-мишларга қараганда, суюнчи миқдори туман, шаҳар, вилоят марказларига қараб, ошиб бораверар экан. Одатда, чақалоқ хабарини етказган шифокорнинг чўнтагига суюнчиси, дея секин пул солиб қўйилса, кимдир берган пулидан ийманиб, «бўладими» дея шифокорга мўлтирайди. Қўли калталигини оҳиста тушунтирган бўлади.
2-кун. Яна ўша туғуруқхона
Кейинги кун қабулхонада тунда кўзи ёриган бир аёл билан қайнонасининг суҳбати эътиборимни тортди:
“Ойижон, менга бир ёши каттароқ аёл қаради. Бирам меҳрибон экан, яхши қаради, кейин чўнтагига “раҳмат”, деб 50 минг сўм солиб қўйдим. Кеча Миша акани навбатчилиги экан, ўша киши менга доялик қилди. Пул бергандим, олмади. Айтишича, онаси Миша акани туғаётган пайтда шифокорларнинг айби билан вафот этган, бу ҳам етмагандек, отасиз ўсган экан. Шу боис, ҳеч кимдан суюнчи олмас эмиш. Ҳамкасблари уни роса қўли енгил шифокор, деб мақташди. Ҳатто кўпчилик раҳбариятдан «Миша аканинг навбатчилиги қачон», «бизга Миша ака қарасин», деб илтимос қилишаркан”.
Хуллас, туғуруқхонада гувоҳи бўлганларим, у ердаги одамлардан эшитганларим асосан шифокорни неча сўм билан рози қилолганию боласини олиб чиқиш учун битта буқанинг пулини қандай сарфлагани бўлди.
Туғуруқхонадан қайтарканман, фарзандларимизнинг ҳаёти пора (суюнчи) билан бошланаётгани ва бу иллат барҳам топиш ўрнига, ажириқ каби мустаҳкам илдиз отаётганидан қаттиқ ўкиндим...
Диёра РАВШАНОВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0