COP31 саммитида илгари сурилган иқлимий интеграция модели нимани англатади?
Глобал исиш, сув танқислиги ва чўлланиш. Эндиликда бу тушунчалар экологларнинг илмий маърузаларида қолиб кетаётгани йўқ.

Марказий Осиёда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон бу ўзгаришларни ўз ҳаётида, даладаги ҳосилда ва кундалик турмушида ҳис қилмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон Президентининг Анталияда бўлиб ўтган COP31 (Conference of the Parties) иқлим саммитида илгари сурган Марказий Осиё иқлимий ҳамкорлик модели — шунчаки дипломатик таклиф эмас, балки ҳаётий заруратдан туғилган стратегик ечимдир. Хўш, ушбу ташаббуснинг туб моҳияти нимада ва у минтақа мамлакатлари учун қандай амалий эшикларни очади?
Табиат сиёсий чегараларни тан олмайди. Орол денгизидан кўтарилган тузли чанг бўронлари ёки тоғлардаги музликларнинг эриши фақат бир давлатнинг муаммоси эмас. Шу пайтгача минтақа давлатлари экологик хатарларга қарши кўпроқ алоҳида-алоҳида курашиб келди. Бироқ иқлим ўзгариши суръатлари бу ёндашувнинг етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди.
Президентимиз таклиф этган янги модел айнан шу бўшлиқни тўлдиришга қаратилган. У учта таянч нуқтага асосланади:
1. Табиий офатларнинг олдини олиш уларни бартараф этишдан кўра ҳам арзон, ҳам хавфсизроқ. Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида ягона ахборот инфратузилмасини яратиш қўшни давлатларга сув тошқинлари, қурғоқчилик ёки аномал об-ҳаво шароитлари ҳақида бир-бирини олдиндан огоҳлантириш имконини беради. Бу эса қишлоқ хўжалигидан тортиб, энергетика тизимигача бўлган соҳаларда катта йўқотишларнинг олдини олади.
2. Минтақамизда ерларнинг деградацияга учраши ва қум бўронлари энг оғриқли масалалардан бири. Ушбу муаммоларга қарши курашишда Central Asia ECO-EXPO кўргазмасини доимий инвестиция ва технологик платформага айлантириш таклифи жуда ўринли. Бу орқали дунёнинг энг илғор “яшил” технологиялари тўғридан-тўғри Марказий Осиё шароитига мослаштирилади ва амалиётга татбиқ этилади.
3. Экологик лойиҳалар улкан маблағ талаб қилади. Ривожланаётган мамлакатлар учун эса халқаро грантлар ва имтиёзли кредитларни жалб қилиш доим ҳам осон кечмайди. Минтақавий интеграция модели халқаро тараққиёт банклари олдида беш давлатнинг бир ёқадан бош чиқариб, йирик ва комплекс лойиҳалар билан чиқишига замин яратади.
Ташаббуснинг амалий аҳамияти саммит доирасидаёқ ўз тасдиғини топа бошлади. Хусусан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда иқлимга чидамли ландшафтларни ривожлантиришга қаратилган 264,4 миллион евролик CLiCA (Climate-Resilient Landscapes in Central Asia ) дастурининг ишга туширилиши бунинг яққол исботидир. Бундан ташқари, Оролбўйи жамғармаси доирасида 3,3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалари минтақанинг экологик қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия улушини ошириш ва ҳатто сунъий музликлар яратиш каби инновацион ғоялар эндиликда фантастика эмас, балки яқин йиллардаги асосий иш режасига айланмоқда.
Ҳар қандай йирик дастур ёки миллиардлаб долларлик лойиҳалар агар жамиятнинг ўзи бунга тайёр бўлмаса, кутилган натижани бермайди. Шу боис ҳам 2050йилга бориб аҳолининг тўртдан уч қисмини тизимли экологик билимга эга қилиш мақсади — энг узоқни кўзлаб ташланган қадамдир. Мактаб ва олийгоҳларда экологик таълимни кучайтириш келажак авлодда табиатга нисбатан истеъмолчилик эмас, балки масъулиятли муносабатни шакллантиради.
Хулоса қилиб айтганда, COP31 минбаридан туриб айтилган бу ғоялар Марказий Осиёни халқаро майдонда шунчаки иқлим ўзгаришидан жабр кўрувчи ҳудуд сифатида эмас, балки ўз муаммоларига ўзи ечим топа оладиган, ҳамжиҳат ва ташаббускор минтақа сифатида намоён этмоқда.
Олланазар Худоёров







