Дағдағага йўғрилган «трагикомедия»
Газетага мақола тайёрлаш мақсадида маълумот олиш учун бир ташкилотга бордим. Қарангки, бошлиқ илгари йиғилишларда ўзим бир неча бор учратган йигит бўлиб чиқди. Танишлиги боис ишим тез битишини ўйлаб, қувониб кетдим. Аммо чучварани хом санаган эканман, хонасига кирганимдан сўнг икки кўринишли саҳна асарини томоша қилишимга тўғри келди.
Қисқаси, раҳбар ҳузурига ҳужжат кўтариб кирган ходимнинг ишида камчилик топиб, уни киноя ва кесатиқлар билан эзғилай бошлади, кейин қоғозларни йиртиб ташлади. Назаримда, концерт мен учун қўйилаётганди, бунақа пайтларда «Ўзингникини ур, бошқалар қўрқсин», дейилармиди? Балки қай даражага етганини, курсиси қанчалар баланд эканини кўрсатиб қўймоқчи бўлгандир.
У ходимга топшириқни қайтадан бера бошлади. Бу жараёнда бошлиқ нима хоҳлаётганини тузук-қуруқ тушунтириб бера олмаётганини сездим. Бунга билимсизлиги сабаб бўлаётирми ёки ходимини хўрлаб, руҳиятидаги нуқсонни намоён этаётганмиди, буни ҳам англамадим.
Ходим чиқиб кетгач, мен ўзимни қизиқтирган маълумотларни ола бошладим. Ишим тугалланиши арафасида ҳужжатдаги камчиликларни тўғрилаган ходим яна кириб келди. Натижада дағдағага йўғрилган «трагикомедия» нинг давомидан баҳраманд бўлдим, 10 дақиқалик ишим ярим соатга чўзилди.
Сезишимча, муассаса бошлиғи тажрибасиз. Аксинча бўлганида, ходим билан менсиз гаплашиб олган бўларди. Қолаверса, қўполлик кишини безамайди, бездиради. Томошанинг натижаси ҳам у кутгандек чиқмади. Хусусан, раҳбарнинг билими ҳаминқадарлиги сезилиб қолди.
Маълумотлар билан боғлиқ ишимни тугатиб, жамоа фаолиятини суратга ола бошладим. Мазкур жараёнда ҳозиргина ғазаб тўлқинлари остида қолган йигитга кўзим тушди. У синиқ жилмайиш билан мени кузатиб турарди. Унга секингина гап қотдим:
– Асабингиз мустаҳкам экан.
– Ўрганиб қолганмиз…
– Қўлингиздан иш келадиганга ўхшайди, кетмайсизми, ташкилот кўп-ку?
– Ишимни ёқтираман-да, билсангиз, бошқаларга ҳам осон бўлаётгани йўқ, бу гўрсўхтанинг кетишини кутаётган ёлғиз мен эмасман. Муаммо унинг мутахассис эмаслигида...
Қизиқ, бўшашини интиқиб кутаётганлар орасида бошлиқ ўзини қандай ҳис қилаётган экан. Мухбирлик тажрибам, шунингдек, ўзим бирга ишлаган талайгина раҳбарларни кузатиш асносида соҳасининг устаси бўлган етакчилар жамоани, эркин фикрни ҳурмат қилишини англаганман. Табиийки, бундай жойда самарадорлик юқори бўлади. Аксинча, атрофидаги ёки ташқаридаги «ақлли»лар таъсирига тушиб қолиб, жамоада бўлар-бўлмас тажрибалар ўтказган, лаёқатсизлигини ғазаб ва жиддийлик билан ниқоблаган билимсиз амалдорларни ҳам кўрганман. Ўз-ўзидан маълумки, бунақа ботқоқда мустақил фикрлайдиганлар қабул қилинмайди, эгилувчан «Урганингиз ун оши, сўкканингиз сўк оши» қабилида иш тутувчилар гуллаб-яшнайди.
Тўғриси, бу идора ҳавосини ўнлаб кондиционерлар мўътадиллаштириб турса-да, нафасим сиқилди. Ҳайбатли бинодан узоқлашар эканман, аҳли жамоага сабр-тоқат тиладим.
Алижон АБДУСАТТОРОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0