Давлат боғчаси таъмирга ёпилса, ходимга маош тўланадими?

Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради:
— Агар давлат мактабгача таълим муассасаси давлат дастури асосида таъмирлаш учун вақтинча ёпилса, бу ҳолатда ходимнинг айби бўлмаса, бекор туриб қолиш вақти учун ҳақ тўлаш масаласи таъмирлашнинг сабабига қараб ҳал этилади.
Меҳнат кодексининг 266-моддасига кўра, агар бекор туриб қолиш иш берувчига ҳам, ходимга ҳам боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келган бўлса, ходимга бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда тариф ставкаси (маоши)нинг камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.
Шунинг учун муассаса давлат дастури асосида режали таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ёпилган бўлса, мазкур ҳолат, бизнингча, иш берувчи ёки ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш сифатида баҳоланиши мумкин. Бунда ходимга камида маошининг ⅔ қисми тўланиши лозим.
Бироқ таъмирлашнинг аниқ сабаби ва иш берувчининг буйруғида қандай расмийлаштирилгани муҳим. Масалан, таъмирлаш иш берувчининг ўз вақтида чора кўрмагани ёки айби туфайли иш вақтида юзага келган бўлса, бекор туриб қолиш иш берувчининг айби билан деб топилиши ва ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиши мумкин.







