Дунё гиганти, “сунъий интеллект инқилобининг двигатели”: Nvidia қандай компания?
Шу кунларда дунё янгиликларида АҚШнинг Nvidia компанияси раҳбари истеъфо бергани аоссий мавзуга айланди. Бунинг сабаби компания дунёдаги энг бой ва йирик ташкилотлардан саналади. Унинг капитализацияси унча-мунча йирик давлатнинг ЯИМсидан йирикроқ (масалан Россия, Канада, Италия шулар жумласидан). Nvidia ҳатто бир муддат жаҳоннинг энг қиммат компанияси деган рутбага ҳам эришган эди. “Cунъий интеллект инқилобининг двигатели” дея ном олган, чиплар ва процессорлар бозорида яккаҳокимга айланган Nvidia қандай компания ўзи?

Кўпчиликни компаниянинг номи қизиқтириши табиий. Манбаларга кўра, ном лотинча invidia, яъни “ҳасад” (“бошқа рақобатчилар бизга ҳасад билан қарасин” деган талқин ҳам мавжуд) сўзидан келиб чиққан. Дастлаб уни NV (Next Version) деб номлашган. Кейин эса Nvidia`га ўзгартиришган. Компаниянинг энг асосий фигуралари Женсен Хуанг, Крис Малаховски ва Кёртис Прим саналади. Яъни у якка бошқарув ва битта хўжайинга эга эмас.
Женсен Хуанг можарогача асосий директор ва бошлиқ эди. У 1960 йилда Тайванда туғилган. Олти ёшида у оиласи билан Таиландга кўчиб ўтди, аммо қўшни ҳудудда авж олаётган Вьетнам уруши у ерда ҳам тартибсизликларга олиб келди, шунинг учун Қўшма Штатларга кўчиб кетишди. АҚШга келганида тўққиз ёшда бўлган Хуанг кейинчалик америкалик тенгдошлари билан мослашиш қийин бўлганини эслайди. Бироқ, ўрта мактабни тугатгандан сўнг, у аввал Орегон штати университетини электротехника бўйича бакалавр даражаси билан, кейин эса Стэнфорд университетини шу соҳада магистр даражаси билан тугатди.
1984 йилда Хуангнинг биринчи иши Advanced Micro Devices (AMD) компаниясида микропроцессорларни ишлаб чиқиш ва лойиҳалаш эди. 1985 йилда бўлажак миллиардер мобил тармоқлар, маълумотлар марказлари ва профессионал ҳисоблаш тезлигини ошириш учун яримўтказгичлар ва дастурий таъминот ишлаб чиқарадиган LSI Logic компаниясига ўтди. Икки йил олдин, 1983 йилда LSI Logic ўша пайтда тарихдаги энг йирик IPOни ўтказиб, 153 миллион доллар йиғиб, рекорд ўрнатганди. Хуанг у ерда 1993 йилгача муҳандислик, маркетинг ва ҳатто компаниянинг умумий бошқарув жамоасида турли лавозимларда ишлаган. У ўша йили Sony компанияси PlayStation процессори учун LSI`ни танлаганида компанияни тарк этди.
1993 йилда Женсен Хуанг, собиқ Sun Microsystems муҳандислари Крис Малаховски ва Кёртис Прим билан биргаликда, 40 000 долларлик бошланғич капитал билан Nvidia компаниясини ташкил этди. Улар бизнес бўйича умумий қарашларга эга эдилар. Учаласи ҳам кейинги замонавий тенденция тезлаштирилган, графикага йўналтирилган дастурлар бўлишига ишонишган. Улар бу хулосага консолларнинг тобора ортиб бораётган муваффақияти туфайли келишган. Уларнинг фикрича, ўйин консоллари бозордаги энг илғор ва мураккаб компьютерларни ифодалаган. 1995 йилда Nvidia ўзининг биринчи маҳсулоти — Sega Dreamcast ўйин консоли учун 2D/3D график қўллаб-қувватловчи NV1 мультимедиа картасини чиқарди. Кейинги йилларда компания график ишлов бериш қурилмалари (GPU) соҳасида кашшофга айланди ва анъанавий процессорларда мавжуд бўлмаган кўп ядроли ва параллел ҳисоблаш технологияларини таклиф қилди.
1997 йилга келиб, Nvidia RIVA график тезлатгичлар сериясини чиқариш билан компьютер ўйинлари саноатида ўзини аллақачон намоён қилган эди.
1999 йилда компания бозорни ўзгартирган график процессор GeForce 256 ни тақдим этди. 3D графикаларни юқори тезликда қайта ишлашга қодир GeForce 256, шубҳасиз, дунё кўрган энг кучли график процессор эди. Nvidia охир-оқибат Microsoft билан Xbox учун график ускуналарни ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолади.
Nvidia 1999 йилда акциялари донаси 19,69 доллардан сотилган ҳолда оммавий сотувларга чиқди. 2023 йил 24 май ҳолатига кўра, Nvidia акциялари энди 300 долларга баҳоланди. Хуанг компания акцияларининг 3,6 фоизига эгалик қилади ва 33 йилдан ортиқ вақт давомида унинг бош директори бўлиб ишлади. Йиллар давомида Nvidia компьютер ўйинлари чипларини ишлаб чиқаришда ҳукмрон кучга айланди, маълумотлар марказлари ва автомобиллар учун чиплар ишлаб чиқаради. Унинг технологиялари турли соҳаларда қўлланилади ва уларнинг қўлланилиши ҳар йили кенгайиб бормоқда.
Сунъий интеллект инвестицияларига бўлган талабнинг ортиши Nvidia акцияларини S&P 500 индексида энг яхши кўрсаткичга эга акцияга айлантирди. Bloomberg Billionaires Index маълумотларига кўра, Хуангнинг соф бойлиги 2023 йилда 98 фоизга ўсди, бу эса уни Америка ва глобал технология миллиардерлари орасида энг даромадлига айлантирди.
Компания ташкил этилишида муҳим рол ўйнаган яна бир шахс Крис Малаховскидир. У 1959 йилда АҚШда туғилган. Флорида университетида электротехника бўйича бакалавр, Санта-Клара университетида эса магистр даражасини олган. Nvidia'дан аввал Hewlett-Packard (HP) ва Sun Microsystems компанияларида интеграл схемалар ва графика архитектураси бўйича етакчи муҳандис сифатида фаолият юритган. У компаниянинг техник ва муҳандислик пойдеворини қурган асосий шахсдир. Узоқ йиллар давомида муҳандислик ва операциялар бўйича вице-президент сифатида чипларни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини бошқарган. Ҳозирда ҳам компанияда фаол ишлайди ва илмий-тадқиқот йўналишларига раҳбарлик қилади.
Кёртис Прим эса Ренсселер политехника институтини (RPI) тамомлаган. У IBM шахсий компьютерлари учун биринчи график процессорлардан бирини яратган муҳандис сифатида танилган. Кейинчалик Sun Microsystems компаниясида Крис Малаховски билан бирга ишлаган. Прим компаниянинг дастлабки йилларида (1993–2003) Бош технология директори (CTO) бўлиб ишлаган ва Nvidia'нинг илк график чиплари архитектурасини яратишда бош-қош бўлган. У 2003 йилда компаниядан нафақага чиққан ва кўп ўтмай ўзининг Nvidia'даги акцияларини сотиб, маблағларининг катта қисмини хайрия ишларига (хусусан, ўзи ўқиган Ренсселер политехника институтига юзлаб миллион доллар) сарфлаган.
Nvidia компанияси тараққиётида АҚШ ва Хитой муносабатлари муҳим ўрни эгаллайди. 2022 йил сентябрь ойида АҚШ ҳукумати Nvidiaга Хитойга юқори технологияли маҳсулотлар сотишни тақиқлади, бу эса компаниянинг ушбу мамлакатдаги савдо ҳажмининг 20 фоизга пасайишига олиб келди. Bloomberg таъкидлаганидек, пандемия даврида Nvidia компаниясининг иккита энг йирик бозори Хитой ва Тайвань бўлиб, улар 2022 йилда компания даромадининг ярмидан кўпини ташкил этган.
Шунга қарамай, компания жадал ривожланишда давом этди. 2026 йилга келиб, компания ўз молиявий қудратининг чўққисига чиқди. Nvidia'нинг бозор капитализацияси 3–3,5 триллион доллар атрофида мустаҳкам ўрнашиб, Apple ва Microsoft билан дунёнинг энг қиммат компанияси мақоми учун курашаётган эди. Сунъий интеллект чипларига (H100, H200 ва янги авлод Blackwell архитектурасига) бўлган чексиз талаб туфайли компаниянинг йиллик тушуми 100 миллиард долларлик маррадан ошиб кетган, соф фойда маржаси эса технология тарихида мисли кўрилмаган даражага (50 фоиздан юқори) етган эди. Акцияларнинг узлуксиз ўсиши ортидан Хуангнинг шахсий бойлиги 110–120 миллиард доллардан ошиб, у дунёнинг энг бой инсонлари қаторига кирган эди. Компания раҳбарияти одатда сиёсий можаролардан ва партиявий баҳслардан қочишга ҳаракат қиладиган бизнес етакчи ҳисобланади. Бироқ, Трамп маъмурияти даврида яримўтказгичлар саноати миллий хавфсизликнинг энг муҳим стратегик тармоғига айлангани учун, компания Оқ уй ва Конгресс билан яқиндан ишлашга мажбур бўлди.
2026 йил 12 ноябрда Женсен Хуанг бош директор лавозимидан истеъфога чиққани эълон қилинди. Bloomberg хабарига кўра, Nvidia директорлар кенгаши Хуангнинг потенциал ворисини топиш учун бор имкониятини ишга солган. Колетт Кресс эса вақтинчалик бош директор этиб тайинланди. У илгари Nvidia ижрочи вице-президенти ва бош молиявий директори лавозимларида ишлаган. Бироқ Кресс компаниянинг доимий директори бўлиб қолиши қийин масала саналади. Сўнгги хабарларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп Apple собиқ раҳбари Тим Кукни “Nvidia директорлигига муносиб номзод” дея атаган. Бироқ ҳозирда Тим Кук ёки бошқалар бу мавзуга муносабат билдирганича йўқ.
Хуанг можароси ортидан компания катта иқтисодий йўқотишларга учради ва қарийб 600 млрд доллардан айрилди. Лекин унинг инқирози ҳақида ҳукм ўқишга ҳали эрта. Чунки Nvidia жаҳон бозорида мустаҳкам ўринга эга. Масалан, компания ўз рақобатчилари бўлган Intel ёки AMD`дан анча олдинда. Дунё бўйлаб 4 миллиондан ортиқ дастурчи айнан Nvidia’нинг CUDA платформасида ишлайди. Бошқа чипга ўтиш компаниялар учун бутун дастурий кодни қайта ёзишни талаб қилади, бу эса жуда қиммат ва узоқ жараён. Энди нафақат хусусий компаниялар, балки бутун бошли давлатлар (Япония, Франция, БАА, Ҳиндистон, Саудия Арабистони) ўзларининг миллий тиллари ва маълумотларига асосланган сунъий интеллект марказларини қурмоқда. Бу Nvidia учун янги ва барқарор бозор яратди.
Аброр Зоҳидов






