Дунёда дарёлар оқими 35 йиллик минимумга яқинлашди

2025 йилда дунё дарёларидаги сув оқими сўнгги 35 йилдаги энг паст кўрсаткичлардан бирига тушди. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) маълум қилди.
Қайд этилишича, дунё дарё ҳавзаларининг 36 фоизидан ортиғида сув оқими меъёрдан паст бўлган. Сув захиралари 2014–2016 йиллардан бери изчил камайиб бормоқда. Айниқса, Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Европа ва Американинг айрим ҳудудларида сув танқислиги кузатилган.
Шу билан бирга, музликлар ҳам кетма-кет тўртинчи йил ўз массасини йўқотган. 2025 йилда улар жами 408 ±132 гигатонна муздан айрилган. Кавказ, Марказий Европа ва айрим бошқа тоғли ҳудудларда музликларнинг эришидан дарёларга келадиган сув ҳажми энг юқори нуқтага етган бўлиши мумкин. Бу эса келгусида дарёлардаги сув миқдори яна камайиши хавфини оширади.
Сўнгги беш йилда сув билан боғлиқ экстремал ҳодисаларнинг камида ярми Осиё ва Африка ҳиссасига тўғри келган. Ушбу ҳодисалар оқибатидаги ўлимларнинг 80 фоиздан ортиғи ҳам шу қитъаларда қайд этилган.







